Линклар

Ўзбекистонда қуëш энергияси станцияси қурилиши режаланяпти

  • Садриддин Ашур

Бугун, айниқса, Европа мамлакатларда қуёш электр станциялари урфга айланмоқда.

Бугун, айниқса, Европа мамлакатларда қуёш электр станциялари урфга айланмоқда.

Россиянинг "Лукойл" ширкати Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон ҳукумати иштирокида Ўзбекистонда 100 мегаватт қувватда ишлайдиган қуëш энергия станцияси қуришни лойиҳалаштирмоқда.


Ўзбекистонда қурилиши мўлжалланаётган қуёш электр станциясининг дастлабки қуввати 100 мегаватт бўлиши режалаштирилмоқда. Бу лойиҳанинг қиймати 6 миллиард АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда.

Лукойл компанияси Президенти Вагит Алекперовнинг оммавий ахборот воситаларига берган интервьсида айтилишича, кейинроқ бу станциянинг қувватини 1000 мегаваттга етказиш мумкин.

Тингловчида аниқ тасаввур пайдо қилиш учун Тожикистондаги Норак ГЭСининг қувватининг 3000 мегаватт эканлигини эслатиш кифоя. Яъни шундай қуёш электр станцияларидан учтаси қурилиб, тўла ишга туширилса, Норак ГЭСининг қуввати миқдорида электр энергияси бериши мумкин.

Академик Бекжон Тошмуҳаммедовнинг Озодликка айтишича, газ ва нефт захиралари ҳам бир кун келиб тугайди ва Ўзбекистон бундай муқобил энергия турларини излашга аллақачон киришиши керак эди:

- Ҳозирги пайтда биз энергияни фақат гидро электр станцияларидан ва ёнилғи билан ишловчи электр станцияларидан оламиз. Бир кун келиб бу запаслар ҳам тугайди. Албатта, қуёшдан электр энергияси олиш бугун жуда самарали йўллардан биридир,- дейди академик.

Бекжон Тошмуҳаммедовга кўра, бугунги кунда газ таъминотидаги узилишлар ҳам бу масалага жиддийроқ эътибор қаратишни талаб этади:

- Қайта тикланадиган энергия манбалари ҳар ҳолда ҳам эффектив, ҳам арзон. Агар бу янги қуёш станциясининг дастлабки қуввати 100 мегаватт атрофида бўлар экан, бу Ўзбекистон учун жуда катта гап. Фақат бундай лойиҳаларни тезроқ ва кўпроқ жорий қилиш керак,- дейди академик Бекжон Тошмуҳаммедов.

Мутахассислар Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам муқобил электр энергиясига эҳтиёж кундан-кунга ошиб бораётганини айтадилар.

Зеро,Ўзбекистон ҳукумати Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги газда ишлайдиган юзлаб корхоналар, жумладан нон заводлари раҳбарларига газга муқобил ёқилғи турларини топишни таклиф қилди.

Ўтган ойда Вазирлар маҳкамаси кўрсатмасига кўра, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари расмийлари аҳолини бу йил қишда табиий газ бўлмаслигидан огоҳлантириб, кўмир ғамлашни тавсия қилган эдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG