Линклар

logo-print

Телевизорни биров ўтириб кўради, биров ёнбошлаб, яна биров ястаниб ётволиб кўради. Бировлар ҳафсала билан – кўк чойни аччиқ дамлаб, бир ҳовуч майиз солинган тақсимчани олдига қўйволиб кўрса, баъзилар телевизорни ёлғизликдан қутулиш учун ёқиб қўяди – жавраб турсин шу! Фақат бизнинг мухбиримиз севиб кўради телевизорни. Жон-жаҳди билан кўради. Тикилиб кўради. Айниқса ЎзТВни. Шундай қилиб, навбат “Телевизор” рукни остидаги навбатдаги эшиттиришга.


Тунов куни Ўзбекистон телевидениесида тил тўғрисидаги гўзал бир маърифий-ижтимоий ролик кўриб қолдим.

“Қадрли ўқувчилар. Сизлар билан она тили дарсимизни бошлаймиз.

Қадрим сўраганда қайроғим тилим,
Ëрнинг таърифида қаймоғим тилим,
Ëвнинг юрагига титроқлар солган,
Алпомиш белида белбоғим тилим.

Гўзал матн. Ўктам овоз.

Тунов куннинг эртасига тошкентлик бир тингловчимиз Озодликка мамлакат миқёсидаги Катта Текширувчи Идоранинг йиллик иш режасини жўнатди.

Режанинг бир бандида бундай дейилган:

“Во всех государственных и негосударственных, правительственных и неправительственных, коммерческих и некоммерческих и иных предприятиях, организациях и учреждениях провести тщательную проверку исполнения Закона Республики Узбекистан “О государственном языке.

Хокимам городов и сёл доложить Большому Проверяющему Учреждению о принятых мерах по защите узбекского языка к 21 октября текущего года, когда весь узбекский народ будет отмечать 22-годовщину вышеуказанного закона”.

Тингловчимиз Катта Текширувчи Идоранинг бу фармойишига жавобан тайёрланган ҳисоботлардан ҳам нусхалар ҳам жўнатди.

N. вилоятининг M. тумани ҳокими ҳисоботидан бир парча келтирамиз:

“Виполняя ваш порученя в нашим район ми провели проверка. Определили, что многие руководители недостаточно охраняют ўзбекский язик. Некоторий из них напсали вивеска на магазин на ўзбекский язик. Ест и такий руководители каторий пишет свои ответи на писма жителей на ўзбекский язик. Вигнал с работа 5, обявил виговор 15 руководител. Осталние предупредил что ўзбекский язик надо эхтиёт делат. Чтоби он достался следушший авлод свежий. Извините, за ашипки на руский язик. Наш нештатний сатрудник, учител руский язик и летратура сейчас работает на Россия на должности гастарбайтер и поэтому не могли праверит.

С уваженя хоким М.ский район.

Яссавий байтида туморим тилим,
Навоий назмида сен орим тилим,
Кумушнинг васфида бетактор малак,
Қодирийдан қолган ëдгорим тилим.

Келтирилган ҳужжатлардан тушуниладики, Ўзбекистонда Катта Текширувчи Идора даражасида ҳам, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари даражасида ҳам давлат тилини кўз қорачиғидай асраш, уни келса-келмаса ўн беш ишлатиб оҳорини тўкиб қўйишнинг олдини олиш, келажак авлодга тахи бузилмаган оқ кўйлакдай етказиш учун барча ишлар қилинмоқда.

Буни Ўзбекистон телевидениеси информацион дастурларидан ҳам билиб олса бўлади.

Масалан, мамлакат президентининг Фарғона сафари тўғрисидаги сюжетда Ислом Каримовнинг ”Индорама” ширкатига боргани кўрсатилди.

Кадрда ширкат фаолияти тўғрисидаги стендларни кўрамиз. Улардаги маълумотлар “Стоимость проекта”, “Производственная площадь” ва ҳоказолар, деб русча ва инглизча ёзилган. Ўзбекчаси йўқ. Тўғри-да, нима қилишади давлат тилида ёзиб. Уни – давлат тилини ҳимоялаш керакку! Алоҳида қонун бор-а!

Кўзларнинг гавҳари кўнгил ойнаси,
Изҳор иффатидир ëрнинг гинаси,
Машраб қаламида девона тилим,
Тинглаган, энтиккан ишқ ашуласи.

Қолаверса, президент ҳам қийналмади – ўзининг тилида ўқиди.

Президентни кутиб олган фарғоналиклар тил масаласида бироз хатога ҳам йўл қўйган. Масалан, дала, боғ ва полиз маҳсулотлари кўз-кўзмасига намуналари қўйилган мева-чевалар устига ўзбекча ёзиб қўйишибди.

Нима қилишарди тилимизни шу бир-икки соатли шалтоққа булаб?!

Тилни оҳорини тўкмай сақлаш заруратини Ўзбекистоннинг Энг Каттадан Кичик Идораси – Вазирлар Маҳкамасида ҳам яхши тушунишади.

Мана тунов кунги мажлисдан бир кадр: қандайдир вазирми ҳокимнинг тирноқлари маникюр қилинган беғубор қўлида қоғоз. Қоғозда “Макроэкономические показатели за январь-сентябрь”, деб ёзилган.

Жисмимда демангиз жонимда тилим,
Етмиш икки томир, қонимда тилим,
Ўғлимга ҳам менинг жонимдан ўтган,
Қизимга қатралаб қонимдан ўтган.

Умуман, Ўзбекистоннинг Энг Катта Идораси ҳам, Ўзбекистоннинг Энг Каттадан Кичик Идораси ҳам давлат тили охорини тўкмасликнинг узоқ муддатга белгиланган чорасини кўриб қўйган.

Эътибор берган бўлсангиз, саводи лотин ёзувида чиққанлардан дастлабкиларининг фарзандлари бир-икки йил ичида мактабга боради. Лекин улар учун лотинда биронта ҳам катта сиёсий газета йўқ.

Кирилда ўқийдиганлар эса, йилдан-йилга камайиб бораяпти. Яна 30-40 йил тиш-тишга қўйилса бўлди – кирилда ўқийдиганлар умуман ўқимайдиганлар қаторига қўшилади. Бутун халқ лотинда ўқиши мумкинларга айланади. Ўқиши мумкину газета бўлмайди. Пайдо бўлса ҳам кўникма бўлмайди. Газета ўқиш кўникмаси.

Муҳими - натижа кутилгандай бўлади. Тил сақланиб қолади. Охори тўкилмайди.

Шу маънода Ўзбекистон телевидениесининг эшиттиришимиз давомида фойдаланганимиз –тил тўғрисидаги гўзал маърифий-ижтимоий ролиги зарарли кўринадур!

Қадрим сўрасангиз, қароғим тилим,
Кўнгил осмонида чароғим тилим,
Нонидек тотлию чойидек иссиқ,
Ўзбек кўксидаги булоғим тилим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG