Линклар

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга икки кунлик амалий ташрифи тугади. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 22 октябр куни Оқсаройда Ҳиллари Клинтонни қабул қилди.


Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари тарихига тўхталган Ислом Каримов икки давлат муносабатлари ривожига қўшиб келаётган катта ҳиссаси учун Клинтон хонимга миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон телевидениеси хабарига кўра, Ислом Каримов Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги алоқалар ривожига туртки бўлишини урғулаган.

- Мен сизнинг ташрифингизга икки томонни қизиқтирган долзарб масалалар хусусида яна бир марта фикр алмашиш, энг асосийси, муносабатларимизнинг устувор йўналишларини аниқлаб олиш учун яхши имконият деб қарайман, - деди Ўзбекистон раҳбари.

Мулоқот чоғида Давлат котиби Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши билан боғлиқ муаммоларига кўпроқ эътибор қаратишга чақирган.

АҚШ Давлат департаменти тарқатган маълумотга кўра, учрашувда Ҳиллари Клинтон диний эркинлик, инсон ҳуқуқлари, демократик ислоҳотлар, одам савдосига қарши кураш, мажбурий меҳнат билан боғлиқ муаммолар хусусида хавотир билдириб, бу борада вазият ўнгланиши кераклигини урғулаган.

Давлат Департаментига кўра, Каримов ва Клинтон ўртасидаги сўзлашувда Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар муҳокама қилинган.

Ҳиллари Клинтон хоним Афғонистондаги халқаро кучларга зарурий таъминот юклари Ўзбекистон орқали олиб ўтилиши, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашда Ўзбекистон кўрсатаётган ёрдам учун Ислом Каримовга миннатдорлик билдирди.

Мулоқот чоғида инвостиция ва иқтисодий ҳамкорликка оида бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк ва бошқа расмийлар иштирок этдилар.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонга сафари давомида 23 октябр куни АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида тузилган “GM Uzbekistan қўшма” корхонаси учун замонавий ва экологик тоза автомобил двигателлари ишлаб чиқарадиган янги “GM Powertrain Uzbekistan” заводнинг тантанали равишда ишга туширилиши маросимида қатнашди.

Тадбирда иштирок этган "Эзгулик" жамияти вакили Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, Клинтон инсон ҳуқуқлари ва демократия масалари йўлга қўйилмас экан тараққиётга эришиш қийинлигини таъкидлаган.

АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонга ташрифи чоғида мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашмади.

Клинтон Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақасига сафари доирасида Ўзбекистонга келишидан олдин Ливия, Афғонистон, Покистон ва Тожикистон пойтахтларида бўлиб давлат раҳбарлари билан ўзаро муносабатлар, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, наркотикларга қарши кураш, инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликлар билан боғлиқ масаларни муҳокама қилди.

Клинтон хоним якшанба куни Тошкентдан Вашингтонга жўнаб кетди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG