Линклар

Корхона ва тадбиркорлар газдан узилмоқда

  • Садриддин Ашур

Ҳукумат бу йил қишда газ бўлмаслигидан огоҳлантирмоқда. Аҳоли Ўзбекистон фархрланадиган табиий газга муқобил ёқилғи ғамлаш билан овора.

Ҳукумат бу йил қишда газ бўлмаслигидан огоҳлантирмоқда. Аҳоли Ўзбекистон фархрланадиган табиий газга муқобил ёқилғи ғамлаш билан овора.

Ҳукумат Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги газда ишлайдиган юзлаб корхоналар, жумладан нон заводлари раҳбарларига газга муқобил ёқилғи турларини топишни таклиф қилди. Хусусий новвойхоналар эса газ таъминотидан узилмоқда, бозорда тандир нонлари қимматлаяпти.


Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси топшириғига кўра, Тошкент вилоятидаги 500дан ортиқ корхона ва ташкилотлар ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари 2011-2012 йилги куз-қиш мавсумида марказий газ таъминотидан узилади. Бу корхона ва ташкилотлар раҳбарларига муқобил ёқилғи турларига ўтиш таклиф қилинган.

Тошкент шаҳрининг ўзида бу кампания бошланганига 15 кун бўлди. Қўйлиқ мавзесидаги маҳаллалардан бирида новвойлик қиладиган Жаҳонгирнинг Озодликка айтишича, 10 кун бурун унинг новвойхонаси газ идораси ходимлари томонидан ҳеч бир огоҳлантиришсиз газдан узиб ташланган:

- Ҳозир полний кўмирга ўтдик. Маҳалламизда нечта новвойхона бўлса, ҳаммасини газдан узиб кетишди. Сабабини сўрасак, “газ бўлмайди, тамом-вассалом”, дейишяпти,- дейди новвой Жаҳонгир.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида новвойлик қиладиган Комилжон ҳам туманда бу йил газ бўлмаслигидан хабари бор:

- Кеча Қўйлиққа бордим. Битта новвойим бор эди. Шогирдим мени. Борсам, ҳамма кўмирда ëпаяпти экан. Ҳамма газларни кесиб кетган қисқаси. Корхоналар, ошхоналар Қўйлиқда ҳозир кесилган. Кўмирда ëпишаяпти. Энди шу ҳақдаги гап бизда ҳам бор. 1 ноябрдан кесаркан, газ тўхтаркан деган гап бор,- дейди Комилжон.

Новвойнинг айтишича, агар нон кўмирда ёпиладиган бўлса, ноннинг нархи ошиши турган гап.

Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи Ўктамжон эса, новвойхона ва ошхоналарнинг газдан узилгани боис, уларда нон нархи аллақачон кўтарилганини айтди:

- Нарх-наво қимматлаган. Чойхона, новвойхона, магазинлардан газни узиб кетаяпти. Ўтган ойдан бошлаб газнинг нархи электр энергиядан ҳам ошиб кетди. Ҳаммасини узиб ташлаяпти ҳозир. Газ заправкалари бор. Асосий газ ўша ëққа кетади. Қайтанга ўшаларни ёпмайди, газ кетаяпти. Бу ëқда халқ қийналаяпти. Халқ овқатланиши, бошқа қилиши керакку. Кўмирга ўтаяпти, ўтинга ўтаяпти. Нарх кўтарилиб кетаяпти уже. Новвой нонлар 400-500 сўм эди. 600га чиқди. Каттароқ нонлар 1000-1500-2000-3000га ҳам бор,- дейди гулистонлик Ўктамжон.

Новвой Комилжон бу муаммонинг бошқа томони ҳам бор, дейди. Унинг фикрича, кўп новвойлар кўмирда нон ёпишни эплай олмаслиги мумкин, чунки улар кейинги йилларида фақат газда нон ёпишнинг ҳадисини олган. Бунинг оқибатида, дейди Комилжон, минглаб одамлар ишсиз қолиши мумкин:

- Қўлимизда борку, беш-олтита одам бўлсачи битта новвойхонада, ўшанинг ҳаммасига иш топилади. Мана шу новвойхоналарнинг ҳар бирида бешта-бешта новвой ишласа, ҳаммаси тирикчилик қилиб, оиласини боқиб, хотини туғса, хотинини болницадан чиқариб, мана шунинг орқасидан тирикчилик қилиб юрибди. Агар газ тўхтайдиган бўлса, кўп оила қийналади. Бир хиллари кўмирда ëпа олмайди. Янги шогирдлар газга ўрганиб қолган. Бугун обедда мисол учун газ ўчиб қолди. Сразу довдираб қолдида. Кейин ўзим “ундай қиласан, бундай қиласан” деб устида туриб, ўзим ҳаракат қилиб рулит қилдим. Агар ҳозир кўмир бўладиган бўлса, мен ўзим ëпаман. Сабаби уларнинг қўлидан келмайди. Куйдириб юборади, хом қилади, оловни баланд қилиб юборади. Газ бўлса, газда порядок бўлади. Бўлмаса кул бўлади, ўтин бўлади, қисқаси бардак бўладида,- дейди Комилжон.

Ўзбекистон Марказий Осиёда газ ишлаб чиқаришда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Ўзбекистон ҳар йили хорижга 10 миллиард кубометр газ экспорт қилади.

Бироқ ички бозорда ҳар йили газ танқислиги сезилади. Қиш мавсуми яқинлашиши билан вилоятлардаги газ босими кескин пасаяди. Аксарият қишлоқларга эса газ умуман етиб бормайди.

Ўтган ойда Вазирлар маҳкамаси кўрсатмасига кўра, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари расмийлари аҳолини бу йил қишда табиий газ бўлмаслигидан огоҳлантириб, кўмир ғамлашни тавсия қилган эдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG