Линклар

НАТО Ливияда ҳрабий амалиётларни тугатади


“Бирлашган ҳимоячи” операцияси БМТ Хавсизлик резолюциясига кўра март ойида бошланган эди.

“Бирлашган ҳимоячи” операцияси БМТ Хавсизлик резолюциясига кўра март ойида бошланган эди.


Ливияда тинч аҳолини собиқ диктатор Муаммар Қаддафий кучларидан ҳимоя қилиш мақсадида ўтказилган “Бирлашган ҳимоячи” номли операция 31 октябр куни Ливия вақти билан соат 23:59 да якуналнишини НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен жума куни эълон қилди. НАТО раҳбари мазкур қарорни Ливияда “ҳарбий мақсадлар амалга оширилгани” билан изоҳлади .

– Бугун Шимолий Атлантика Альянси бир ҳафта аввал қабул қилган қарорни тасдиқладик. Бизнинг Ливиядаги операциямиз 31 октябр куни тугайди. Унгача ҳамкорларимиз билан вазиятни кузатишда давом этамиз. Ва агар эҳтиёж туғиладиган бўлса, тинч аҳолига бўлган таҳдидларга қарши чора кўришда давом этамиз, деди Расмуссен.

НАТОнинг қарори собиқ диктатор Муаммар Қаддафийнинг Ливия Ўтиш даври кенгаши жанггарилари томонидан ўлдирилишидн бир ҳафта ўтиб эълон қилинди. Қаддафий 20 октябр куни ўз ватани – Сирт шаҳрида ўлдирилган эди.

Унинг ўлдирилиши кўпчилик томонидан Ливиянинг озод қилингани рамзи ўлароқ баҳоланди. Орадан бир неча кун ўтиб Миллий кенгаш 23 октябр кунини Ливия озодлиги куни деб эълон қилди.

Ўтиш даври миллий кенгаши исёнчи кучлар қуролларини ташлагани ва мамлакатда Қаддафийга содиқ кучлар яна ҳарбий ҳужумларни уюштирган ҳолда ёрдам керак бўлиши мумкинлиги важидан НАТО раҳбариятига операцияни бир ойга узайтиришни сўраб мурожаат қилди.

Лекин БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия Ливияда барқарорлик ўрнатиш ҳаракатлари энди БМТ назоратида амалга оширлиши лозимлигини таъкидлаб, НАТО операцияси тугатилиши масаласини хавфсизлик кенгашида кўтарди.

Икки кун аввал НАТО Ливия осмонида парвозлар тақиқланган зонани бекор қилган эди.

Ливия Ўтиш даври миллий кенгашининг Қаддафийга қарши ҳаракатларда ғалаба қилишига НАТО катта ҳисса қўшди. БМТ хавфсизлик кенгашининг 17 март кунги резолюциясига кўра НАТО Ливия осомнида парвозлар тақиқланган зона жорий қилиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш операциясини бошлашидан аввал исёнчи кучлар асосан мудофаада қолаётган эди.

НАТОнинг “Бирлашган ҳимоячи” операцияси бошлангач, у фақатгина тинч аҳолини ҳимоя қилишга қаратилганми ё халқаро кучлар Қаддафий ҳарбийларига ҳужум уюштириб, исёнчиларга бевосита ёрдам кўрсатмоқдами, деган саволлар кўтарилди.

Расмуссен жума куни қилган чиқишида Ливиядаги операция НАТО тарихидаги “энг муваффақиятли” миссиялардан бири бўлганини таъкидалди.

– Бирлашган ҳимоячи операцияси НАТО тарихидаги энг муваффқаиятли амалиётлардан бири бўлди. Бу кенг қамровли операцияни одатдагидан тезроқ бошладик. Уни самарали тарзда, уддабуронлик билан ҳамда минтақа ва унинг ташқарисидаги ҳамкорларимиз ёрдамида амалга оширдик. Уни ҳар томонлама ўйлаган ҳолда якуналаяпмиз, чунки ҳарбий мақсадимиз амалга оширилди, деди НАТО бош котиби.

Расмуссен НАТО можаро тугагнидан кейин Ливияда жиддий рол ўйнаши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилди. НАТО расмийлари алянснинг баъзи аъзолари Ливия ҳукуматига демократияга ўтиш жараёнида хавфсизлик борасида кўмаклашиши мумкин демоқда.
XS
SM
MD
LG