Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:54

Бишкекда Алишер Соипов хотирланди


Алишер Соиповни хотирлагани тўпланганлар, у ўлдирилган 24 октябр кунини "Қирғизистонда сўз эркинлиги учун кураш" куни деб эълон қилишни таклиф қилдилар.
Алишер Соиповни хотирлагани тўпланганлар, у ўлдирилган 24 октябр кунини "Қирғизистонда сўз эркинлиги учун кураш" куни деб эълон қилишни таклиф қилдилар.

Бишкекда журналист Алишер Соипов хотирланди. 2007 йилнинг 24 октябрида Ўш шаҳрида отиб кетилган журналистнинг хотира маросимида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ва Қирғизистон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Маросим иштирокчилари Қирғизистон ҳукуматига махсус мурожаат йўллаб, 24 октябрни Қирғизистонда сўз эркинлиги учун кураш куни деб эълон қилишни сўради.


Душанба куни Бишкекда журналист Генадий Павлюкка ўрнатилган хайкал олдида журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва нодавлат ташкилоти вакиллари таниқли журналист Алишер Соиповни хотирлашди.

Тадбир иштирокчилари Алишер Соипов ўлимининг 4 йиллиги муносабати билан 24 октябр кунини “Қирғизистонда сўз эркинлиги учун кураш куни” деб эълон қилишни сўраб Қирғизистон ҳукумати расмийларига махсус мурожаат юборди. Унга медиа ташкилотлар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказлари ва нодавлат ташкилотларининг 50га яқин вакиллари қўл қўйди дейди тадбир ирштирокчиси Бишкекдаги “Журналистлар” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Марат Тўқўев.

- Алишер Соипов ўлган кунни биз журналистлар “Қирғизистон республикасида сўз эркинлиги куни” сифатида қабул қилинишини сўраб, Қирғизистон ҳукуматига мурожаат юбордик. Бу мурожаат бир ташкилот номидан эмас, махсус ташаббус гуруҳи номидан юборилди. Қолаверса, мурожаатни биргина Оммавий ахборот воситалари ходимларигина эмас, нодавлат ташкилотлар, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳам қўлламоқда. Ҳозир ҳукумат расмийларининг бу мурожаатимизга қандай муносабат билдиришини кутаяпмиз,- дейди Марат Тўқўев.

Таниқли журналист Алишер Соипов 2007 йилнинг 24 октябрида Ўш шаҳрида отиб кетилган эди. Бу жиноят юзасидан мустақил текширув олиб борган қатор халқаро оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Алишер Соиповнинг ўлдирилишида Ўзбекистон махсус хизматлари қўли бор, деган тахминни билдирган эдилар.

Журналист ўлими юзасидан тергов ишини Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Қурмонбек Бакиев ва ички ишлар вазири Мўлдомуса Қўнғантиевлар назоратига олган эди. Расмийлар 2009 йилнинг 24 феврал куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятида ички ишлар ходимлари томонидан наркотик моддаси савдосида гумонлаб қўлга олган Абдуфарит Расулов исмли шахснинг ёнидан Алишер Соипов отиб ўлдирилган қурол топилганини айтган эди.

2009 йилнинг ёзида Абдуфарит Расулов журналистни ўлдирганликда айбдор деб топилиб, 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукум қилинган.

Бироқ Марат Тўқўевнинг айтишича, Алишер Соиповни ўлдирганликда айбланиб узоқ муддатга қамалган Абдуфарит Расуловнинг бу ишга алоқаси бор-йўқлиги ҳамон шубҳа остида қолмоқда:

- Бундан 4 йил авал журналист Алишер Соиповни ўлдириб кетишди. Бу Қирғизистонда журналистларга бўлган биринчи буюртма қотиллик эди. Афсуски бу иш нихоясига етмай журналист Генадий Павлюк суиқасд қурбони бўлди. Бу икки жиноий иш бўйича жиноятчилар жазосини олиб, махкамалар нихоясига етгандек. Бироқ бизда мазкур жиноятлар бўйича ҳукм қилинган шахслар ростдан ҳам шу жиноятни амалга оширганми деган шубҳа пайдо бўлмоқда. Иккинчидан, суд жараёнларида “уларнинг ўлими касбий фаолиятлари билан боғлиқ” деган сўз айтилмади,- дейди “Журналистлар” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Марат Тўқўев.

Мархум журналист Алишер Соиповнинг исми касбий фаолиятини бажариш чоғида ҳалок бўлган журналистлар хотираси учун ташкил қилинган Вашингтондаги “Журналистлар музейи” мемориал тахтасида абадийлаштирилган.
XS
SM
MD
LG