Линклар

logo-print

Россиянинг Ямандаги элчихонаси ўтган ҳафта Шабвада ўғирлаб кетилган ўзбек шифокорининг озод этилганини маълум қилди.


Ўзбек шифокорининг озод этилишида иштирок этган Россиянинг Ямандаги элчихонаси атташеси Айдар Туйғунов Озодлик мухбирига озод этилган шахснинг айнан Воҳид Воҳидов эканлигини тасдиқлади.

- Озод этилган шахс бу бир ҳафта олдин ўғирлаб кетилган Ўзбекистон фуқароси Воҳидов эканини тасдиқлаймиз. Ҳозир у озод этилган ва ўз рафиқаси олдига эски иш жойига олиб кетиляпти. Бу маълумотни маҳаллий ҳукумат расмийлари ҳам тасдиқлади. Жанггариларнинг талаблари қондирилдими ёки йўқми¸ бу ҳақда Яман расмийлари маълумот берганича йўқ, деди Ямандаги Россия элчихонаси атташеси Айдар Туйғунов.

Ўзбек шифокорининг ҳамкасби Абдуллоҳ Улаймийнинг мухбирларга билдиришича¸ шифокорни ўғирлаган қабила вакиллари билан музокаралар натижасида озод этилган Воҳидов Санаага олиб келинган ва эндиликда Ҳаж зиёратини адо этиш учун Маккага учиб кетишга ҳозирланмоқда.

Айни пайтда¸ Reuters агентлиги озод этилган ўзбекистонлик врачнинг исми Абдулҳамид Юн (Abdulhamid Jun) экани ва унинг 2011 йилнинг март ойида Абиён провинциясининг Ал-Маҳфид шаҳридан ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар тарқатди.

Reutersга кўра, ўзбекистонлик Юн Ал-Қоида жанггарилари марказларига авиаҳужумга розилик берган амалдорларни жавобгарликка тортиш талаби билан ўша ҳужумдан талафот кўрган кўчманчилар томонидан ўғирланган.

Шунингдек, айрим манбаларда жанггарилар қўлидан чиқариб олинган врачнинг исми Воҳид Роф, бошқа манбаларда Воҳидов экани таъкидланади.

- Бу тушунмовчиликлар сабаби шундан иборатки, ўғирланганлар икки киши бўлиб, бири шу йилнинг март ойида ўғирланган Тожикистон фуқароси, хато қилмасам, Очилдиев, иккинчиси эса¸ ўтган ҳафта олиб кетилган ўзбекистонлик Воҳид Воҳидов. 2011 йилда Яманда хорижлик врачлардан фақат шу икки киши ўғирланган. Уларнинг иккалови ҳам ҳозир озод қилинди, дейди Россиянинг Ямандаги элчихонаси атташеси Айдар Туйғунов.

Тожикистонлик ўзбек шифокори 60 ёшли Ҳамиджон Олчибоев шу йилнинг март ойида Яманнинг Шабва вилоятида маҳаллий қабила вакиллари томонидан ўғирлаб кетилиб, кейинчалик қўйиб юборилган эди.

Айдар Туйғуновга кўра, Воҳид Воҳидов хусусий шартнома асосида Шабва провинциясининг Байхон шаҳридаги “Дор аш-Шифо” госпиталида шифокор бўлиб ишлаб келган. У ўз рафиқаси билан Шабвадан ҳаж сафарига жўнаш учун пойтахт Санаага кетаётган пайтда Жаҳм қабиласи жанггарилари томонидан гаровга олинган. Жанггарилар Воҳидовнинг рафиқасини озод қилиб¸ уни ўз шартлари бажарилиши учун ҳибсда сақлаганлар.

Россиянинг Санадаги элчихонаси Яман Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига Воҳидовни зудлик билан озод қилишга кўмаклашиш илтимоси битилган нота юборган.

Санаадаги касалхоналардан бирида ишлайдиган ўзбекистонлик шифокорлардан бирининг Озодликка билдиришича¸ ҳозирда Яманда 5000 га яқин ўзбекистонлик ишламоқда ва уларнинг кўпини олий маълумотли шифокорлар ташкил этади.
XS
SM
MD
LG