Линклар

Афғонистондан Тожикистонга қочаётганлар кўпаймоқда


2011 йил бошидан бери Тожикистонга бир ярим мингга яқин афғонистонлик қочиб ўтган.

2011 йил бошидан бери Тожикистонга бир ярим мингга яқин афғонистонлик қочиб ўтган.

БМТнинг Душанбедаги ваколатхонасига кўра¸ ойига 15 га яқин оила Тожикистондан бошпана изламоқда.


Тожикистон афғонистонлик қочқинлар учун Канада ва Америка каби учинчи давлатга чиқиб кетишнинг “қулай майдони” ҳисобланади.

БМТнинг Душанбедаги ваколатхонасига кўра, иқтисодий ва ижтимоий аҳволи Афғонистондагидан қолишмайдиган Тожикистонга бу оилалар фақат хавфсизлик нуқтаи назаридан кириб келмоқда холос.

Айни кунда, расмий маълумотларга кўра, ҳар ой Афғонистон ҳудудидан 10-15 оила Тожикистонга қочмоқда.

2001 йилда АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Афғонистонда ҳарбий амалиётларни бошлаганида ҳам минглаб афғонлар Тожикистонга қочиб ўтган эди.

Йиллар давомида камайиб борган қочқинлар оқими кейинги ойларда яна ошиб бормоқда. БМТнинг Тожикистондаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 1400 нафар афғонистонлик қочқинлик мақомини сўраб Тожикистон Миграция хизматига мурожаат қилган.

2014 йилда НАТО кучларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ортидан бу мамлакат хавфсизлигида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар афғонистонликларни хавотирга солаётганини айтади мустақил таҳлилчилар.

Мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло хавфсизлик масъулияти тўлалигича Афғонистон кучлари зиммасига тушгач, вазиятнинг ёмон томонга ўзгариши эҳтимоллари кўпчиликни ташвишга солмоқда, дейди.

- НАТО кучларининг 2014 йилгача Афғонистондан олиб чиқилишига оид режа эълон қилиниши билан мамлакатимизга келаётган афғонлар сони кўпайди. Афғонлар НАТО чиқиб кетиши билан расмий ҳукумат толиблар қўлига ўтиши ва мамлакатда вазъият ёмон томонга ўзгаришидан чўчимоқдалар,- дейди мустақил таҳлилчи.

Афғонистонлирк қочқинлар асосан қўйи Панж назорат ўтказиш пости орқали Тожикистонга ўтаётгани айтилмоқда. Тожикистонга вақтинчалик бошпана топиш илинжида ўтаётган афғонларнинг 10 фоизигина ҳаво йўлидан фойдаланаётгани айтилади.

Тожикистонга ўтган афғонистонликлар шароити ўз ватанларидагидан кўп ҳам фарқ қилмайди. Асосан Душанбе шаҳрига туташ Ваҳдат, Рудакий туманлари ва Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туманларига жойлаштирилаётган афғонистонликлардан бири Озодликка буларни гапириб берди.

- Электр ва сув тақчиллиги муаммоларидан роса қийналаяпмиз. Етти нафар фарзандим бор. Уларни чўмилтиришга, таом пиширишга ҳатто сув топа олмайман. Турмуш ўртоғим ишламайди, иш йўқ. Ўзим БМТ очиб берган корхонада тикувчиман. Лекин олган маошим ҳеч нарсага етмайди, тўйиб овқатланмаймиз,- дейди ёш 50 ларга бориб қолган Роҳила исмли афғонистонлик аёл.

Айрим афғонистонликлар оилаларининг тирикчилиги кичик тижорат ҳисобига ўтиб турганига шукр қилади.

- Энди буни “тижорат”, дейиш ҳам қийин. Чунки биз дўкондор эмасмиз, фақат савдо қиламиз холос. Лекин ҳар ҳолда ишсизлик ва муҳтожликдан кўра яхшироқ. Кунига 30 сомонийгача (тахминан 6,5 АҚШ доллари-таҳр.) пул топамиз. Озроғи йўлкирага кетади, қолгани эса бир кунлик егуликка сарфланади,- дер экан Душанбе шаҳридаги тижорат марказларидан бирида савдо қилиб турган Абдуқодир, мактабни битирган фарзандларини хунар ёки тил ўргатиш курсларига топшириш учун умуман имконияти бўлмаётганини қўшимча қилди.

1951 йилда қабул қилинган Қочқинлар тўғрисидаги конвенцияни 1993 йил ратификация қилган Тожикистон ўтган шу давр ичида афғонистонлик минглаб қочқинларга бошпана берди ва БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича идораси кўмагида афғон қочқинлари Америка ва Канадага кўчирилди.

Бироқ айни пайтда, БМТнинг Душанбедаги ваколатхонаси масъули Парвина Мунавварованинг билдиришича, қочқинларнинг учинчи давлатга кетишлари учун квота ажратилмайди.

- Идорамиз Тожикистондан бошпана сўраётган афғонистонликлар учун жуда кўплаб дастурларни амалга оширди. Тикувчилик, қўл ҳунарлари ва ширинликлар пишириш каби ўнлаб кичик корхоналарнинг очилиши шулар жумласидандир. Ундан ташқари камтаъминланган оилаларга молиявий ёрдамлар, ҳар мавсумда кийим-кечак тарқатилиб турилади. 2004 ва 2005 йиллари Тожикистондан бошпана топган афғонилар Канада ва Америкага ўтишлари учун катта миқдорда квота ажратилган эди. Айни пайтда эса бу мамлакатлар квота ажратмай қўйган,- деди БМТ масъули Мунавварова.

БМТ вакиласининг айтишича, айни пайтда Тожикистонда 3000 нафар афғонистонлик қочқин яшамоқда.

Душанбе шаҳрида афғонистонлик қочқинларнинг “Орёно” жамияти, ўз она-тилида ўқишлари учун барча имкониятларга эга бўлган “Сомон” мактаби ва Ваҳдат туманида ижтимоий марказ фаолият қилади.
XS
SM
MD
LG