Линклар

logo-print

Тошкентдаги Сингапур институти талабалари дипломсиз қолмайди

  • Садриддин Ашур

Интернетда пайдо бўлган хабарлар Сингапур менежментликни ривожлантириш институти талабаларини ташвишга солди.

Интернетда пайдо бўлган хабарлар Сингапур менежментликни ривожлантириш институти талабаларини ташвишга солди.

Тошкентдаги Сингапур менежментликни ривожлантириш институти талабаларинининг дипломсиз қолиши ҳақида Интернетда тарқалган хабарни ўқув юрти раҳбарияти рад қилмоқда.


Тошкентдаги Сингапур менежментликни ривожлантириш институтида таҳсил олаётган мингдан ортиқ талабалар диплом ололмаслиги ҳақида хабар 24 октябр куни пайдо бўлди. Йилига 5000 АҚШ доллари миқдорида пул тўлаб ўқиётган талабалар халқаро тоифадаги олий маълумот дипломисиз қолиши мумкин.

Бу ҳақда хабар тарқатган Uzmetronom.com Интернет сайтига кўра, институтда тарқалган жанжалга, Сингапур институти билан шартнома тузган Буюк Британиянинг Уэлс университети ўз фаолиятини тўхтатгани ва Брэдфорд университети ўтган йилда тошкентлик талабаларга диплом беришни тўхтатгани сабаб бўлди. Брэдфорд университети раҳбарияти бунинг сабабини Сингапур университети талабаларининг Брэдфорд таълим талабларига жавоб бермайдиган ҳолда тайёрланаётгани билан изоҳлагани айтилади.

Гап шундаки, Сингапур менежментликни ривожлантириш институти хусусий институт бўлиб, у диплом бериш лицензиясига эга эмас. Шартномага кўра, дипломларни юқорида номлари келтирилган университетлар беради.

Озодлик бу масалага ойдинлик киритиш учун институт раҳбарияти билан боғланди. Ўзини таништирмаган институт ходималаридан бири ҳақиқатан ҳам диплом юзасидан келишмовчилик юз берганини тан олди:

- Институт раҳбарияти бу масала бўйича ҳар бир студентга ахборот берган. Бошқа ҳеч нарса айта олмайман,- деди институт ходимаси.

Тошкентдаги Сингапур менежментликни ривожлантириш институтида таҳсил олаётган талабалардан бири Озодлик билан суҳбатда исми сир қолишини илтимос қилди. Унга кўра, бу воқеа ҳақиқатан ҳам уларни чўчитиб юборган, бироқ институт раҳбарияти уларнинг дипломсиз қолмаслиги ҳақида ҳар бир талабанинг электрон почтасига ёзиб билдирган:

- Бизларга институтнинг Сингапурдаги президенти хат юборибди, ректорнинг номига, ўшаларни кўрсатиб. Ректор“Сизлар хавотир олманглар” деб ота-оналарга, ўқувчиларнинг ҳаммасига мажлис қилиб йиғиб айтишди, ҳар бир сутдентга хат ёзди. “Сизлар хавотир олманглар. Бу бўлмаган нарса. Озгина тушунмовчилик бўлган эди” дейишди. “Энди Шотландия университети томонидан бериладиган дипломни Англия беради. Диплом энг каттасидан тарқатилади” деяпти.

Брэдфорд биз учун ëпилибди лекин. Ростакам ëпилган. Через чур қийин бўлгани учун ва болалар анча-мунча қийналиб қолгани учун yларни йўқ қилиб ташлашди. Йиқилган болаларга қайтиб топширишлар бўлмадида. Жуда қийин бўлиб кетди,- дейди Тошкентдаги Сингапур менежментликни ривожлантириш институти талабаси.

У энди Буюк Британиянинг қайси университети дипломи берилишини эслолмади.

Uzmetronom сайтига кўра, ҳозирча Сингапур менежментликни ривожлантириш институтининг фақат туризм бўйича мутахассислар тайёрлайдиган “Southern Cross” университети билан шартномаси сақланиб қолган, холос.

Тошкентдаги Сингапур менежментликни ривожлантириш институтида Ўзбекистон молия бозори учун банк ходимлари, иқтисодчилар тайёрлайдиган “Бизнес бошқаруви”, “Банк иши ва молия”, “Бизнесда янги ахборот технологиялари”, “Туризм ва саёҳат” факультетлари амал қилади.

Ўзбекистон Банклар уюшмаси институт муассисларидан бири ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG