Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:22

Ўзбек рассоми Охунов Гулнорага қарши


Гулнора Каримова модалар ҳафталигини уюштириш осон бўлмаганидан шикоят қилди.
Гулнора Каримова модалар ҳафталигини уюштириш осон бўлмаганидан шикоят қилди.

Тошкентда Гулнора Каримова ҳомийлигида ўтаëтган санъат ҳафталигига таниқли рассом Вячеслав Охунов ўзига хос тарзда норозилик билдирди.


23 октябр куни Тошкентда "Art Week Style.uz-2011" дея номланган санъат ҳафталиги бошланди.

Санъат ҳафталигининг асосий ҳомийси ва ташкилотчиси сифатида тақдим қилинган Гулнора Каримова бу тадбир очилиш маросимида чиқиш қилди.

Каримова хоним ўз чиқишида санъат ҳафталигини ўтказишга тўсиқлар бўлгани ва бу машаққатлар бартараф этилганини таъкидлади. Бу тўсиқ ва машаққатлар у кишининг отаси президентлик қиладиган Ўзбекистонда ким томонидан яратилгани мавҳум бўлиб қолди.

"Art Week Style.uz-2011" дастури доирасида театр фестивали, мода тақдимоти ва замонавий рассомлар асарларидан тартиб берилган биеннале иш бошлади.

Кўргазмада 26 мамлакатдан келган рассомларнинг асарлари қўйилган.

Шу билан бирга Испаниянинг улуғ рассоми Хуан Миро асарлари ҳам Тошкентга келтирилди.

Айни шу биенналеда таниқли ўзбек рассоми Вячеслав Охунов ўзига хос норозилик тадбири ўтказа олди.

Кўргазма ташкилотчилари истагига зид бўлган бу норозилик тадбири ҳақида рассомнинг ўзи Озодликка гапирди.

– Кўргазма очилишида мен кўкрагимга бейжик (ëзув ëзилган қоғоз) тақиб олдим. Бу бейжикда инглиз тилида "Мен рассом эмасман. Мени безовта қилманглар" деган ëзув бор эди. Бу ëзув ëнида менинг фотосуратим бор эди.

Слава Охунов, бундай дабдабабозлик ҳақиқий рассом учун ёт, дейди.
Слава Охунов, бундай дабдабабозлик ҳақиқий рассом учун ёт, дейди.
Охунов назарида ўзбек замонавий санъат эҳтиëжи учун эмас, балки Президент қизининг хархашаси сифатида юқоридан туширилган буйруқ асосида уюштирилган бундай тадбир ҳақиқий рассом учун ëтдир.

– Мен бу тадбирдаги рассомларга қарата: Болалар мен сизлар билан эмасман. Мен кўкрагимдаги ëзув орқали бундай зона дунëга танилган рассом учун ëт муҳит деган муждани бердим.

Рассом Охунов ана шундан кейин кўргазмани буткул тарк қилиб кўчага чиққани ва ўзига хос норозилик тадбирини кўчада давом эттирганини айтади.

– Мен кўргазма залидан чиқиб, бозорга бордим ва бошқа бейжикни кўкрагимга илдим. Бу бейжикда "мен рассомман, менга истаган саволингизни беришингиз мумкин" деб ëзилган эди. Бу билан мен рассом учун бошқа зона: бу бозор, маҳалла кўй борлигини кўрсатдим.

Айни пайтда рассом кўргазмада ҳам бозорда ҳам рассом билан қизиқадиган одам йўқлигини таъкидлади.

– Бу ҳолатда бошқа савол туғилади. Бундай жамиятда рассомга ўрин борми ўзи? Одамлар бир бирини тушунмайдиган, бир биридан ҳадиксирайдиган муҳитга рассом қанчалик зарур?

Кўргазма арафасида рассом Вячеслав Охунов Гулнора Каримова нашр қиладиган "Белла Терра" журналини ҳажв қилган эди.

Рассом журналнинг илк варағидаги Гулнора Каримова расмини маймун расми билан алмаштириб, ўзбек санъати ихлосмандларига эстетик-кесатиқ жанри ҳам борлигини эслатди.
XS
SM
MD
LG