Линклар

Россия ўғирланган ўзбек шифокори юзасидан нота юборди


Ўзбекистонлик шифокор Яман пойтахтига кетаётганда ўғирланган.

Ўзбекистонлик шифокор Яман пойтахтига кетаётганда ўғирланган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги душанба куни Яманда ўғирлаб кетилган ўзбекистонлик шифокор Воҳид Воҳидовни озод этишда кўмаклашишни сўраб Яман ҳукуматига мурожаат қилди.


“Яман пойтахтида Ўзбекистон элчихонаси йўқлиги боис, Россиянинг Санадаги элчихонаси Яман Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига В. Воҳидовни зудлик билан озод қилишга кўмаклашиш илтимоси битилган нота юборди”, дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган хабарномада.

Россиянинг Ямандаги элчихонаси вакили Айдар Туйгунов Озодликка Ямандаги ўзбек шифокорининг ўғирланишида сиёсий сабаблар йўқлиги ва ҳозирча Яман расмийларидан мазкур масала юзасидан бирор жавоб олинмаганини маълум қилди.

- Элчихонамиз маҳаллий Ташқи ишлар вазирлигига В.Воҳидовни озод этишга кўмаклашиш илтимоси билан нота юборди. Унинг рафиқаси озод этилган ва билишимча ҳозир ўша ўғирлаб кетилган Шабва провинциясида. У маҳаллий ҳукумат қарамоғида. Қабила вакиллари биз билан эмас, бевосита маҳаллий ҳукумат билан музокаралар олиб бормоқда. Шу боис элчихонамиз ҳозирча музокара жараёнига арашаётгани йўқ, деди Россиянинг Ямандаги элчихонаси атташеси Айдар Туйгунов.

Гаровга олиб кетилган Ўзбекистон фуқаросини озод этиш билан шуғулланаётган Россия бунинг учун барча имкониятларни ишга солаяпти, дея қўшимча қилди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Айдар Туйгуновга кўра, Воҳид Воҳидов хусусий шартнома асосида Шабва провинциясининг Байхон шаҳридаги “Дор аш-Шифо” госпиталида шифокор бўлиб ишлаб келган. У ўз рафиқаси билан Шабвадан ҳаж сафарига жўнаш учун пойтахт Санаага кетаётган пайтда Жаҳм қабиласи жанггарилари томонидан гаровга олинган. Бироқ жанггарилар Воҳидовнинг рафиқасини озод қилган.

Маълум бўлишича, Жаҳм қабиласи вакиллари оғир жиноятни содир этиб қамоқда ўтирган ўз қабиладошларидан бири озод этилсагина Воҳидовни қўйиб юборишларини айтган.

Санаадаги Россия элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, Яманда хориж фуқароларини ўғирлаш ва турли талабларни қўйиш тез-тез рўй бериб туради.

Шу йилнинг март ойида Тожикистон фуқароси бўлган ўзбек шифокори 60 ёшли Ҳамиджон Олчибоев Яманнинг Шабва вилоятида маҳаллий қабила вакиллари томонидан ўғирлаб кетилиб, кейинчалик қўйиб юборилган эди.

Яманда собиқ иттифоқ, хусусан Марказий Осиё давлатларидан кўплаб мутахассилар ишлашади.

Аввалроқ, Санаадаги касалхоналардан бирида ишлайдиган ўзбекистонлик шифокорлардан бири Ўзбекистоннинг ўзидан тахминан беш минг киши Яманда ишлашини айтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG