Линклар

"Эркин микрофон" суҳбатдошлари орасида кундалик муаммолардан гапирадиганлардан ташқари Боткенлик чўпон Абдураззоқ каби файласуфона мулоҳазаларни билдирганлари ҳам бўлади.


“Ерни ўз эгасига бериш керак!”

Андижонлик темир йўлчи Назиржон Сирдарё вилоятида пахта теримида бўлиб куни кеча уйига қайтгани тўғрисида айтиб берди.

- Исмим Назиржон. 1969 йилда туғилганман. Темирйўлда ишлайман.

Озодлик: Пахта тергани Сирдарë вилоятига бордингизми?

- Темирйўлчилардан водийдан 350тамикан шунақа атрофда бордик. Мактабда жойлaшдик. Ëтдик. Уч маҳал овқат бўлди. Пахталарни ҳам тердик. Биринчи теримлари бор экан тердик. Иккинчи теримини ҳам тердик. Учинчи теримга келганда, шу борсангиз, ҳақиқатан фермерлар Ҳожибой айтганидай кенг-кенг қилиб уй солиб қўйган. Пахталар яхши, лекин охирги кунларда қийинчилик ҳам бўлди. Сув қандайдир шўр. Ичса, одамга таъсир қиладиган. Кўп нималар касал бўлди. Фермермер зуғум остида, куч остида ишлар экан, дейди Назиржон.

Сирдарёда ҳам фермерлар “зуғум остида, куч остида ишлар экан”, деди Назиржон.

Темир йўлчи билан узоқ суҳбатлашдик. “350 темир йўлчи Фарғона водийсидан Сирдарёнинг Тожикистонга яқин далаларига пахта теришга борибмизу маҳаллий фермерлар биздан тарозиларингизни олиб келдингизми, тележкаларингиз қани деб сўрадилар”, деди у ҳайрон бўлиб.

Кўп нарсалардан хайрон бўлганини айтиб берди Назиржон.

Маҳаллий аҳолининг, дейди у

- Пахта билан иши йўқ экан. Биз борганимизда аҳолисининг 70 фоиз эркаклари Россияга чиқиб кетган. Фермернинг аъзоси йўқ. Аъзоси ҳам ким қариндош-уруғи бўлиши мумкин экан. Биз пахта тергани борамиз “Нимага келдинглар?” деб қўяди, дейди Назиржон.

Энг қизиғи, дейди Назиржон,

- Кечаси билан мол-қўй боқади бечоралар пахтанинг ичида. Биз қуруқ чўпакнинг ичида юрамиз.

Озодлик: Ҳали биринчи терим бўлмаган жойда мол боқишарканми?

- Биз кўзимиз билан кўрдик, дейди Назиржон.

Бунга ўхшаган гаплардан кўпини айтиб берди Назиржон.

Шунинг учун ундан сўрадик.

Озодлик: Совет давридан бери қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ташкил қилиш ўзгармай келаяпти. Пахтани колхоз бўладими, мана бугун энди фермер, улар етиштиради, мана сизлар Андижондан Сирдарëга бориб териб бераяпсизлар. Сиз ҳукумат раиси бўлганингизда нима қилган бўлардингиз? Шу формулани сақлаб қолган бўлармидингиз ë бошқача қилган бўлармидингиз?

- Ернинг эгаларига ерни берган бўлардим. Чунки ернинг эгалари деҳқонларда. Деҳқонлар шу ердан тирикчилик қилса, биз борсак, “пиëзларимизни ҳайдаб юборди” дейди, мана ҳозир пиëз қиммат, дейди Назиржон.


“Сўз эркинлиги йўқ жойда демократия ҳақида гап бўлиши мумкин эмас!”

“Эркин микрофон”га Фарғонадан қўнғироқ қилган 27 яшар Абдуллоҳ анча фикрли йигит кўринди.

Абдуллоҳ “Шайх ҳазратлари, Умида Аҳмедова ва "бокиралик юки" сарлавҳаси остидаги материалимиздан сўнг бошланган ва жуда қизиган баҳс-мунозарага қўшилмоқчилигини билдирди.

Абдуллоҳ Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўзбек жамиятидаги ўрни тўғрисидаги фикрларини далиллар билан гапириб берди.

Мен Абдуллоҳга муфтий жаноблари ҳимояга муҳтож киши эмас, шунинг учун Сизга бошқа бир савол бермоқчиман, дедим.

Мана ўша савол:

Озодлик: Мени бошқа нарса қизиқтираяпти. Ўзи баҳс бўлгани маъқул, лекин баҳслашувчи томонларда бир-бирига тоқатсизлик бор. Бирининг фикрини мутлақо қабул қилмаслик, инкор қилиш бор. Шунинг боиси ҳақида гапирсангиз. Сиз нима деб ўйлайсиз? Нима учун шу бошланган баҳсда одамлар кескин икки лагерга бўлиниб қолди?

- Асосийси қарама қаршилик бўлиб тургани, мусулмонки динига амал қиладиганлар билан қилмайдиганлар тарафидан тарафкаш бўлиб қолаяпти деб ўйлайман мен. Чунки мусулмон киши ўз фикрини исломий тарафдан ҳал қилади. Мусулмон бўлмагани мусулмонман дейди, лекин амал қилмайдиган кишилар ўзининг фикри, йўналиши билан ҳал қилади. Масалан демократия дейди, бошқа дейди, йўқ нарсага эртакларни айтиб ҳал қилмоқчи бўлишади. Қарама қаршилик дунëвий ва исломий тарафдан. Ҳамма қарши чиқиб турганлар исломга ë исломдагилар исломда бўлмаган кишиларга қарши чиқаяпти.

Озодлик: Сиз ҳозир демократия дейди, қандайдир бўлмағур эртаклар ҳақида гапиради деяпсиз. Бундан келиб чиқадики, сиз демократияга ишонмайдиганлар тоифасидан экансизда-а?

- Сўз эркинлиги йўқ бўлган жойда демократия ҳақида гапиришга ҳожат бўлмаса керак деб ўйлайман. Оддий фикрини айта олмайдида ҳеч ким мана сизга телефон қилиб гапираëтганлардан. Ҳаммаси қўрқувда. Эркин фикрини билдирадиган инсон йўқдайда. Просто ҳозир чиқиб Ахборот агентлигидан ëки любой бир журналист келса Фарғонага ëки Қўқонга бозорга кириб “Эркин фикрингни айтгин” деса айта олмайди. Чунки қўрқади. Оддий одам келиб гапирса ҳам қўрқади.

Озодлик: “Сўз эркинлиги йўқлиги учун демократия ҳақида гапириш ортиқча” деяпсиз. Агар сўз эркинлиги берилса, демократия пайдо бўларкан ва ана шундай шароитда баҳслашувчи томонларнинг қайси томони озаяди, қайси томони кўпаяди?

- Ҳозирги кунда Ўзбекистон шароитини оладиган бўлсак, менимча, ислом тараф паст бўлса керак. Чунки катталардан, шайхга ўхшаганлардан бир-иккита қолган. Қолганлар гапира олмайдиган жойларга кириб кетган деб ўйлайман. Исломга амал қиладиганлар камайиб кетаëтганлиги учун. Масалан ўзимиз ислом ҳақида кўп гапираверамизу, амал қилишга келганда ҳамма оқсаб қоладида, дейди Абдуллоҳ.


Оши ҳалолга қаноат қилиб қирда шеър ўқиб ётадиган саодатманд қўйчивон

Абдураззоқ билан шеърияту абадият, қирнинг ҳавосию ҳаёт маъноси тўғрисида самимий суҳбат.

Абдураззоқ Боткен вилоятининг Лайлак туманида яшайди.

- Исмим Абдураззоқ. Ëшим 50га бораяпти. 1962 йилманда.

Озодлик: Қўйчивонман деяпсиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Ҳозир қирда ўтирибман дедингиз.

- Ҳа.

Озодлик: Бир тасвирланг ўша қирни.

- Узун икки гектарли майдон. 1984 йилда союз пайтида ўзимиз экканмиз. Шу ерда энди капани қуриб, шу ерда молни боқиб ўтирибманда. Бу томонда тоғ бор. Ўша ëққа ҳайдайман.

Озодлик: Мен микрофонни ëққунимча сиз Уста Пўлат Чорбоғий деган шоир ҳақида эшиттириш қилинглар деган таклифни айтдингиз. Ўзи аслида шу таклиф билан мурожаат қилибсиз. Ўзингиз чўпон экансиз. Шеъриятга қизиқиш қаердан?

- Отам, авлодларимиз ўзи ўқимишли бўлган. Мен ўзим ҳам эски ислом нимасига ўқиганман ислом дини бўйича. Союз маҳалларда тақиқлаб қўйган эди. У вақтда гапнинг очиғи қўрқардик. Кейинги вақтларда союз тарқаб ошкоралик бўлгандан кейин ҳозир мана домлачилик ҳам қиламиз. Худога шукур намоз ўқиб юрибмиз. Ўша томондан китобга кўп қизиқаман. Шеъриятга ҳам, газетага ҳам қизиқаман. Қўлимда доим газета ëки китоб бор.

Озодлик: Уста Пўлат Чорбоғий билан ҳам таништирармиз. У кишининг шеърини тингловчимизга ҳам етказармиз. Уста Пўлат Чорбоғий шеъриятининг нимаси сизни қизиқтирди? Нимаси ëқди?

- Менга ëққан томони ҳаққоний, ҳақиқатни ëзади у одам. Битта эсимда қолгани қарангда оддийгина.

Пул тополмай гургутга,
Ҳамма кетди Сургутга.

деган нималари борда. Ҳақиқатни ëзадиларда.

Озодлик: Шеъриятнинг вазифаси ҳақиқатни ëзишми? “Пул тополмай гургутга, Ҳамма кетди Сургутга”, жуда чиройли бўлибди. Шу Сургутга кетганини айтса шеърият бўлиб қолдими?

- Иккита китоблари бор. Ҳозир уйдада китоблари. Уйда бўлганимда, ҳозир кетаяпман, шеърларидан ўқиб берардим. Ниҳоятда яхши шеърларни ëзганда. Айтаяпти “Ғойибдан шунақанги бир келиб қолди. Шеърларни ëзиб қўрқиб юрдим масхара қилишармикан деб. Қоғозларимни қумларнинг, тошларнинг тагига бекитиб юрдим. Кейин ëзиб чиқартирдим” деб фақат Худонинг қандайдир берган иродаси биланмией, Худонинг берган қудрати биланми шеър ëзадиган одамда. Жуда зўр шеърлари борда.

Озодлик: Чўпон бўлгунча нима иш қилгансиз?

- Асли касбим ўзи мусиқа чаламан. Тор, рубобларни чаламан. 1983 йилда, мана Дашнобод деган жой бор, ана шу ерда деҳқончилик қилиб, янги ер очилди, ўша ерда қовун-тарвуз экдик. Деҳқончилик қилиб келаман. Бир-икки марта Россияга бориб келдим. Почтачилик ҳам қилдим, қоровулчилик ҳам қилдим. Шу молни боқиб ҳалол меҳнат билан топганга етмас экан.

Озодлик: Кимнинг молини боқасиз?

- Ўзимники бор, қўни-қўшни, ëру-дўстники бор беради боқиб бергин деб.

Озодлик: Тирикчилигингиз боқаëтган молларингиз ортидан-а?

- Ҳа.

Озодлик: Етадими шу оилани тебратишга? Нима дерди ош ҳалол дермиди?

- Ҳа. Зўр эмас энди. Тирикчиликка етиб турибдида энди. Нолийдиган ҳам эмас.

Озодлик: Оила каттами?

- Учта ўғлим, иккита қизим бор. Қизларни чиқарганман. Бир ўғилни уйлантирдим. Ҳозир тўртта неварам бор. Иккита ўғилдан биттаси ишлаб юрибди, биттаси ўқиб юрибди.

Озодлик: Кейинги йилларда ҳамма одам ўзини ўтдан олиб чўққа ураяпти. Сиз жуда яхши ҳаëт топиб олибсизда қирда мазза қилиб ўтирибсиз.

- Энди қарангда. Яратган парвардигор ҳар кимнинг ўзининг ризқини беради. Ўтга урса ҳам, чўққа урса ҳам бир бурда ортиқча нон ея олмайди.

Озодлик: Ҳаëтнинг маъноси сиз учун нимадан иборат деб сўрамоқчиманда.

- Менга энди югур-югур, қара-қаранинг кераги йўқ. Тинчгина, биринчи саломатчилигим бўлса, бола-чақаларим тинч бўлса, эл-юртим тинч бўлса, шу керак менга. Шундагина меҳнат қилиб, ҳаракат қилиб бир нарса топиш мумкин.

Озодлик: Ҳаëтнинг маъносини топиб бўлибсизда.

- Шуда энди. Нима қилиш керак энди? Союз вақтида мана пуллар сероб бўлди, машиналар бўлди. Ўша ҳам ўтиб кетди ака. Вақти келди бир бурда нон топа олмасдан бошоқ ҳам тердик буғдой тагидан. Ўша ҳам ўтди. Ҳеч кимнинг нимаси ошмади. Ҳаëт бирдай кетиб турибди.

Озодлик: Яқин бир-икки йилга режалаштирган нима ишингиз бор?

- Мисол иккинчи ўғлимни уйлантиришим керак. Биринчи ўғлимга мана бу ердаги огородга уй қуриб ўша ерга жойлашим керак, дейди Боткеннинг Лайлак туманидан бўлган Абдураззоқ.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG