Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:54

Прокурор қишлоқ йиғини раиси муовинини калтаклади


Зуҳриддин Зокировнинг Янгийўл туманидаги хонадони.
Зуҳриддин Зокировнинг Янгийўл туманидаги хонадони.

Тошкент вилояти Янгийўл тумани прокурори Зиёдулла Йўлдошев шу туманнинг Убай Муасев қишлоғи маҳалла қўмитаси раиси муовини Зуҳриддин Зокировни пахта теримига етарли одам йиғмагани учун калтаклаган.

Бу ҳақда Зокиров Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянсига шикоят қилган. Теримга 100 одам йиғилиши талаб қилинган пайтда Зокиров 50га яқин одам тўплай олган.

Текширув учун пахта даласига келган туман прокурори маҳалла қўмитаси раиси ўринбосари Зокировни нўноқликда айблаб, калтаклаган.

“Кўпчилик ногирон, кимдир ўзини ёмон ҳис қиляпти, мана ёшлар тераяптику, десам мени калтаклай бошлади. Олдинига қўли билан кейин оёғи билан тепкилади. Ана ундан кейин далага санчилган байроқни дастаси билан урди”, - деб айтган Зокиров Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянсига.

60 яшар Зуҳриддин Зокиров касалхонага мурожаат этмагани, унга ҳамшира бўлиб ишлайдиган тўнғич қизи биринчи тиббий ёрдам кўрсатгани айтилади.

Бўлиб ўтган ушбу ҳодисадан сўнг Зуҳриддин Зокиров ишдан бўшатилган.

Тошкент вилояти Янгийўл тумани прокурори Зиёдулла Йўлдошевнинг ўзи билан боғлана олмадик. У ўз ёрдамчиси орқали маҳалла қўмитаси раиси муовинини калтаклаганини рад этди.

“Бўлмаган гап. Умуман ақлга тўғри келмайдиган гап. Ҳозир бировни урадиган, бошқа қиладиган замон эмаску. У даврлар ўтиб кетди, ҳозир қайси даврда яшаяпмиз”, - деди Зиёдулла Йўлдошевнинг ёрдамчиси.

Ўзбекистонда уриш, сўкиш бошқарув усули бўлиб қолган, дейди ҳозирда Францияда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов.

“Ўзбекистонни сиёсати асосан муштумзўрликка асосланган. Бу оддий ҳаётни нормасига айланиб қолган. Ҳукуматни сиёсати шунақа”, - дейди Ёқубов.

Айниқса пахта мавсумида бу каби муштумзўрлик холатлари кўп кузатилади. Ҳатто, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси амалдорларидан бири иккинчи теримни ўтказмасдан пахта майдонига ғалла экиб қўйган фермерни ўзига гўр қазишга мажбурлагани холати ҳам бўлганини эслайди Толиб Ёқубов.

“Жиззаҳ вилоятида бўлган эди бу. Вазирлар Маҳкамасининг Турсунов деган вакили масжидни имомини олиб келиб, иккита-учта милиция ходимини олиб келиб фермерни ўзига гўр қаздирган. Шу жараённи ўзини уяли телефонига олган, ўшани фермерларни йиғиб кўрсатиб ҳам берган. Ана шунақа нарсалар бўляпти-да”, - дейди Толиб Ёқубов.

Ўтган ой Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоли ўзбекистонликларни мулозимлар зўравонлигига қарши курашга чақирган эди.

Ҳазратқул Худойберди амалдорларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлган ва буни фош этишга тайёр ўзбекистонликларни тўрт оғиз сўз битилган смс, уч-тўрт жумла битилган электрон мактуб орқали бу ҳолатдан дунёни хабардор қилишга чақирган эди.
XS
SM
MD
LG