Линклар

30 октябрга белгиланган президентлик сайловида Қирғизистон бўйлаб маҳаллий вақт билан соат 8 дан 19 гача қадар 1,4 миллиондан кўпроқ сайловчи овоз берди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, президентлик сайловида иштирок этиш учун 3 032 681 нафар сайловчи рўйхатга олинганди.

Сайловчилар исмлари сайлов бюллетенларидан жой олган 16 номзоддан бирига ёки барча номзодларга қарши овоз бериш ҳуқуқига эгалар.

Эслатиб ўтамиз, президентлик сайловларига старт берилган пайтда дастлаб мамлакатдаги олий лавозимга 83 киши ўз номзодини кўрсатганди. Кейинчалик уларнинг айримлари ўз номзодларини олиб ташладилар, баъзилари давлат тили бўйича имтиҳондан ўтолмади, яна бошқалари 30 минг сайловчи имзосини тўплай олмади, айримлари эса 100 сўм (тақрибан 2200 АҚШ доллари) миқдоридаги бадал пулини тўлолмадилар. Марказий сайлов комиссияси рўйхатидан ўтган 23 номзоддан ҳам 7 нафари сайлов бюллетени формаси тасдиқланганидан кейин ўз номзодини олиб ташладилар, пировардида овоз берилажак номзодлар сони 16 нафарга тушди.

МСКнинг дастлабки маълумотларига кўра, соат 19 га қадар сайловчиларнинг 1 827 677 нафари ёки 60,27 фоизи овоз бериб бўлган. Овоз бериш жараёнида Қирғизистон бўйича Чуй вилоятидан бўлган сайловчилар (81,53%) фаоллик кўрсатганлар. Жалолобод вилояти сайловчилари эса энг пассив иштирокчилар (47,78%) бўлган.

Сайлов участкаларига кириш жойида сайловчининг қўлида маркировка бор-йўқлиги текширилган. Бюллетенлар сайловчиларга паспорт ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида берилган. Сайлов бюллетенини беришда участка сайлов комиссияси аъзоси сайловчининг чап қўли бош бармоғига маркировка қўйиб, сўнг бюллетени тақдим қилган. Сайловчининг бармоғига махсус белги қўйилишига оид тартиб “Қирғизистон Республикаси президенти ва Жўғўрқу Кенеши депутатлари сайлови тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг 31-моддаси билан белгилаб қўйилган. Бироқ сайлов жараёнида қўлига маркировка қўйилишини истамаган кишилар ҳам топилди. Жумладан, Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматов ҳам маркировка унинг ҳақ-ҳуқуқларини бузишини иддао қилиб, бош бармоғига белги қўйилишига изн бермади.

- Мен мэр сифатида эмас, Қирғизистон Республикаси фуқароси сифатида овоз бераяпман, шунинг учун ҳам маркировкадан бош тортишга ҳаққим бор, - деди Ўшдаги 5277-сайлов участкасида бугун соат 10 да овоз берган Мелис Мирзақматов.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева 30 октябр кунги сайловда овоз бериб бўлганидан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилди.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева 30 октябр кунги сайловда овоз бериб бўлганидан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилди.

Бишкек шаҳридаги 1215-сайлов участкасида овоз берган президент Роза Ўтунбаева эса чап қўлининг бош бармоғига махсус белги қўйилишига монеълик қилмади.

Овоз бериб бўлганидан сўнг журналист олдида сўзлаган Ўтунбаева собиқ президент Қурмонбек Бакиев тарафдорлари бу сайловга жуда кўп куч ва маблағ сарфлаганини айтаркан, бундай реваншизм амалга ошмаслиги ва бугун уларнинг ҳокимиятга қайтиш уринишларига нуқта қўйилишини урғулади.

Қирғизистонда президентлик сайловларини маҳаллий мустақил кузатувчилар, номзодлар ва оммавий ахборот воситалари кузатувчиларидан ташқари 47 халқаро ташкилотдан 56 мамлакатни тамсил этган 792 нафар хорижлик кузатувчи ҳамда 100 дан зиёд хорижий оммавий ахборот воситаси вакиллари кузатиб борди.

2010 йил ёзида қабул қилинган Қирғизистон конституциясига мувофиқ, мамлакат президенти 6 йилга ва фақат бир мартагина сайлана олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG