Линклар

logo-print

АҚШ Сурия режими ҳаракатларидан хавотирда


Башар ал-Ассад ва элчи Роберт Форд.

Башар ал-Ассад ва элчи Роберт Форд.

АҚШ Суриядаги элчиси Роберт Фордга нисбатан Дамашқда иғвогарона ҳаракатлар бўлаётганидан ташвиш билдирди.


АҚШ Суриядаги ўз элчиси Роберт Фордга нисбатан "реал таҳдидлар" борлигини инобатга олиб, унинг хавфсизлигини таъминлаш учун Дамашқдан чақириб олгани айтилмоқда.

Элчи Роберт Форд Дамашқни ўтган дам олиш кунлари тарк этгани айтилади хабарларда.

АҚШнинг Суриядаги элчиси бу мамлакат ҳукуматини мухолифатга қарши репрессиялар қўллаганликда бир неча бор танқид қилган ва шунинг учун Дамашқ уни Сурия ички ишларига аралашганликда айблаган эди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд Вашингтонда журналистлар билан учрашиб, элчи Форд Суриядан чақириб олинмаганини, балки "маслаҳатлашиш учун уйга қайтиш сўралгани" боис у Америкага қайтганини айтди.

- Биз Сурия режимининг бевосита элчи Фордга қарши йўналтирилган ғаламислик ҳаракатлари ва ҳукумат оммавий ахборот воситалари орқали ёритилаётган маълумотлардан хавотирдамиз. Биз хавфсизлик вазиятидан, бу ҳаракатлар оқибатидан хавотирдамиз. Имкониятдан фойдаланиб, Сурия ҳукуматини элчи Фордга қарши иғвогарона ва ёлғонлардан иборат тарғиботини зудлик билан тўхтатишга чақираман, деди Виктория Нуланд.

Давлат департаменти вакили элчи Форд вазиятига оид жорий ойдаги ҳисоботларни тақдим қилар экан, Сурия ҳукуматига қарашли Ал-Баас ва Ал-Фарва газеталарида элчи Роберт Форд шаънига нисбатан иғвогарона мақолалар чоп этилганини мисол қилиб келтирди.

Нуланд хоним маслаҳатлашувлардан сўнг Форд Сурияга яна қайтишини айтиб, шу муносабат билан Сурия ҳукуматини унинг хавфсизлигини таъминлашга чақирди.

Ўз навбатида Суриянинг АҚШдаги элчиси Имад Мустафо ҳимояланишини ҳам таъкидлади.

Айни пайтда Дамашқ АҚШдаги элчиси Имад Мустафони чақириб олгани айтилмоқда.

Вашингтондаги Сурия элчихонаси ходимаси элчи Имад Мустафо 24 окятбр куни Дамашққа кетганини тасдиқлади. Бироқ у элчининг қайтиш-қайтмаслиги борасида бирор маълумотга эга эмаслигини айтди.

Роберт Форд бир неча бор Сурия режимини очиқчасига қоралаган эди.

6 сентябр куни Роберт Форд Facebook тармоғи орқали эълон қилган баёнотида Суриядаги зўравонликларда ҳалок бўлган ҳукумат кучлари учун ҳам масъулият Башар Ассад режими зиммасида эканини айтиб, бу режим бугунги кунда мамлакатда ислоҳатлар ўтказиш салоҳиятига эга эмаслигини таъкидлаган эди.

Виктория Нуланд Сурия режимининг Фордга нисбатан таҳдидларни кучайтиргани ортида жамоатчилик фикрини чалғитиш мақсади яширинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Сурия давлат матбуотида элчи Форд нишонга олингани аниқ мақсадларни кўзлаган тактика экани ва шу орқали тинч намойишчиларга нисбатан зўравонликларда маъсулиятни хорижликлар зиммасига юклаш мақсади борлигини айтади Нуланд.

Сурия ҳукумати бир неча бор мамлакатдаги нотинчликларда хорижий давлатларни ва террорчилик гуруҳларини айблаган эди.

Жорий йилнинг январида Дамашқда элчилик фаолиятини бошлаган Фордни Ассад тарафдорлари Сурияда зўравонликларнинг авж олишида маъсул санаб келадилар.

Форд Ҳама шаҳрига бориб, президент Башар ал-Ассад режимига қарши намойишлар иштирокчилари билан учрашиб, норозилар билан бирдам эканини намойиш ҳам қилган эди.

Сурия ҳукумати Қўшма Штатлар ўз элчисини Ҳамага Дамашқнинг руҳсатисиз юбориб, вазиятни кескинлаштиришга уринганликда айблаган эди.

Ўтган ойда Дамашқда Сурия мухолифатчилари билан учрашган Форд ва унинг ҳамкасблари тошбўрон қилинган, уларга тухум ва помидорлар отишган эди. Америка вакиллари ўтирган машинага метал хивичлар билан қуролланган бир гуруҳ одамлар ҳужум қилган эди.

АҚШ ал-Ассад истеъфосини талаб қилиб, Дамашққа халқаро босимни кучайтиришни сўраб келади.

5 октябр куни Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Сурия бўйича ҳозирлаган резолюция лойиҳасига вето қўйди. Мазкур ҳужжатда Сурия режими ҳукуматга қарши норозилик намойишларини қуролли куч воситасида бостиришни давом эттирса¸ Дамашққа қарши жазо чоралари қўлланишидан таҳдид қилинади.

Суриядаги тартибсизликлар 8 ойдан буён давом этмоқда. Бу вақт ичида, БМТ маълумотларига кўра, 3 мингдан зиёд киши нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG