Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:23

Қирғизистонда сайлов натижалари чиқарилмоқда


Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, 31 октябр куни соат 20.30 га қадар сайлов баённомаларининг 99,96 фоизи ишлаб бўлинган.

Якшанба куни ўтказилган сайловда рўйхатларга киритилган 3 миллион 32 минг 681 нафар сайловчидан 1 миллион 827 минг 872 нафари (60,27%) иштирок этди.

2317 сайлов участкасидан келиб тушган маълумотларга кўра, ҳозирча сайловда 1 173 561 овоз (63,24%) билан Қирғизистон социал-демократик партияси лидери Алмазбек Атамбаев пешқадамлик қилмоқда.

Иккинчи ўринда 273 952 овоз (14,76%) билан “Яхлит Қирғизистон” партияси раҳбари Адахан Мадумаров бормоқда.

Ата-Журт партияси лидери Қамчибек Ташиев эса 265 930 овоз (14,33%) билан учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Қолган 13 номзоднинг 30 октябр куни ўтказилган сайловда қозонган овозлари 1 фоизга ҳам етмаган. 9 438 нафар (0,51%) сайловчи эса барча номзодларга қарши овоз берган.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, президентлик сайловининг биринчи босқичида ғолиб чиқиш учун номзодлардан бири сайловчиларнинг 50 фоизи овоз ва яна битта овоз қозониши лозим. Хусусан, 30 октябрдаги сайловнинг биринчи босқичида ғалаба қозониш учун номзодлардан бири камида 913 937 овоз йиғиши лозим бўлади.

Ўтган сайловда Алмазбек Атамбаевнинг 1 миллиондан зиёд сайловчи овози қозониши ва биринчи босқичдаёқ олий лавозимга сайланиши бошқа номзодларга хуш келди, деб бўлмайди.

Хусусан, сайловнинг дастлабки натижаларига кўра учинчи ўринни эгаллаб турган Қамчибек Ташиев: “Сайловда мен ғалаба қозонишим керак эди, мен учун 1,5 миллионга яқин киши овоз бериши керак эди”, дея билдирди.

Сайлов натижаларига кўра иккинчи ўринда бораётган Адахан Мадумаров ҳам Қамчибек Ташиев сингари 30 октябр куни ўтказилган сайлов натижаларини тан олмаслигини таъкидлади.

- Менинг сиёсий талабим сайлов натижаларини тан олмаслик, оммавий ахборот воситалари ва Жўғўрқу Кенеш (парламент – таҳр.), нодавлат ташкилотлари вакилларидан иборат мустақил комиссия тузишдир. Биз сайлов бошқа кунга кўчирилишини ва бу масаланинг парламентга кўриб чиқилишини талаб қиламиз, - деди Адахан Мадумаров.

Сайловда пешқадамлик қилаётган Алмазбек Атамбаев эса бугун ўтказилган матбуот анжуманида асосий мухолифлари бўлган Адахан Мадумаров ва Қамчибек Ташиев билан тил топа олишига шубҳа қилмаслигини ҳамда бу икки кишининг келажакда ҳукуматга кириши мумкинлигини истисно қилмаслигини айтди.

- Улар реал сиёсатчилардир, аммо уларнинг ёнида бу сиёсатчиларни ўйланмаган қадамларга туртувчи турли-туман кишилар бор. Мен Қирғизистон гуллаб-яшнаши учун Адахан Мадумаров ва Қамчибек Ташиев билан умумий тил топа оламиз, деб ўйлайман, - деди Алмазбек Атамбаев.

Айни пайтда кузатувчилар кечаги сайловда “элакдан тушиб қолган” номзодлар ўз норозилигини билдиришлари учун сабаб-баҳоналар етарли эканини таъкидлаяптилар.

Маълумотларга кўра, якшанба куни ўтказилган сайлов бўйича Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясига 50 та шикоят аризаси келиб тушган. МСК раис ўринбосари Айнура Шайимқуловага кўра, шикоятларнинг кўпчилиги сайлов рўйхатларидаги ноаниқликлар билан боғлиқ.

Аснода сайловда кузатувчилик қилган нодавлат ташкилотлари вакиллари овоз бериш чоғида айрим сайлов участкаларида қонунбузарликларга йўл қўйилганини билдирмоқдалар. Жумладан, “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” коалицияси мувофиқлаштирувчиси Медер Талканчиевга кўра, Талас вилоятидаги сайлов участкаларидан бирида кечки соат бешга яқин номаълум сайловчи қутида бир тўп бюллетень ташлаб кетган.

Чуй вилоятида эса сайловчиларга 500 сўмдан тарқатаётган икки киши ушланган. Бу ҳақда Қирғизистон ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев билдирди. Унинг айтишича, қўлга олинганлар номзод Адахан Мадумаровнинг тарафдорлари бўлиб чиққан. Бироқ Мадумаровнинг штаби бу хусусда бирор изоҳ бермаяпти.

30 октябр куни Қирғизистонда ўтказилган президентлик сайлови бўйича сайловда кузатувчилик қилган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам ўз муносабатларини билдирдилар.

МДҲ мамлакатларидан, хусусан, Россия ва Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясидан вакил бўлиб келган кузатувчилар Қирғизистондаги сайловларни қонунга мувофиқ ўтганини, овоз бериш чоғида кузатилган жузъий камчиликлар эса сайловнинг умумий натижасига таъсир кўрсата олмаслигини урғуладилар.

Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеясидан бўлган халқаро кузатувчилар ҳам якшанба куни ўтган сайловларда қўпол қонунбузарликлар кузатилмаганини айтди.

- Қирғизистондаги сайловлар қонун доирасида халқаро стандартларга мувофиқ равишда ўтди, - деган мазкур гуруҳ вакили Невжат Пакдил сайловлар чоғида йўл қўйилган камчиликлар техник характерга эга эканини қайд этди.

Президентлик сайловларида анчагина камчиликларга йўл қўйилганини таъкидлаган ЕХҲТ кузатувчилари эса бу камчиликлар ичида энг кўзга чалингани сайловчилар ўзларини рўйхатлардан топа олмагани эканини айтдилар. Шунга қарамай, ЕХҲТ кузатувчиларига кўра, кечаги сайловлар кутилганидан кўра яхшироқ ўтган.

Маълумотларга кўра, якшанба куни ўтказилган сайловни 56 мамлакатни тамсил этган 792 нафар хорижлик кузатувчи ҳамда 100 дан зиёд хорижий оммавий ахборот воситаси вакиллари кузатиб борган.
XS
SM
MD
LG