Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:00

UNFPA: Кучли давлатнинг аҳолиси сифатли бўлади


БМТ Аҳолишунослик идораси - UNFPA 26 октябр куни Жаҳон аҳолисига оид 2011 йилги ҳисоботни эълон қилади. Ер курраси аҳли 7 миллиардлик маррага етиши арафасида эълон қилинаётган ҳисобот “7 миллиардлик дунё имкониятлари ва одамлари” (People and Possibilities in a World of 7 Billion), деб номланади. Жаҳон аҳолиси сони кейинги 12 йил ичида бир миллиардга кўпайди. Демографлар одамларнинг кўпаяётгани баъзи мамлакатлар учун янги имокниятларни яратиши, лекин айни пайтда кўпайиш асосан ривожланаётган ва қашшоқ мамлакатларга тўғри келаётгани дунё учун янги муаммоларни келтириб чиқаришидан огоҳлантириб келади.


Аҳолининг ошиши, хусусан, Ўзбекистон каби мамлакат учун қандай имконият ёки қийинчиликлар туғдириши мумкинлиги ҳақида Озодликка БМТ Аҳолишунослик идорасининг Марказий Осиё бўйича директори Николай Ботев гапириб берди.

– Биринчидан, 7 миллиардлик маррага эришилиши инсониятнинг ютуғи натижаси эканини айтиш зарур. Хусусан бу тиббиёт ютуғи, одамларнинг соғлом тарзда овқатлана бошлагани натижасидир. Ана шу маънода буни инсоният ютуғи рамзи, деб атаса бўлади. Ва айни пайтда бу инсоният олдида қийинчиликлар туғдиради ва унинг зиммасига масъулият юклайди.

Озодлик: Бу қандай қийинчиликлар?

– Қийинчиликлар ҳам турли. Биринчидан, шунча одамни сиғдириш, уларни таъминлаш муаммодир, айниқса, аҳолилари турмушини таъминлаб бериш учун етарли ресурслари бўлмаган мамлакатларда бу долзарбдир. Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, аҳоли ўсиши асосан энг қашшоқ мамлакаларда кузатилмоқда. Бундан ташқари 7 миллиардлик марра яқинлашар экан дунё демографиясида мувозанат йўқолаётгани билан боғлиқ муаммога эътибор ошмоқда. Чунки ривожланган ёки ривожоланаётган мамлакатлар аҳолиларининг қисқариб бораётгани ёки яқин келажакда қисқара бошлаши ташвишларни уйғотмоқда. Масалан, Россия каби давлатларда бу жуда катта муаммодир.

Озодлик: Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, бундан 50 йил аввал аҳолиси 7 миллионга етмаган Ўзбекистон аҳолиси бугун 28 миллиондан ошган. Яъни ярим асрда аҳолиси қарийб 4 баробар кўпайгани Ўзбекистон учун муаммоми ёки ютуқми?

– Ўзбекистон каби мамлакатда аҳоли ўсишини муаммо, деб атамаган бўлардим. Ўзбекистон яқинларгача, минтақа давлатлари орасида аҳолиси энг тез суратда ўсиб борган мамлакат ҳисобланган. Кейинги йилларда ҳукумат бу ҳолатни нисбатан назорат остига олишга муваффақ бўлди. Лекин Ўзбекистон каби кўплаб мамлакатлар ҳукуматларининг ўзлари, у ёки бу сабабга кўра, аҳоли тез суратларда ўсишига ҳал этилиши керак бўлган муаммо, деб қарайди. Бунинг сабаби аҳолининг ҳаддан ортиқ тез кўпайиши мамлакат иқтисодий ютуқларининг аҳоли турмушига ижобий таъсирини камайтиради. Яъни аҳолиси ўсиб бораётган мамлакатларда иқтисодий имкониятларнинг маълум қисми айтайлик, келажакка сармоя қилиш ўрнига ўша ортиб бораётган аҳолига сарфланади. Шунинг учун кўплаб мамлакатларда аҳолининг тез ошиб бориши ташвишларга сабаб бўлади.

Озодлик: Лекин кўпчилик, хусусан ўзбекистонликлар орасида инсон асосий бойлик, қанча кўп бўлса тараққиёт шунча яхши бўлади, давлат шунча кучлироқ бўлади, деган фикр бор. Бу аргументга қандай қарайсиз?

– Тўғри бундай аргумент тез-тез илгари сурилади. Айниқса, ривожланган давлатларда буни учратиш мумкин. Лекин, менимча, давлатнинг кучлилиги унинг аҳолиси сони билан, эмас унинг сифати билан белгиланади. Яна ҳозир айтган фикримга қайтсак, аҳоли камроқ бўлса, келажакка саромя қилиш, аҳоли жон бошига ялпи даромадни самаралироқ тақсимлаш ва пировардида аҳоли сифатини ошириш имкониятларини беради. Масалан, туғилган болалар таълимига кўпроқ сармоя қилиш имконлари очилади.

БМТ Аҳолишунослик идорасининг Марказий Осиё бўйича директори Николай Ботев фикрлари эди.

Қиёслаш учун маълумот: бундан 200 йил аввал Ер юзида бир миллиарддан камроқ одам яшаган. Сўнгги 50 йил ичида эса аҳоли сони 3 миллиарддан 7 миллиардга етмоқда.

Ўзбекистон аҳолиси 1960 йилда 7 миллион кишини ташкил қилган. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 28,2 миллиондан ошди.
XS
SM
MD
LG