Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:15

Ўзбекистонда пахта плани бажарилди



Ўзбекистонда, расмий маълумотларга кўра, 3,5 миллион тонна пахта териб олингани айтилмоқда. Ҳосилнинг 90 фоизи олий навли пахтадир.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг бу ҳақдаги баёноти ҳамда унинг пахтакорларга йўллаган табриги 21 октабр куни расмий матбуотда эълон қилинди.

Каримов пахтакорларни эришган зафарлари билан қутлар экан, бу йил мамлакатда пахтачиликдан кўриладиган даромад 2 триллион 400 миллиард сўмдан ортиқроқ бўлишини таъкидлади.

Президентга кўра, бу ўтган йилдагига қараганда 25 фоизга кўпроқдир.

“Ҳозир жаҳон бозорида ўзбек пахтасига бўлган талаб ортиб бормоқда. Яқинда Тошкентда ўтган халқаро пахта ярмаркасида йирик хорижий ширкатлар билан 650 минг тонна пахта толасини сотиш бўйича шартномалар имзолангани бунинг далилидир”,- деди Каримов.

Ўтган йили Ўзбекистонда пахта ҳосили 3,4 миллион тоннанини ташкил этган эди.

Жаҳон бозорида пахта нархи ошгани туфайли Ўзбекистоннинг бу йил пахта экспортидан кўпроқ даромад кўриши кутиляпти.

Дунёнинг энг йирик пахта етиштирувчиларидан ҳисобланган Ўзбекистонда ҳар йили 3,5 миллион тонна пахта ҳосили олинади, 1 миллион тоннадан зиёд тола ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистоннинг асосий ҳаридорлари Хитой, Бангладеш, Эрон, Покистон ва Россиядир. Ғарбнинг етакчи тўқимачилик корхоналари Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилиши боис бу мамлакат пахтасига бойкот эълон қилган.

Яқинда Ўзбекистон четга пахта хом ашёсини сотишни босқичма-босқич қисқартириб, уни мамлакат ичкарисида қайта ишлашга кўпроқ эътибор қаратишини билдирди.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2015 йилга бориб пахтани мамлакатнинг ўзида қайта ишлаб чиқариш ҳажмини 70 фоизга ошириш режаланаётганини маълум қилди.

Ҳозир Ўзбекистонда қишлоқ-хўжалиги соҳасида совет давридан анъана бўлиб қолган маъмурий-буйруқбозлик усули, "пахта планини бажариш" усули мерос бўлиб қолган.

Гарчи Ўзбекистонда Совет даврида қўшиб ёзишлар Москванинг босими остида рўй бергани айтиб келинса-да, мустақил Ўзбекистоннинг раҳбарлари 1991 йилдан кейин ҳам мамлакатдаги пахта сиёсатини моҳиятан ўзгартирмаганлар, дейди кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG