Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:35

Ўзбек-қирғиз чегараси очилди


Ўзбек-қирғиз чегарасидаги 17 та ўтказиш пунктидан фақат "Дўстлик" бекатигина қайта очилди.
Ўзбек-қирғиз чегарасидаги 17 та ўтказиш пунктидан фақат "Дўстлик" бекатигина қайта очилди.

"Дўстлик" чегара пункти очилиши арафасида ўзбек чегарачилари томонидан Қирғизистон фуқаросига ўқ узилди.

25 октябр куни Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида Қирғизистон Республикаси Миллий хафсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Закир Тиленов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Руслан Мирзоев учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув натижасида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Ўшдан ўтувчи қисмида жойлашган “Дўстлик” чегара пункти борди-келди учун очилди.

Чегара соат 8 дан кечки 8 гача очиқ бўлади

Бу борада Озодликка Қирғизистон Чегара хизмати матбуот хизмати ходимаси Салқин Абдуқариева маълум қилди.

- Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара идораларининг ишчи учрашуви натижасида “Дўстлик авто” халқаро чегара пункти қайта ишга тушурилди. Мазкур ҳудудда чегарадан одам ўтказилиши 26 октябр куни соат 08.00дан бошланди. Мазкур чегара пункти ёз ойларида эрталабки 7 дан кечки соат 20.00 гача, қишки вақтда эрталабки 8дан соат 18.00 гача ишлайди. Қорайтирилган ойнали ва ўнг рулли автомашиналар Ўзбекистон томонга ўтказилмайди,- деди Салқин Абдуқариева.

Ўш шаҳри яқинида жойлашган ”Дўстлик” чегара пункти 2010 йилнинг 7 апрелидан сўнг Ўзбекистон томонидан бир томонлама ёпилган эди. 2010 йил Ўш ва Жалолободда содир бўлган воқеалардан сўнг Ўзбекистон чегара назоратини янада кучайтиргани маълум қилинган.

Ўзбек чегарачилари бир ўшликни отиб қўйди

26 октябр куни “Дўстлик” чегара пункти очилиши тўғрисидаги яхши хабар билан бирга мазкур чегара пункти яқинида жойлашган Қорасув туманига қарашли Суратош қишлоғида истиқомат қилувчи, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги махсус қўриқчилик хизмати ходими Саидислом Қўчқоровнинг ўзбек чегарачилари томонидан ўққа тутилгани борасидаги совуқ хабар ҳам тарқалди.

Айрим интернет наширлари Ўш вилоят Ички ишлар бошқармасига таянган ҳолда Саидислом Қўчқоров олинган тан жароҳати натижасида вафот этгани тўғрисида ҳабар тарқатишди.

Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Батир Нишановнинг ўзи эса Озодликка Саидислом Қўчқоров ўлими тўғрисидаги хабарни тасдиқламади. Унинг айтишича, бу ҳодиса 22 октябр куни бўлиб ўтган:

- Милициянинг катта сержанти Саидислом Қўчқоров Ўш шаҳар касалхонаси жарроҳлик бўлимига соат 23.50да олиб келинган ва операция қилинган. Унинг уйи симлари билан тўсилган чегара чизиғидан 10 метр узоқликда жойлашган экан. Ўша куни унинг қўйлари номаълум томонга чиқиб кетган. Соат тунги 11лар атрофида у фонар ёқиб чегара атрофида қўйларини излаб юрганида чегарачилар уни ўққа тутгани ёзилган махсус хабарда, - деди Батир Нишанов.

Маълумотга кўра, Саидислом Қўчқоров айни пайтда Ўш шаҳар касалхонасида даволанмоқда. Унинг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Чегарадаги нохуш воқеа икки томонлама ўрганилмоқда

Биз бу борада батафсил маълумот олиш учун суратошликларга ҳам телефон қилдик. Бироқ Саидислом Қўчқоровнинг яқинлари билан боғланишга қилган ҳаракатларимиз самара бермади.

Аснода Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котибаси Салқин Абдуқариева Саидислом Қўчқоров масаласи юзасидан текширув ишлари олиб борилаётганини айтди.

- Ўзбекистон чегарачилари томонидан яраланган фуқаро Саидислом Қўчқоров ўлими тўғрисидаги маълумот хақиқатга тўғри келмайди. Ўш вилояти Қорасув тумани Суратош қишлоғининг яшовчиси Саидислом Қўчқоров 2011 йилнинг 22 октябр куни ўқ отар қуролдан қорин қисмидан яраланган ва Ўш шаҳар касалхонасига олиб келиниб у ерда операция қилинган. Ҳозир унинг ахволи қониқарли деб баҳоланмоқда Ҳозир икки давлат чегарачилари томонидан мазкур воқеа юзасидан икки томонлама коммисия тузилди ва икки томонлама текширув олиб борилаяпти, - деди Салқин Абдуқариева.

Қирғиз-ўзбек чегарасида 17та ўтказиш чегара пункти мавжуд. “Дўстлик” пунктидан ташқари 16 чегара пунктининг қачон очилиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG