Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:36

Тожикистон Афғонистонга электр сота бошлади


Афғонистон ва Покистон энергетика бозори учун Ўзбекистон билан рақобат қилаётган Тожикистонда 27 октябр куни 220 киловольт қувватга эга бўлган Сангтўда - Пули Хумри электр узатиш тармоғи ишга тушди. Юқори кучланишли электр тармоғи йилнинг беш ойи давомида 300 мегаватт электр энергиясини Тожикистондан Афғонистонга узатиб бериши айтилмоқда.


220 киловольт қувватга эга бўлган Сангтўда-Пули Хумри электр узатиш тармоғи Тожикистон жанубидан Афғонистон шимолидаги Қундуз ва Бағлонига тортилган.

Бу тармоқ 27 октябр эрталаб Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов ва Афғонистон вице-президенти Муҳаммад Қосим Фаҳим иштирокидаги маросимда ишга туширилди.

Сангтўда-1 ГЭСи ишлаб чиқарган электр қувватининг 300 мегават ёки йилига 60 миллион кВт/соат миқдорида келаси беш ойи давомида ана шу тармоқ орқали афғонистонликларга узатилади.

- 2015 йилга бориб Тожикистонда электр ишлаб чиқариш ҳажми ошиши билан бизга дўст бу мамлакат йилнинг 12 ойи давомида шу миқдор электрни мунтазам равишда экспорт қилади, дея билдирди 26 октябр куни Душанбега келган Афғонистон Энергетика вазири Муҳаммад Исмоилхон.

Сангтўда-Пули Хумри электр узатиш тармоғи 2009 йилнинг февралида қурила бошлаганди.

Бугун расман ишга тушган тармоқ шу йил август ва сентябр ойларида Афғонистонга 45 млн квт.соат энергия етказиб берган.

Шу кунларда тожикистонликларнинг катта қисми электр доимий таъминотидан узилиб қолганидан шикоят қилмоқдалар. Республика барча туман ва қишлоқларида бир кеча кундузда 8 баъзи жойларда эса 6 соат электр берилмоқда.

2000 йиллар бошида Тожикистон халқаро молия институтлари ва хорижий ширкатлар билан шартнома имзолаб, бу мамлакатда қурилажак ГЭСлар учун сармоя ётқизган давлатларга йилнинг исталган фаслида ишлаб чиқарилган электрни ташқарига сотиш имкониятини бериш мажбуриятини олган.

Шу боис, соҳа бўйича мустақил таҳлилчилар фикрича, бугун Россия сармояси эвазига қурилган Сангтўда-1 ва Эрон сармояси эвазига қурилган Сангтўда-2 ГЭСлари ишлаб чиқараётган электрнинг асосий қисми Афғонистонга сотилмоқда. Гарчи тожикистонликлар куз ва қишнинг айни совуқ кунлари электрсиз қийналаётган бўлса-да, Тожик ҳукумати хорижий инвесторларнинг бу режасига қаршилик кўрсатишга юридик жиҳатдан ҳақсиздир.

“Барқи тожик” ширкати расмийси Нозиржон Ёдгорий “Сангтўда-Пули Хумри” электр узатиш тармоғининг лойиҳаси 2007 йил ишланганини маълум қилди.

“Бу лойиҳадан кўзланган мақсад ҳар йил бефойда оқиб кетаётган миллиардлаб куб сувдан самарали фойдаланишдир. Масалан шу йил баҳор ва ёз фаслида 3,9 миллиард куб метр сув бефойда оқиб кетди”, деди Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда “Барқи тожик” ширкат расмийси.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон жанубидаги Норак, Сангтўда -1 ва Сангтўда -2 ГЭСларининг умумий сув омборида йилига 10,5 миллиард куб метр сув захира қилинади. Бу сув омбори ана шу миқдордан ортиқ сув захира қилиш имконига эга эмас.

Мутахасислар бунинг сабабини Норак сув омбори лойқага тўлгани билан изоҳлайдилар.

Мустақил таҳлилчилар Тожикистоннинг Афғонистонга электр узатиш тармоғини тортишдан мақсади Афғонистон ва Покистон энергетика бозорини монополия қилиш эканини таъкидлайдилар.

- Тожикистон четга электр сотиш билан биринчидан мамлакатдаги қашшоқликка барҳам бериш, иккинчидан эса бу соҳасида шу пайтгача Марказий Осиёда яккаҳоким бўлган Ўзбекистоннинг энергетика бозорини касод қилишни истайди, дейди соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддинов.

Энергетика вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Афғонистонга сотиладиган тожик электри ҳар киловати 3,5 центдан этиб белгиланган. Вазирлик расмийлари бу Ўзбекистон Афғонистонга сотаётган электр нархидан икки ярим баравар арзонроқ эканини таъкидладилар.
XS
SM
MD
LG