Линклар

Интернетга кирувчилар сони кўпаймоқда


Ўзбекистондаги Интренет-кафелар мижозлари номақбул сайтга кириб қўймасин учун кузатиб турилади.

Ўзбекистондаги Интренет-кафелар мижозлари номақбул сайтга кириб қўймасин учун кузатиб турилади.

Ўзбекистонда Интерент фойдаланувчилар сони 8 миллионга яқинлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон алоқа ва ахборот агентилигида ўтказилган мажлисда маълум қилинди. 2011 йилнинг уч чораги якунларига бағишланган мажлисда шунингдек, Ўзбекистонда Интернетга уланиш хизматларини тақдим қиладиган фирмалар 939, Интернет-кафелар сони 1032 етгани таъкидланди. Ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилар ҳам сафлари кун сайин кенгаяётганидан хурсанд. Бироқ ўзбекча Интернетнинг хусусиятлари глобал тармоқ тушунчасидан бир мунча фарқ қилади.


Ўзбекистон алоқа ва ахборот агентлиги 24 октябр куни ўтказган 2011 йил дастлабки тўққиз ойи якунларига бағишланган мажлисда ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилар сони 7,9 миллионга етгани маълум қилинди. Бу ўтган йилдан бери глобал тармоққа чиқаётган ўзбекистонликлар ярим миллионга кўпайганини англатади. Интернетга уланиш хизматларини кўрсатувчи корхоналар ҳам ўтган йили 934 бўлган бўлса, бугунга келиб 939, Интерент-кафелар сони эса 985 дан 1032 га чиққан.

Қарийб 8 миллион фойдаланувчиларнинг ярмидан кўпи – 4,3 миллиони Интернетга мобил телефонлардан кираётгани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик Интернет шинавандаларининг ўзлари ҳам сафлари кенгаяётганидан хурсанд. Фарғонадаги Интерент-кафелардан бирида мутахассис бўлиб ишлаган Абдулазиз ана шундайлардан бири. Унинг айтишича, фарғоналик Интернет фойдаланувчиларнинг аксар кўпчилиги ижтимоий тармоқларга киришга ишқибоз.

– Анча кўпайиб одамлар нима қилаяпти. Ҳозир одамлар кўп қизиққан. Ëшлар кўп қизиқаяптида. Энг машҳурлари қайси Интернет-кафега кирсангиз, “одноклассники”да ҳамма ўтиради.

Лекин Абдулазизнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистондаги Интернет бошқа мамалакатларда урф бўлган глобал тармоқ тушунчасидан бироз фарқ қилади. Масалан, Ўзбекистонда ҳамма вэб-саҳифаларга ҳам кира олмайсиз. Жумладан расмий кўз-қарашлардан фарқ қилувчи мустақил ахборот бериладиган сайтлар тўсиб қўйилгани боис одамлар бу сайтлар борлигини эсдан чиқараёзган.

– У сайтларга Ўзбекистонда кириш тақиқланади. У сайтларни блокироват қилиб қўйишган. Бу тўсиқларни олиб ташлаш мумкин, лекин ундай қилишмайди. Кам киришади. Умуан киришмайди, деса ҳам бўлади. Айниқса, Интернет-кафеда умуман киришмайди. Чунки қўрқади. Администратор кузатиб ўтирадию. Бирортаси кириб қолганини кўрса, кирманг дейдида. Чунки кейин Интернет-кафенинг бошини оғритишадида.

Абдулазизнинг ўзи ҳам жаҳон тармоғидан асосан мусиқа кўчириб олиш ёки компьютер ва Интренет соҳасидаги янгиликларни қидиради холос.

Интернет-кафеларга баъзан талабалар ҳам келади, улар орасида имтихонга тайёрланаётган ёки реферат ёзиш учун адабиётларни қидираётганини учратиш мумкин, лекин бош қолдим дегунча ҳаммаси яна ижтимоий тармоқларга шўнғиб кетади, дейди Абдулазиз.

Интерент-кафеда мутахассис бўлиб ишлаган суҳбатдошимиз, кейинги бир-икки йил ичида айниқса мобил телефон орқали жаҳон тармоғига чиқишга уринаётганлар кўпайган, дейди.

– Улар ҳаммаси одноклассникига киришади десак ҳам бўлаверади.

Озодлик: Мобил телефондан қанақа қилиб киради одноклассникига? Жуда кичкина эмасми экрани?

– Кичкинаю, билмадим киришади. Фойдаланиб ўтиришади. Компютерда қизиқроғу, телефонда ҳамма ëқдада.

Ўзбекистонлик яна бир суҳбатдошимиз Муроджон ҳам ахборот бобида асосан спорт ёки шоубизнес янгиликларини қидиришини айтади. Муроджон билан қисқа суҳбатдан ўзбекистонлик Интеренет-фойдаланувчилар ҳали ҳам рус тилидаги ижтимоий тармоқларни маъқул кўриши маълум бўлди.

– Мен ўзимга керакли нарсани, мисол учун ўзимга нима керак бўлса, масалан спорт ҳақида, ўзимнинг касбимда бирор нарса керак бўлса, одноклассники, мэйл, агент шунақа нарсалар асосан.

Озодлик: Рус тилидагидан ташқари Facebook, Myspace деган сайтлар бор. Twitter деган хизматлар бор. Шунақалардан фойдаланиш қанақа Ўзбекистонда?

– Унақалардан кўпинча фойдаланмаса керак ҳали. У ҳам одноклассникига ўхшаган нарсами?

Озодлик: Масалан Facebook одноклассникига ўхшаган.

– Бизда йўқ. Бизда асосан одноклассники, вконтакте ишлатилади.

Озодлик: Twitter деган нарса ҳақида эшитмаганмисиз?

– Йўқ. Нима у twitter ака?

Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Facebook ижтимоий тармоғида бугун 90 мингга яқин ўзбекистонлик фойдаланади. Жаҳон бўйлаб Facebook шинавандалари сони 900 миллионга яқинлашган.

Twitter нинг 250 миллионга яқин фойдаланувчиси ичида атиги 1000-2000 атрофида ўзбеклар борлиги айтилади.

Интернет бўйича мутахассис Абдулазизнинг айтишича, ўртахол фойдаланувчи Интернет учун ойига 15-20 минг сўм сарф қилади.
XS
SM
MD
LG