Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:06

Туркияда қутқарув ишлари давом этмоқда


Ван вилоятида қутқарувчилар вайроналарда қутқарув ишларини давом эттирмоқда.
Ван вилоятида қутқарувчилар вайроналарда қутқарув ишларини давом эттирмоқда.

Туркия шарқида якшанба куни юз берган кучли зилзиладан сўнг қутқарув ишлари давом эттирилмоқда.


Мамлакат шарқидаги Эронга чегарадош Ван вилоятда юз берган кучли зилзиладан камида 217 киши нобуд бўлган. Минглаб киши бошпанасиз қолди.

Зилзила эпимаркази Ван вилоятининг Табанли шаҳарчасида бўлган.

Ван шаҳридан 130 километр узоқликдаги Улуғ Помир қишлоғида яшайдиган Қосим исмли фуқаронинг айтишича, якшанбадан бери вилоятнинг зилзиладан зарар кўрган кўйларига қутқарувчилар етиб келган.

Қутқарувчилар 7,2 магнитудали куч билан 23 октябр куни юз берган зилзиладан бузилган ўнлаб иморатлар вайроналари остидан тирик қолганларни топишга уринмоқда.

Қутқариш ишлари жуда оғир шароитларда давом эттирилмоқда. Зилзиладан электр қуввати таъминоти ҳам узилган.

Ҳозирча, вайроналар остидан қутқариб олинганлар тўғрисидаги хушхабарлар оз.

Ван вилоятининг Эржиш шаҳрида қутқариб олинган Саҳин исмли фуқаро бундай деди.

- Акам билан бузилган уй остида қолиб кетдик. Мени қутқариб олишди. Акам вайроналар остида қолди, дейди Саҳин.

Туркия Ички ишлар вазири Идрис Наим Саҳиннинг 24 октябр куни эрталаб айтишича, Эржиш шаҳрида 117 киши, Ван шаҳрида эса 100 киши ҳалок бўлган, 1000 дан зиёд киши жароҳатланган.

Бир неча ўн йил муқаддам Афғонистондан Туркияга кўчиб келган қирғизлардан бўлган суҳбатдошимиз – Қосим исмли ванликнинг айтишича, вилоятнинг таркибига унинг қишлоғи ҳам кирадиган туманидаги бир қишлоқда тўрт қишлоқдоши нобуд бўлган.

- Бизнинг қишлоқдан 30 чақирим наридаги кўйда тўрт қишлоқдошим нобуд бўлди, дейди Қосим.

Эржишлик Саҳиннинг айтишича, зилзиладан энг катта зарар у яшайдиган шаҳарга етган бўлиши мумкин. Шаҳардаги кўп қаватли биноларнинг 80 фоизи қулаб тушган.

Тахминан 40 тача бинода истиқомат қилувчилар вайроналар остида қолган.

- Вазият чиндан ҳам жуда ёмон. Таниш-билишларим, қариндош-уруғларимнинг кўпчилиги бузилган уйлар остида қолмоқда. Уларнинг кўпчилиги тўғрисида бирон хабар эшитганим йўқ, дейди Саҳин.

Туркия ҳукумати зилзила оқибатларини бартараф этиш учун мамлакатнинг 38 шаҳридан юзлаб қутқарувчиларни сафарбар қилди.

24 октябр куни эрталаб Эржиш шаҳрида қарийб 600, Ван шаҳрида тақрибан 300 қутқарувчи ишлади.

Туркия Қуролли Кучлари тарқатган маълумотга қараганда, қутқариш ишларига 6 батальон аскар жўнатилган.

Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон душанбага ўтар кечаси Ванга етиб борди.

Бош вазирга кўра, қурбон бўлганлар сони ортиши мумкин. Эрдўғон, шунингдек, зилзила эпимарказига яқин жойлашган, телефон алоқаси узилиб қолгани учун аҳволи тўғрисида информация етарли бўлмаётган кичик шаҳар ва қишлоқлар билан боғлиқ ташвишларини изҳор этди.

Халқаро ёрдам тўғрисида гапирар экан, Эрдўғон бундай деди:

- Агар зарурат бўлса, бошқа мамлакатлардан ҳам ёрдам сўраймиз. Бироқ ҳозирда Озарбайжон, Эрон ва Болгариядан келган қутқарувчилар иш олиб бормоқда, деди Эрдўғон.

Туркиянинг зилзила юз берган Ван вилояти мамлакат жануби-шарқида жойлашган бўлиб, бу минтақада хавфсизлик кучлари ўн йилликлар давомида курд айирмачилари билан курашиб келади.

Зилзила оқибатида маҳаллий аэропортга шикаст етгани, автомобил йўллари ҳам бузилгани оқибатида Ванга етиб бориш қийинлашган.

Бироқ шунга қарамай, Туркия ҳукумати зилзила қурбонлари эҳтиёжларини қондиришга уринмоқда.

Ички ишлар вазири Саҳинга кўра, зилзила оқибатида уйсиз қолганлар учун Ван шаҳрида юзлаб чодир тикилди.
XS
SM
MD
LG