Линклар

Ўзбекистон жаҳондаги автомобил ишлаб чиқарувчи 28 давлатнинг бири бўлатуриб, аҳолисига автомобил етиштириб беролмаяпти.


Шу кунларда Ўзбекистоннинг қайси автосалонига борманг машина йўқ.

Хоразмлик тадбиркор Матрасул янги "Lacetti"га етадиган пули бор, лекин машина ололмай сарсон.

- Ўзида машина заводи бўлиб туриб, машина етишмаса, бу нима деган гап. Майли долларга қилиб қўйибди, долларга сотаяпти, ўзимизни миллий сўмга эмас, шунга ҳам рози бўлдик. Лекин, долларга ҳам салонда йўқку,- дейди Матрасул.

Тошкентнинг Сирғали мавзесидаги автосалонга қўнғироқ қилдик. Ҳақиқатан ҳам салонда машина йўқ.

- Салонда машина йўқ. Бир ойдан кейин қўнғироқ қилиб кўринг,- деди сотувчи йигит.

Тошкентдаги бошқа автосалонларни ҳам айландик.

- Ҳозир сотиладиган машина йўқ. Фақат шартномага. Марҳамат қилиб, навбатга ёзилиб, машина нархини 85 фоизини долларда нақд тўлайсиз. Ана ундан кейин “Lacetti”га шартнома имзолашимиз мумкин. Келаси йил март, апрел ойида машина тайёр бўлиб қолар,- дейди Тошкентдаги Рохат автосалони ҳодимаси.

Тошкентлик Тохир ҳам уч ойдан буён машина олаолмай сарсон.

- Машина дефицит. Одамлар навбатга туриб пулни тўлаяпти, лекин анча вақт кутиб қолишяпти. Нимага бундайлигини билмайман, балки машиналарни кўпроқ четга сотишаётгандир. Аҳир ҳукуматни мақсади мамлакатга четдан кўпроқ валюта тушумини таъминлашку,- дейди Тохир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган "Нексия" ва "Матиз" автомобиллари Россияда энг кўп сотилаётган хорижий русумлар ҳисобланади.

Автомобил ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ҳисоботига кўра, GM Uzbekistan ўзбек-америка қўшма корхонаси сўнгги тўққиз ой ичида Россияга енгил автомобил сотишни 31 фоизга оширган ва жорий йилнинг январ-сентябр ойлари оралиғида Россияга 71623 та турли ҳил Chevrolet машиналарини сотган.

Ўтган бу давр ичида GM Uzbekistan Россияга машина сотиш бўйича ўнинчи поғонага кўтарилган.

ЎзДЭУавто ёпиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти базасида 2008 йилда ташкил этилган GM Uzbekistan қўшма корхонаси йилига 250 минг автомобил ишлаб чиқаради.

Лекин, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар мамлакат ичида ҳам ўзбек сўмида эмас, АҚШ долларига сотиляптику?

- Шунга биз ҳам ҳайронмиз. Ҳозир Россиядан доллар келяпти, у ерда ишлаётган ака-укаларимиз жўнатяпти. Чўнтагимизда доллар бўлса ҳам машина олаолмаяпмиз. Йўқ машина - дейди Матрасул.

Ўзбекистоннинг ички автобозорида машиналар нархи Россиядагидан ҳам юқори. Таҳлилчилар фикрича, автомобиллар савдоси мамлакат юқори доираларидаги коррупция кўринишининг бир турига киради.

Ўзбекистонда четда ишлаб чиқариладиган бошқа тур машиналарни олиб киритилиши учун йирик миқдорда бож тўловлари жорий этилган.

GM Uzbekistan монополияса мамлакатдаги маҳаллий ҳаридорларга четдан бошқача машина олиш танловини қолдирмаган.

GM Uzbekistan ширкатининг 75 фоиз улушига эга ЎзАвтосаноат расмийларидан машиналар тақчиллиги борасида тушунтириш олаолмадик.

АҚШда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, Ўзбекистондаги завод мамлакат аҳолисининг машинага бўлган эхтиёжини қондира оладиган даражага кўтарилгани йўқ ҳали.

- Ҳали Ўзбекистон бу борада ўзи мўлжалланган проект мошностига чиққанича йўқ, - дейди Йўлдошев.

GM Uzbekistan расмий сайтида келтирилишича, ўтган йил мобайнида 143 мингта автомобил Ўзбекистон ички бозорида сотилган.

GM Uzbekistan 2008 йилда тузилган қўшма корхона бўлиб, унинг 75 фоиз улуши ЎзАвтосаноат, 25 фоиз акциялари эса Америка ширкатига қарашлидир.

Яқинда Ўзбекистонга сафар қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Тошкентдаги GM Powertrain Uzbekistan ўзбек-америка қўшма корхонаси очилиши чоғи автомобил двигателлари ишлаб чиқаруви бу заводни икки давлат ҳамкорлиги тимсоли деб атади.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида тузилган “GM Uzbekistan қўшма” корхонаси учун замонавий ва экологик тоза автомобил двигателлари ишлаб чиқарадиган, қарийб 522 миллион АҚШ долларига тенг янги “GM Powertrain Uzbekistan” заводи келаси ойдан ишлай бошлаши айтилмоқда.

GM Тошкент вилоятида қурилган заводнинг 52 фоиз акцияларига эгадир, қолган 48 фоизи ЎзАвтосаноатга тегишли.

Унда GM Uzbekistan қўшма корхонаси машиналари учун йилига 225 минг дона турли ҳажмидаги моторлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Дунёнинг 18 мамлакатида енгил автомобиллар учун двигателлар тайёрланади. Энди Ўзбекистон ҳам бу давлатлар қаторига кириши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG