Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:41

А.Абдурасулова: Ботиров устидан чиқарилган ҳукм адолатсиз!


Қирғизистондаги “Қилим шами” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова.
Қирғизистондаги “Қилим шами” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулованинг фикрича, Қодиржон Ботиров устидан чиқарилган ҳукм адолатсиздир.

28 октябр куни Жалолобод шаҳар суди Қодиржон Ботиров ва у билан судланаëтган яна беш нафар ўзбек лидерлари деб аталаëтган шахслар устидан ҳукм ўқигани тўғрисида кеча хабар берган эдик.

Ҳукмга кўра Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасуловлар 2010 йилдаги Ўш воқеаларининг уюштирувчилари сифатида айбдор, деб топилиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Булар билан бирга судланган Абдураҳмон Абсдуллаев, Халилжон Худойбердиевлар 20 йилданга, Жавлон Мирзахўжаев 14 йилга, Муҳаммадрасул Абоқжонов 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Судланганларнинг мол-мулклари давлат фойдасига мусодара қилиниши ҳам ҳукмда қайд этиб ўтилган.

Қирғизистонлик ўзбеклар лидерлари, деб аталаётган 6 киши устидан ўқилган ҳукм тўғрисидаги фикрларини ўртоқлашишини сўраб, Ботиров ва бошқалар устидан ўтказилган судловни яқиндан кузатган Қирғизистондаги “Қилим шами” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасуловага мурожаат қилдик.

Азиза Абдурасулова: Кечаги ҳукм ҳақида гапирар эканмиз, биринчидан суднинг айбланувчилар иштирокисиз ўтказилганини айтиб ўтишимиз керак. Адвокатлар ҳам қатнашгани йўқ. Жараённинг сўнгги мажлисларидагина бир адвокат – Назгуль Суюмбаева қатнашди.

Эндиликда ҳукм қилинганлар шаҳар суди ҳукми устидан юқори инстанция судига шикоят аризаси ёза оладиларми-йўқми, деган масала очиқ қолмоқда.

Озодлик: Чиқарилган ҳукмни адолатли ҳукм, дея оласизми?

Азиза Абдурасулова: Ҳеч ким айта олмайди адолатли ҳукм бўлди, деб. Чунки судда судланувчиларнинг ўзлари қатнаша олмади. Ўзларини ҳимоя қила олмади. Ҳукмни чиқарган судьянинг ўзи ҳам айта олмаса керак, бундай деб.

Озодлик: Судда қанча гувоҳ кўрсатма бергани тўғрисидаги маълумотлар мунозараларга сабаб бўлаяпти. Бу ҳақда сиз нима дея оласиз?

Азиза Абдурасулова: Бизнинг “Қилим шами” инсон ҳуқуқлари ташкилотимиз Ўш, Бишкек ва Жалолободда бўлиб ўтаётган суд жараёнларини диққат билан кузатиб келаяпти. Шунинг учун аниқ биламизки, Қодиржон Ботиров ва у билан бирга судланган 5 кишининг судида ҳаммаси бўлиб 26 гувоҳнинг берган кўрсатмаси тингланди. Бизда уларнинг рўйхати ҳам бор. 300 гувоҳ ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Озодлик: Жабрланганлардан қанчаси судга кўрсатма берди?

Азиза Абдурасулова: Ҳужжатларим ҳозир қўлимда эмас. Шунинг учун аниқ айта олмайман. Лекин 5-6 кишигина судга келганини биламан.

Озодлик: Ҳукмнинг айнан сайлов арафасида, сайловдан 2 кунгина олдин чиқарилгани ҳам саволларни пайдо қилмай қўймайди...

Азиза Абдурасулова: Сайловга боғлиқ ёки боғлиқ эмас, дейишим қийин.

Озодлик: Баъзилар фикрича, ҳукмнинг сайлов арафасида чиқарилишидан мақсад ҳокимият вакили бўлган номзод фойдасига овоз кўпайтиришдир. Бошқалар эса, бу фикрнинг мутлақ тескарисини айтмоқда, яъни ҳокимият вакили бўлган номзодга қарши кўрилган чора – провокация, демоқда. Сиз қайси фикрга қўшилган бўлардингиз?

Азиза Абдурасулова: Мен провокация деяётганларга қўшилган бўлар эдим. Чунки айнан жанубий минтақаларда яшайдиган миллий озчилик вакиллари – ўзбекларнинг овозларини ким олса, ўша номзоднинг президентликка сайланиш имконияти кучаяди. Шунинг учун ҳам провокация дейиш мумкин. Ботиров ва бошқалар устидан чиқарилган ҳукм жорий ҳокимият вакиллари бўлган номзодларга нисбатан терс фикр уйғотиш учун қилинган иш бўлиши мумкин.

Озодлик саволларига Қодиржон Ботиров ва бошқалар устидан ўтказилган судловни яқиндан кузатган Қирғизистондаги “Қилим шами” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова жавоб берди.
XS
SM
MD
LG