Линклар

Петербургда миллатчилар юриши кутилмоқда


Миллатчилар мардикорни ўлдирганда эди бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинар эди, дейди Ўзбеклар жамияти раиси.

Миллатчилар мардикорни ўлдирганда эди бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинар эди, дейди Ўзбеклар жамияти раиси.

27 октябр куни Санкт Петербургда миллатчилар "Зенит" футбол клуби фанати Роман Ловчиков хотирасига бағишлаб оммавий акция уюштиришни режалаштирмоқда. 22 ёшли фанат Роман Ловчиков 19 окятбр куни ўлдирилган эди. Суд уни ўлдирганликда гумон қилинаётган уч нафар ўзбекистонликни ҳибсда сақлаш муддатини узайтирди.


Санкт Петербургдаги миллатчи ташкилотлари уч нафар ўзбекистонлик билан бўлган муштлашувда ҳалок бўлгани айтилаётган “Зенит” футбол клуби фанати Роман Ловчиков хотирасига бағишлаб 27 октябр куни ўтказилиши кутиалётган оммавий юришга одамларни даъват этмоқда.

Турли ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган хабар ва маълумотларда Ловчиков ўлимига миллий тус берилиб, қотиллик “ўзбеклар” томонидан содир этилганига урғу берилмоқда.

Кузатувчилар бундай шов-шувнинг кўтарилиши ортидан Петербург ва Россиянинг бошқа шаҳарларида меҳнат муҳожирларига нисбатан зўравонликлар сони ошиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Россия "маданий пойтахти" ҳисобланмиш Санкт Петербургдаги юришда “Русские ҳаракати", "Рус империяси ҳаракати", ДПНИ, “Рус жамоатчилик ҳаракати” ва бошқа миллатчи гуруҳлар иштирок этишини эълон қилди.

“Биз барчангизни 27 октябр куни соат 20.00 да Санкт-Петербургда “Гостиний двор” метро бекати ёнида бўлиб ўтадиган хотира акциясида иштирок этишга чақирамиз. Бу тинчлик акцияси, атиргул, шам, фотосурат ва бошқа символика билан келишингизни сўраймиз. Жиноятнинг жазосиз қолишига йўл қўймаймиз! Биз иммиграция тартиби ўрнатилиши тарафдоримиз!” деб ёзди тадбир ташкилотчилари ижтимоий тармоқлардан бирида.

Айни пайтда маҳаллий полициячилар Санкт Петербургда ҳам ўтган йили Москвада “Манежная майдони”да рўй берган воқеалар такрорланиши мумкинлигидан хавотирда.

Озодлик билан суҳбатлашган Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича Бош бошқарма раҳбари муовини полковник Сергей Капитонов муҳожирлар ва маҳаллий йигитлар ўртасидаги жанжал на спортга ва на бирор миллатга алоқаси борлигини таъкидлайди.

- Тергов давом этмоқда. Аммо ҳозирдан айтишим мумкинки, муштлашув сабаби маиший характерга эга ва мутлақо спортга алоқаси йўқ. Шунингдек, бу жанжал муштлашганларнинг миллатига таалуқли томони ҳам бўлмагани аниқ. Шунга қарамасдан ўзбекистонликларнинг уч нафари ҳам қўлга олинди,- дейди тергов бўлими ходими Сергей Капитонов.

Санкт Петербург Тергов бошқармаси расмийсига кўра, 18 октябр куни кечаси соат 10 ларда уч нафар Ўзбекистон фуқароси - 41 ёшли Икром Розиқов, унинг укаси 33 ёшли Низом Розиқов ва 32 ёшли Маъмур Қудратовлар билан тўрт нафар маҳаллий фуқаро ўртасида жанжал келиб чиққан.

Жанжал пайти Икром Розиқов маҳаллий йигитлардан бирини метал труба билан урган.

"Зенит" футбол клуби фанати 22 ёшли Роман Ловчиков кейинчалик олган жароҳати натижасида уйига етмасдан ўлган. Маҳаллий фуқаролардан яна бири Роман Фёдоров жароҳатланиб шифохонага етказилган.

Санкт Петербургдаги “Умид” Ўзбеклар жамияти раиси Алижон Ҳайдаров муштлашувни айнан рус йигитлари бошлаганини айтади.

- Улар ўзлари бошлаган. Ўзбек йигитлари подвалда трубаларни созлаётган бўлган. Булар эса подвалга кириб муштлашган. Нега подвалга тушади урушгиси келмаса?! Бу йигитчалар тўрт кишлашиб бизникиларга ташланган. Жанжал пайтида биттаси труба билан бошига беҳостан уриб қолган. Улар ўзини – ўзи ҳимоя қилган. Агарда руслар мардикорни ўлдириб кетганда эди бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинар эди,- дейди Алижон Хайдаров.

Тўрт маҳаллий йигит ва уч ўзбек ўртасидаги муштлашув пайти ўзбеклар жароҳат олганми йўқми, бу ҳақда Санкт Петербург Тергов Бошқармаси сайтида бирор маълумот берилмаган.

22 октябр куни Петербургнинг Нева туман суди Икром Розиқов, Низом Розиқов ва Маъмур Қудратовларни ҳибсда сақлаш муддатини узайтирди, дейди Озодлик радиосига судя Арина Гальцева

- Ҳозирча улар 2 ойга қамалди, кейин эса маълум бўлади. Буни Тергов ишларини олиб бораётган Тергов қўмитаси вакиллари ҳал этади,- деди яна бир ойлик қамоқ муҳлатини қўшиб айтишни унутган судя Арина Гальцева.

Роман Ловчиков ўлими билан боғлиқ вазият Россия жамоатчилигида миллатчилик кайфиятининг кўтарилаётганини англаётган “Зенит” футбол клуби фанатлари ва Романнинг дўстлари ўзларининг расмий “Ландскрона” сайтида 27 октябрдаги миллатчилар юришларида иштирок этмасликка чақирди.

“Бу одамлар ва ташкилотлар ким эканлиги ва нима мақсад кўзлаётганини англаш қийин эмас. Ишонинг, Романнинг оиласи ва дўстларига уларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ”, дейилади “Зенит” фанатлари сайтида чиқарилган мурожаатномада.

Ҳибсга олинган ўзбекистонликларга нисбатан Россия Жиноят Кодексининг 111-моддаси 4-қисми, яъни шахс ўлимига сабаб бўлган қасддан соғлигига зарар етказиш бўйича жиноий иш очилди.

Бу моддага кўра, ҳибсда қолаётган Ўзбекистон фуқароларига 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG