Линклар


Бугун Тунис сайлов комиссияси якшанба куни ўтказилган парламентлик сайловида Исломий Эннаҳда партияси номзодлари ғалаба қозонганини тасдиқлади.

Тунис собиқ президенти Зайн ал-Обиддин Бин Али даврида фаолияти таъқиқланган Исломий Эннаҳда партияси парламентдаги 217та ўриндан 90 тасини эгаллади.

Республика конгресси партиясига 30 ўрин, Эттакатол социал-демократлар партиясига эса 21 ўрин тегди. Қолган ўринларни мухолифатдаги Ал-Аридха партияси эгаллади.

Эндиликда депутатлар мамлакатнинг янги конституциясини ишлаб чиқади ва ҳукумат аъзоларини сайлайди.

Тунис тарихида илк демократик сайлов дея қайд қилинган, якшанба кунги сайловда 70 фоиз тунислик иштирок этгани айтилмоқда.

Мазкур сайлов халқ исёни оқибатида Тунис Президенти Зайн ал-Обиддин Бин Али ҳокимиятдан ағдарилганидан тўққиз ой ўтиб ўтказилди.

Тунисни 23 йил бошқарган Бен Али халқ исёнларидан кейин Саудия Арабистонига қочиб кетган эди.

“Араб баҳори” деб тарих саҳифасидан жой олган Тунисдаги исёнлардан сўнг Миср, Ливия, Сурия ва бошқа давлатларда ҳам ҳукуматга қарши исёнлар бошланган эди.
XS
SM
MD
LG