Линклар

logo-print

Қўрқинчли Теҳрон


Тошкент марказида Гулнора Каримова ўтказаётган мода томошаси Эрон инқилобидан олдин малика Сурайё ўтказган тадбирларга ўхшаб кетади.

Тошкент марказида Гулнора Каримова ўтказаётган мода томошаси Эрон инқилобидан олдин малика Сурайё ўтказган тадбирларга ўхшаб кетади.

Ëшлигимда¸ мендан катталарнинг қўлида Эрон ëзувчиси Мушфиқ Козимийнинг "Қўрқинчли Теҳрон" китобини кўрганман.




"Бу асарни сен ўқима¸ жуда уятсиз гаплар бор!" деб мени қўрқитишган эди катталар.

Китобда Техрон марказидан ўтган Вали Аср кўчасидаги фаҳш ва риëга тўла ҳаëт акс этган эди.

Менинг гўдак идрокимга бу китобдаги очиқ саҳналар бузуқ таъсир қилишидан қўрққан “катталар” нинг меҳрибонлиги эди бу.

Айни пайтда уларнинг ўзи бу китобни чандон иштиëқ билан ўқишар эди....

Шу кунларда шууримда яна “Қўрқинчли Теҳрон “ калимаси ерлашди.

Ўтган жума ўзбек киночиси Умида Аҳмедова суратга олган “Бокиралик юки”филмига ўзбекистонлик хурматли шайхнинг билдирган муносабати ва бу муносабатнинг ҳукумат нуқтаи назари билан икки томчи сувдек бир бирига ўхшашлигини "Қурултой" дастурида муҳокама қилдик.

Муҳокамада¸ шайхнинг ҳукумат юрғизаëтган мафкура тегирмонига сув қуяëтгани ва у ëзган матнда ҳақорат унсурлари борлиги айтилди.

Айни пайтда "Қурултой" иштирокчиларидан иккитаси шайх фикрларини ëқлаб чиқишди.

Бор гап шу.

Аммо ана шундан кейин турли тахаллуслар ортига беркинган шайх тарафдорлари изоҳлар ëзиб улкан мужодалага киришди.

Бу изоҳлар "Шайх ҳазратларининг улуғ сиймосига тил теккизганларнинг тилини ўткир қайчи билан ғарч кесмоқ керак" деган мазмунда эди.

Дарвоқеъ¸ "Қурултой" мавзуси “ Мусулмонлар эркин мунозарага тайëрми? деган мазмунда эди.

Бизга келган изоҳлардан чиққан мазмун эса¸ бу саволга “Йўқ¸ тайëр эмас!” деб турибди.

Келган изоҳларнинг аксарияти “тақиқланган” мавзуни ëритган Умида Аҳмедовага қарши қақшатқич танқид¸ ҳақорат ва сўкишдан иборат эди.

Буни ҳам тушуниш мумкин. Сўз ва ифода эркинлиги¸ ҳар ҳолда.

Аммо ўз ғазабини бундан икки йил олдин тақдим қилинган филмга қарата қақшатқич тарзда “ифода” қилган диндошларимиз негадир шу кунларда Тошкентда Ўзбекистон президентининг икки қизи Гулнора ва Лола ўтказаëтган Art Week Style тадбирини беъэтибор қолдиришди.

Умида Аҳмедова филмидаги бир келинчакнинг кийинаëтгани саҳнасини улуғ гуноҳ сифатида кўриб ëқасини тутган Ўзбекистондаги расмий ва норасмий муллалар Art Week Style ҳафталигини очиб берган соҳибжамолларнинг яланғоч елкаларини подшонинг инояти ўлароқ қабул қилишган кўринади.

Art Week Style ҳафталигини ëритаëтган Shov-shuv.uz нашрида эса жонли ëзишма суҳбат (чат) авжида. Шоуга келган¸ кимнинг гей, яна кимнинг лесбий экани. Ким кимни қай тарзда истеъфода қилиши очиқ-сочиқ муҳокамада.

Бокиралик ҳақида мулоҳазавий филм олган Умида Аҳмедовани ғажишга ҳозир оломон бу “очил дастурхон” ҳақида ғиринг демайди.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги диндошлари¸ эътиқод маҳбуслари ҳақида калимага келмаган тилдан нимани ҳам таъма қиламиз....

Бу гапларни ëзаëтган бир вақтда Ўзбекистонда ўтаëтган Art Week Style маданият ҳафталигини ҳам кузатяпман (асосий ишим ўзи шу..).

Мусиқа¸ Россия шоу ва секс дунëсида ном чиқарган шоввозларнинг ғоз юриши. Чаппар урган ранглар. Президентнинг соҳибжамол икки қизи. Испан рассоми Хуан Миронинг ажи-бужилари..

Одамни юраги ҳапқирадиган даражада эҳтиросли саҳналар. Кўзни қамаштируви ранг ва линиялар.....

Аммо айни шу манзара¸ ислом инқилоби арафасидаги Теҳроннинг Вали Аср кўчасида ҳам кузатилган эди.

18 километрга чўзилган Теҳрондаги бу кўча 1977 йилда мода кўргазмаларига саҳна эди.

Шоҳнинг рафиқаси Сурайë Исфандиëрий дунëдаги энг гўзал санъат асарларини харид қилиб¸ Вали Аср кўчасидаги шоҳона клубларда намойиш қилар эди.

Парижда эрталаб тикилган либослар Вали Аср кўчасида оқшомга бормасдан пайдо бўлар эди.

Шарқона инжалик Ғарб шаффофлиги билан қоришиб ўзига хос тароватли бир дунë яратган эди.

Аммо Вали Аср кўчасидан сал нарида қашшоқлик¸ умидсизлик ва нафратнинг улкан дарахти сув ичар эди.

Бу ҳақиқатдан ҳам¸ қўрқса қўрққулик Теҳрон эди. Бу нафрат бутун музофотга ëйилган эди.

1978 йилга келиб бу нафрат катта норозилик тўлқинига айланди. Бутун иллат фаҳш киноларда деб билган оломон «Рекс» кинотеатрига ўт қўйди.

Кинотеатр ичидаги 500 томашабин куйиб кул бўлди¸ зеро эшиклар ташқаридан тамбаланган эди.

Ана шундан кейин "проамрикон Эрон"¸ аксил-амрикон Эрон Ислом жумҳуриятига айланди.

Аммо фаҳш кинолар ҳам¸ фоҳишалар ҳам йўқ бўлмади.

Бор нарса йўқ бўлмайди.

Бугун Теҳрондаги 250 исловотхонанинг 84 минг фоҳишаси мижозлар кўнглини астойдил иштиëқ билан овламоқда.

Кинотеатрга ўт қўйишга фатво берган муллалар эса бу ҳолатга машруъ тус бермоқда. Улар назарида бу зино эмас¸ балки 10 дақиқа умр сурадиган “вақтинча никоҳ” дир¸ холос .

Жуғрофий жиҳатдан Эрон биздан узоқ эмас¸ ҳатто Урганч бозорида Эрондан келтирилган тухум ва олма сотилади.

Бухородан 500 чақирим юрсангиз¸ Эронга борасиз¸қоласиз.

Бугун Озодликка келган шарҳларга кўз югуртириб¸ Эрон нафақат жуғрофий¸ балки руҳан ҳам яқин¸ деган фикрга бордим.

Яна Аллоҳ билгувчидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG