Линклар

Қаддафий саҳрода дафн этилди


Ливияликлар Қаддафийнинг музлаган жасадини кўриш учун навбат кутмоқда.

Ливияликлар Қаддафийнинг музлаган жасадини кўриш учун навбат кутмоқда.

20 октябр куни исëнчилар томонидан шавқатсизларча ўлдирилган Ливиянинг 42 йиллик диктатори Муаммар Қаддафий 25 октябр куни саҳродаги махфий жойга кўмилди.

Қаддафий билан бирга ўлдирилган ўғли Мутассим ва марҳум диктатор ëрдамчиларидан бири ҳам айни жойга дафн этилди¸ деб хабар тарқатди Ливия муваққат ҳукумати расмийлари.

Расмийларга кўра¸ марҳумларнинг барчаси “исломий урфга кўра” кўмилган.

Қаддафий ва яқинлари жасади тўрт кун давомида Мисратадаги гўшт омбори музлатгичида сақланди ва аҳолига очиқ намойиш этилди.

Қаддафийнинг ўлими НАТО етакчилигида олиб борилган саккиз ойлик ҳарбий амалиëтларга нуқта қўйди.

Айни пайтда¸ Ливия диктаторининг судсиз-суриштирувсиз ваҳшийларча ўлдирилгани халқаро майдонда эътирозга сабаб бўлмоқда ва мамлакат муваққат ҳукумати бу воқеа юзасидан текширув ўтказишга ваъда бермоқда.

Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши раиси Мустафо Абдул Жалил Қаддафийнинг ўлдирилишини тафтиш қилиш бўйича мустақил қўмита тузилганини эълон қилди.

Ливияга оид яна бир хабарга кўра¸ бугун Қаддафийнинг она шаҳри Сиртдаги ëнилғи омборида юз берган портлаш оқибатида¸ Ал-Арабия телеканалига кўра¸ 100дан ошиқ одам ўлган.

Портлаш¸ маҳаллий аҳоли омбордан ўз машиналарига бепул бензин қуйишга ëпирилган маҳал содир бўлган.
XS
SM
MD
LG