Линклар

Ўзбек шифокорининг рафиқаси билан пойтахт Санаадан таксида Ҳаж сафарига кетаëтган пайтда ўғирлаб кетилгани айтилмоқда.


Россиянинг Ямандаги элчихонаси вакили Айдар Туйгуновга кўра, шифокор ўз рафиқаси билан Шабвадан пойтахт Санаага таксида кетаётган пайтда маҳаллий қабила томонидан гаровга олинган.

- Шифокорнинг фамилияси Воҳитов. У Мариба минтақасидаги қабила тарафидан ўғирланган. Кеча Ҳаж сафарига учиб кетиш учун рафиқаси билан Санаа шаҳрига таксида кетаётган маҳал Марибадан ўтувчи йўлда уни ўғирлаб кетишган. Аёлини қўйиб юборишган,- дейди Озодликка Россия элчихонаси вакили.

Шифокорнинг тўлиқ исми, ёши ва неча йилдан бери Яманда ишлаётгани ҳозирча номаълум. Маълум бўлишича гаровгирлар ўзбекистонликнинг хотинини қўйиб юборишган.

Аввалроқ, Франс Пресс агентлиги Шабавада рус врачи Ал Авамра қабиласи тарафидан ўғирлаб кетилгани ва унинг исми Воҳид Роф экани ҳақида хабар қилган эди. Рус дипломати хабарни бундай изоҳлади.

- Ўғирлаб кетилган шифокорнинг фамилияси Воҳитов. У Шабава вилоятидаги касалхоналардан бирида ҳусусий контракт бўйича ишлаб келган,- дейди Россия элчихонаси вакили Туйгунов.

Марибдаги қабила вакиллари қамоқхонада бўлган ўз қабиладошларини озод қилиш мақсадида Воҳитовни гаров сифатида ўғирлагани айтилмоқда.

- Шифокорни ўғирлаганлар уни қўйиб юборилиши эвазига Яман ҳукуматидан оғир жиноятларда айбланиб қамалган ўз қабиладошлардан бирининг озод этилишини талаб қилмоқда,- дейди Россия элчихонаси вакили.

Унинг айтишича, Яманда Ўзбекистон элчихонаси йўқлиги боис Россия элчихонаси Воҳитовни озод қилишга кўмаклашмоқда.

- Шифокорнинг озод этилиши учун бор имкониятни ишга солаяпмиз. Музокараларни Яман ҳукумати олиб боряпти. Элчихонамиз бу музокараларда қатнашмаяпти, - дейди Санаадаги Россия элчихонаси вакили Айдар Туйгунов.

Санаадаги Россия элчихонасига кўра, Яманда хориж фуқароларини ўғирлаб кетиб, турли талабларни қўйиш тез-тез рўй бериб туради.

Шу йилнинг март ойида Тожикистон фуқароси бўлган ўзбек шифокори 60 ёшли Ҳамиджон Олчибоев Яманнинг Шабва вилоятида маҳаллий қабила вакиллари томонидан ўғирлаб кетилиб, кейинчалик қўйиб юборилган эди.

Яманда собиқ иттифоқ, хусусан Марказий Осиё давлатларидан кўплаб мутахассилар ишлашади.

Аввалроқ, Санаадаги касалхоналардан бирида ишлайдиган ўзбекистонлик шифокорлардан бири Ўзбекистоннинг ўзидан тахминан беш минг киши Яманда ишлашини айтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG