Линклар

Ўзбекистонлик қочқин маҳбуснинг тақдири номаълум

  • Гулнора Равшан

Ҳамидулло Йўлдошевнинг тирик ёки тирик эмаслиги шу кунгача номаълум.

Ҳамидулло Йўлдошевнинг тирик ёки тирик эмаслиги шу кунгача номаълум.

2010 йилнинг августида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасидан қочган Ўзбекистон фуқаросининг тақдири номаълум қолмоқда.

Ўзбекистоннинг Сурхандарё вилоятидан бўлган 23 ёшли Ҳамидулло Йўлдошев, “Азия плюс” ахборот агентлиги манбасининг маълум қилишича, ҳозиргача озодликда қолмоқда.

Бироқ Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати масъули Ҳумайро Мировадаги маълумотларга кўра, Ҳамидулло Йўлдошев ўтган йил февралида Рашт амалиётлари чоғида йўқ қилинган.

- Раштдаги амалиётларнинг бирида ҳукумат кучларига қуролли қаршилик кўрсатган Ҳамидулло Йўлдошев ва Абдусамат Зиёев отиб ўлдирилди,- дер экан вазирлик расмийси Мирова хоним, ўзбек фуқароси Йўлдошевнинг жасади ўша ердаги дарёлардан бирига тушиб кетганини қўшимча қилди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, ўтган йил августида Миллий хавфсизлик қўмитасининг қамоқхонасидан қочган 25 қочқин маҳбус орасида икки ўзбек фуқароси ҳам борлиги айтилганди.

Улар ҳозиргача тақдири номаълум қолаётган сурхандарёлик Ҳамидулло Йўлдошев ва шу йилнинг июнида Рашт туманинин Ясмани қишлоғида қўлга олинган асли тошкентлик 36 ёшли Фурқат Холматовдир.

Булар иккиси ҳам давлат чегараларини ноқонуний бузганликда айбланиб Тожикистонда қамалганди.

Тожикистон куч тизимлари август воқеасидан сўнг қочқин маҳбусларни тутишга киришган эди.

Амалиёт натижасида қўлга олинган ёки отиб ўлдирилган маҳбусларнинг жасадлари ўтган вақт ичида ҳар ҳафта Давлат телевидениясининг махсус дастурлари орқали намойиш қилиниб келинди.

Кузатувларга кўра, давлат телевиденияси ҳозиргача Ҳамидулло Йўлдошевнинг ўлик ёки тириклиги ҳақида аниқ маълумот бергани йўқ.

Шу боис маҳаллий кузатувчилар, ўзбекистонлик қочқин маҳбус Ҳамидуллонинг озодликда қолаётганига шубҳа қилмасликларини айтмоқдалар.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларга кўра, ҳозиргача қочқин маҳбусларнинг 16 нафари қўлга олинган, 8 нафари амалиётларда йўқ қилинган ва яна бир нафари тожикистонлик фуқаро Аъзамшоҳ Зиёев эса озодликда қолмоқда экан.

- Ҳозирча озодликда фақат бир маҳбус, яъни жамиятда “панжара” лақаби билан танилган Зиёев Аъзамшоҳ Аҳтамович қолмоқда. Айни пайтда уни қўлга олиш бўйича амалиётлар давом этмоқда, дея билдирди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, 42 ёшли Аъзамшоҳ Зиёев Тожикистон фавқлотда ҳолатлар собиқ вазири, генерели Мирзо Зиёевнинг яқинларидан бири эди. 2009 йилнинг тобистонида Мирзо Зиёев Тавилдарада ўлдирилганидан сўнг унинг яқинлари ва ўнлаб қишлоқдошлари хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.
XS
SM
MD
LG