Линклар

Ортда қолаётган ҳафтада Тожикистон ҳукумати ана шундай баёнот тарқатди.

“Сўнгги пайтларда минтақадаги айрим мамлакатлар оммавий ахборот воситаларида Роғун ГЭСи лойиҳаси тўғрисида ёлғон маълумотлар берилаяпти. Миллий ва минтақавий манфаатлар назарга олинган мазкур лойиҳага нисбатан Тожикистон ҳукумати ўз позициясини ўзгартирмайди. Биз бу йўналишда қўшниларимиз билан тиғиз ҳамкорликка ҳозирмиз”, - дейилади 26 октябр куни тарқатилган ҳукумат баёнотида.

Тожикистон ҳукуматининг сўнгги баёноти АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг минтақа мамлакатларидан Тожикистон ва Ўзбекистонга сафарлари поёнида очиқланди.

22 октябр куни Душанбе шаҳрида фуқаровий жамият вакиллари билан учрашган АҚШ Давлат котиби Клинтон хоним Тожикистон Роғун ГЭСи лойиҳасини амалга оширишда сўзсиз Жаҳон банки экспертлари хулосасини кутиши лозимлигини тавсия қилганди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази раиси Суҳроб Шарипов мулоҳазасича, Жаҳон банкининг бу лойиҳага оид хулосаси якуний хулоса бўла олмайди.

- Тожикистон ҳукумати ўз баёнотида Роғун ГЭСи лойиҳаси хусусида халқаро молия институтлари, жумладан, Жаҳон банки билан тиғиз ва шаффоф ҳамкорликка ҳозирлигини билдирган. Бироқ, менимча, Жаҳон банки экспертларининг бу лойиҳа борасидаги фикр-мулоҳазалари ҳал қилувчи хулоса бўла олмайди. Чунки 50 йилдан кўпроқ вақт мобайнида ўрганилаётган бу лойиҳа хусусида олимларнинг фикрлари доим ижобий бўлган, - деди тожик расмийси Суҳроб Шарипов.

Аммо Тожикистоннинг қўшниси Ўзбекистон Роғун минтақа экологияси учун тузатиб бўлмас зарарлар келтириши мумкинлигидан огоҳлантириб келади.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг баланд тўғонлар бўйича институти директори Эрназар Маҳмудов Роғун ГЭСи қурилиши ортидан Вахш дарёси имкониятидан икки баравар кўпроқ бўлган сув омбори вужудга келиши мумкинлиги, бу эса дарёлар қуйисида жойлашган давлатларда сув тақчиллигини келтириб чиқариши табиийлигини айтади.

- Чунки Вахшда ўзи атиги 20 миллиард куб метрга яқин сув шаклланади. Роғун қурилганидан кейин Сангтўда-1 ва Сангтўда-2 билан биргаликда 25 миллиардлик ҳажм бўлади. Демак, дарёнинг имкониятидан икки ярим баравар катта имкониятга эга бўлган сув омбори шаклланади, - дейди ўзбек академиги Эрназар Маҳмудов.

Ўзбекистон томони бир неча марта қўшниси Тожикистонга Роғун ўрнига кичик гидроиншоотлар қуришни тавсия қилганди.

Бироқ энергетика мустақиллигини қўлга киритиш илинжида бўлган Тожикистон Роғунга муқобил вариантларни қабул қилишга ҳозир эмаслигини таъкидлаб келади.

Аснода “Идем” ижтимоий ташкилот масъули Саймуддин Дўстов Тожикистон ҳукуматининг сиёсий хусусиятга эга бўлган сўнгги баёноти асосан қўшни давлатлар ва уларнинг иттифоқчиларига қаратилганини айтади.

- Тожикистон ҳукуматининг сўнгги баёноти сиёсий баёнотдир. Ўйлайманки, у асосан мамлакат ташқарисига қаратилган бўлиб, бу билан Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон, Россия ва Америка каби давлатларга Роғун ГЭСини қуриш режасида қатъий эканини уқтирмоқчи, - дейди Саймуддин Дўстов.

Душанбедан 110 километр шарқроқда қурилаётган Роғун Тожикистонда миллий ғояга айланган.

Ҳисоб-китобларга кўра, бу йирик гидроиншоот қурилиши учун тахминан 2,5 миллиард АҚШ доллари лозим бўлади.

Йилига 3 минг 600 мВт электр энергияси ишлаб чиқариши айтилаётган Роғун ГЭСи тўғонининг баландлиги 335 метрни ташкил қилади. Тожик мутахассислари бу гидроиншоот қурилиши ортидан Тожикистон минтақада электр энергияси экспорт қилувчи асосий давлатга айланишини қайд этадилар.

Ўзбекистонлик мутахассислар эса бундай баланд тўғонли Роғун тожикистонликлар ва дарёлар қуйисида яшаётган миллионлаб одамлар ҳаёти учун ўта хавфлилигини таъкидлайдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG