Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:56

Тожикистонда гиёҳвандлар кўпайди


Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош жанубий ҳудудида гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи ёшлар сони ортмоқда.


Хатлон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийлари гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи ёшлар сонининг ортаётганини қора бозорда наркотик моддалар нархи тушгани билан изоҳламоқдалар.

Хатлонда героин арзон

Мазкур идора расмийси Матлуба Шоназаровадаги маълумотларга кўра, сўнгги вақтлар Афғонистонда етиштирилаётган наркотик моддалар, жумладан, героин Хатлон ҳудудига жуда осон ва арзон киритилмоқда.

- Хатлон вилояти ўзига хос географик жойлашуви нуқтаи назаридан Афғонистонда ишлаб чиқарилаётган наркотик моддалар оқими ва уни истеъмол қилувчилар сонининг ошиши хавфидан холи эмас. Мамлакатмиздаги ишсизлик, Россия муҳожирлари сонининг ошиши ҳамда афғон наркотик моддаларининг ҳудудимизга олиб кирилиши учун қулай шароитлар гиёҳванд моддалар, хусусан, героин нархининг тушиб кетишига сабаб бўлмоқда. Натижада ёшларимиз орасида бу балони истеъмол қилувчилар сони ортаётгани ташвишланарлидир, деди Шоназарова хоним.

Расмий, шунингдек, вилоядаги тегишли идоралар масъуллари гиёҳванд моддаларнинг эркин кириб келаётгани ва унинг ёшлар орасида осон тарқатилаётганига қарши зарур тадбирлар қўлламаётганини танқид қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъули, жумладан, мамлакатда гиёҳвандлик миллат фожеасига айланиб улгурганини таъкидлади.

Бироқ Шоназарова хоним ҳам, вилоят наркотик моддаларга қарши кураш бошқармаси расмийлари ҳам афғон қора дориси, хусусан, героиннинг қора бозордаги нархи борасида сўз очмадилар.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, айни пайтда афғон героинининг нархи Хатлон вилояти ҳудудида 20 фоизгача арзонлашган.

Хатлонда 3 тонна наркотик мусодара қилинди

Хатлон вилоятининг наркотик моддаларга қарши кураш расмийси Зафар Сайфуллоевнинг Озодликка маълум қилишича, ўтган йил бу ҳудудда 1,5 тонна наркотик модда топиб мусодара қилинган бўлса, жорий йилда эса бу кўрсатгич икки бараварни ташкил қилган. Шунингдек, Зафар Сайфуллоев, Хатлон вилоятида 1145 гиёҳванднинг расман қайдга олиниши якуний ва аниқ маълумот эмаслигини, яъни улар сони бундан бир неча баравар кўп бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Вилоят наркология диспансеридан олинган маълумотларга кўра, вилоятдаги гиёҳвандларнинг 80 фоизи героин истеъмол қилади.

Бу идора ходими Сайфулло Бухориев жорий йил олти ойи ичида гиёҳванд истеъмол қилувчи 73 нафар фуқаро илк бор қайдга олинганини маълум қилди. Унингча бу кўрсатгич жуда ташвишланарлидир.

-18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшларнинг доимий иш жойлар билан таъминланмагани, озиқ-овқат бозорларида нархларнинг ошиб бораётгани, ижтимоий ва иқтисодий аҳволнинг тобора ёмонлашаётгани наркотик моддалар истеъмол қилувчи ёшларимиз сонининг ошишига сабаб бўлмоқда, - дейди наркология диспансери ходими.

Бухориев, шунингдек, истеъмолчиларнинг 48 фоизи ОИТС вирусини юқтирганини ва бу масаланинг ўта жиддий эканини таъкидлади.

Мустақил таҳлилчилар Хатлон вилоятида ёшлар орасида бу иллатнинг кенг қулоч ёзаётгани бир пайтда, бу ҳудуд соғлиқни сақлаш соҳаси тажрибали нарколог-шифокорларга эҳтиёж сезаётганини айтадилар.

Расмий маълумотларга кўра, Хатлон вилоятидаги наркология диспансердаги иш ўринларининг 50 фоизи бўш қолмоқда экан.

Соҳа мутахасислари бунинг сабабини иш шароитларининг ёмонлиги ва иш ҳаққининг озлиги билан изоҳлайдилар.
XS
SM
MD
LG