Линклар

Қирғизистонда якшанба куни ўтказилган президентлик сайловида Алмазбек Атамбаев ғолиб чиққани таҳмин этилмоқда.

Ҳозирга қадар берилган овозларнинг 98 фоизи санаб бўлинган, Атамбаев шу овозларнинг 63 фоизини қозонган.

Сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 60 фоизи қатнашгани айтилмоқда.

Аҳолисининг сони 5 миллион 300 мингни ташкил этадиган Қирғизистонда президентликка 16 номзод даъвогарлик қилаётган эди.

Етакчи миллатчи номзодлардан бири деб кўрилган Қирғизистон парламентининг собиқ спикери Адахан Мадумаровнинг овоз бериш якунланганидан кейин журналистларга айтишича, улар "беқиёс қонун бузилишларининг" гувоҳи бўлганлар.

Муваққат Президент Роза Ўтинбоева қайта сайланиш учун номзодини қўймаган эди.

Ўтинбоева ўтган йил июн ойида ўтказилган референдум натижасида муваққат президент этиб сайланган ва унинг ваколат муддати шу йил 31 декабрда тугайди.

Қирғиз Конституциясига кўра, бир шахс фақат бир марта олти йиллик муддатга сайланиш ҳуқуқига эга.
XS
SM
MD
LG