Линклар

“Мен Россия президентига ўз мулоҳазаларимни йўлладим¸ биз Ўзбекистон бўйича қарор чиқаришимиз лозим. Чунки Ўзбекистон ўйнаëтган уч томонлама ўйин унинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида қолишига изн бермайди”¸ деди бугун КХШТ Парламент ассамблеяси кенгаши қатнашчилари олдида чиқиш қилган Беларус президенти Александр Лукашенко.

“Ўзбекистон ҳозирга қадар КХШТнинг бирор жиддий ҳужжатини ратификация қилган эмас. Шу муносабат билан мен сизлардан бу масалани КХШТ Парламент ассамблеяси доирасида кўриб чиқиш имконини топишни сўрайман”¸ деди Лукашенко жумладан.

“Бугунги дунë ниҳоятда беқарор бўлгани боис¸ бу масалада ҳазиллашиб бўлмайди. Ўзбекистон бўйича қатъий ва бир ëқли қарор қабул қилиш керак. Биз ҳеч кимни ҳайдаб чиқараëтганимиз йўқ¸ аммо ҳамкорлик қилмоқчи бўлсангиз¸ марҳамат қилиб¸ КХШТ қоидаларига амал қилинг”¸ дея давом этди ўзи ҳам яқинларгача КХШТ лойиҳаларини бойкот қилиб келган Беларус президенти.

Лукашенкога кўра¸ яқин келажакда ЕвроОсиë иқтисодий иттифоқининг барча аъзоси¸ истисноларсиз¸ КХШТ аъзосига айланади.

"Ҳатто Ўзбекистон ҳам¸ охир-оқибат КХШТсиз ўз мустақиллигини сақлаб қолиш жуда қийин бўлишини англаб етади. Аммо бу Ўзбекистоннинг ўз иши ва биз унга аралашмаймиз”¸ деди бугун КХШТ Парламент ассамблеяси кенгаши қатнашчилари олдида чиқиш қилган Беларус президенти Александр Лукашенко.
XS
SM
MD
LG