Линклар

Қирғизистон. А.Атамбаев ҳозирча олдинда


Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 31 октябр Бишкек вақти билан тонгги 5 гача 2134 та овоз бериш участкасидан, яъни мамлакатдаги овоз бериш участкаларининг 92 фоизидан сайлов баённомалари келиб тушганини маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга қараганда, 30 октябр, якшанба куни бўлиб ўтган Қирғизистон президенти сайловида сайловчиларнинг 65,85 фоиз овозини президентликка номзод Алмазбек Атамбаев олган.

Иккинчи ўринда 14,91 фоиз овоз билан Адахан Мадумаров бормоқда.

Учинчи ўринда эса Қамчибек Ташиев. Бу номзодга сайловчиларнинг 14,64 фоизи овоз бергани аниқ бўлди.

Қирғизистон давлати раҳбари лавозимига 16 номзод даъвогарлик қилди.

Қирғизистоннинг янги Конституциясига биноан бу мамлакат президенти 6 йиллик биргина муддатга сайланади.

Якшанба куни қирғизистонликлар ўзларининг тўртинчи президентини сайлади.

Биринчи президент 2005 йилги, иккинчи президент 2010 йилги тартибсизликлар оқибатида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган эди.

Ҳозирги президент – Роза Ўтунбаева Ўтиш даври президенти ҳисобланади. У 30 октябр кунги сайловга сайловчи сифатидагина қатнашди.
XS
SM
MD
LG