Линклар

logo-print

Европа Иттифоқининг Брюсселдаги саммитида Грецияга молиявий ëрдам кўрсатиш ва евро барқарорлигини таъминлаш бўйича бир қарорга келинди.


27 октябр тонгида якунланган Европа Иттифоқининг саммитида молиявий бўҳронга оид муаммоли уч масаладан иккитасига ечим ўлароқ жавоб топилгани маълум қилинди.

Грецияни молиявий бўҳрондан қутқариш ва Европа банклари капиталини кўпайтириш масаласида бир қарорга келинган бўлса, баҳсли масала ҳисобланаётган Европа Бўҳронга қарши жамғармасини кенгайтириш борасида Европа Иттифоқи лидерлари уни камида 4 мартага кўпайтириш борасида бир тўхтамга келдилар.

Греция иқтисодини молиявий таназзулдан сақлаб қолиш уринишлари натижасида Греция қарзининг 50 фоизидан кечиш борасидаги ечим асосий қарор бўлди.

Музокаралар якунида матбуотга гапирган Франция президенти Николя Саркозига кўра, Греция қарзининг 50 фоизи сармоядорлар тарафидан кечилганидан кейин, бир қарорга келиш осон бўлган.

Айни режага мувофиқ, Греция Европа Иттифоқи ва Жаҳон валюта жамғармасидан 100 миллиард евро миқдорида молиявий кўмак олади.

Еврокомиссия президенти Жозе Мануэл Баррозо қарийб 10 соат давом этган музокаралар натижасидан мамнунлигини айтиб, Европа молиявий барқарорликни кафолатлаш учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлади.

Музокора мобайнида эришилган бошқа натижалар ҳақида Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристин Лагард маълум қилди.

- Кун охирига бориб бир неча унсурлардан иборат қамровли режани қабул қилдик. Бу режа Грециядаги вазият ечимига ҳусусий секторни жалб қилишни тақозо қилади. Банкларни рекапитализация қилишни Евроиттифоқнинг барча аъзолари маъқуллашди. Европа молиявий барқарорлик жамғармаси Европага иқтисодий бўҳрон тарқалишини баратараф қилувчи замин ўлароқ кўринади.

Қолаверса иқтисодий ва солиқ интеграцияси борасидаги саъйи ҳаракатларимизда сиëсий якдиллик кузатилмоқда. Бу эса айни муддао, деди Лагард.

Ўтган йилнинг баҳорида тузилган Европа Бўҳронга қарши жамғармаси иккинчи бор кенгайтирилмоқда.

Жамғарманинг умумий миқдори 750 миллиард евро бўлиб, унинг 250 миллиарди Халқаро Валюта жамғармаси улуши ҳисобланади.

Еврозона Молия вазирлари қарзга ботган Грецияни еврозонадан чиқармаслик ва бу мамлакатда дефолт юз беришига йўл қўймаслик устида сўнгги бир неча ойдан буён бош қотираётган эдилар.

Ўтган ҳафта охирида Греция парламенти Афинада тартибсизликларга айланган норозиликларни келтириб чиқарган бюджет харажатларини қисқартириш бўйича чораларни қабул қилди. Бу чоралар доирасида маош ва пенсияларни камайтириш ҳамда солиқларни ошириш кўзда тутилган.

Грецияда давлат дефолтининг олдини олиш уриниши ўлароқ қабул қилинаётган бу чораларга норози бўлган греклар ҳафта сўнггида умумий иш ташлаш эълон қилиб, Афинада кўп минг кишилик намойиш ўтказди. Намойишлар чоғида бир киши ҳалок бўлиб, 74 киши жароҳатланди.
XS
SM
MD
LG