Линклар

Тожикистонда мазлума аёллар учун марказ очилди

  • Гулнора Равшан

Оиласида зулм кўраётган тожикистонлик аёлларга бошпана берилади.

Тожикистон хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаcи масъули Ҳилолби Қурбонованинг айтишича, эри томонидан дўппослаган ёки оиласида камситилган тожикистонлик қиз-жувонлар эндиликда паноҳ излаб кўчаларда сарсон бўлмайди.

- Оилада зўравонликка учраган қиз ёки жувон вақтинча мана шу “Shelter” марказида яшаб, ҳуқуқий, маънавий ва психологик кўмаклар олади. Бундай марказ шу пайтгача жамиятимизда бўлмаган, - дейди Қурбонова хоним.

Қўмита вакиласига кўра, бу вақт ичида аёл учун бошпана берган ташкилот мутахассислари аёлнинг турмуш ўртоғи, оиласи билан ҳам учрашиб, жанжалнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганади ва орадаги совуқчиликка барҳам бериш чора-тадбирларини излайди.

Аёллар билан ишлаш қўмитаси расмийсининг маълум қилишича, сўнгги йилларда республика чекка туманларида айнан оиладаги зўравонлик боис қиз ва жувонларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари тез-тез қайдга олинмоқда. Шуни назарга олган ҳолда, мазкур қўмита халқаро ташкилотлар молиявий кўмагида бир нечта ана шундай марказлар ташкил қилишни режалаштирган.

Аснода хотин-қизлар билан ишлаш нодавлат ташкилотлари тожик жамиятида аёлларга психологик ёрдамлар кўрсатиш вазифаси бўлган марказларнинг очилганини олқишламоқда.

- Бу жуда керакли марказ. Чунки у аёл босим остида яшагани ва мажбурлигидан [уйидан] чиқиб кетади. Йилдан-йилга аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини статистика кўрсатаяпти. Ҳозир шароит ҳам оғир, замона ҳам бошқа. Шуни назарга олган ҳолда, аёлларимизга психологик ёрдам жуда зарур. Ана шундай ёрдам олса, аёл оиласига қайтиб, яна яхши яшаб кетиши мумкин, - дейди Қўрғонтепа шаҳридаги меҳнат муҳожирлари билан ишлаш нодавлат ташкилоти раҳбари Гулбаҳор Муродова.

Унингча, жисмоний ва руҳий тазйиққа дучор бўлаётган аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши ва бунинг ортидан бегуноҳ болаларнинг ярим етим бўлиб қолишининг олдини олиш учун албатта ана шундай марказлар бўлиши лозимдир.

Мустақил кузатувчилар ҳам тожик жамиятида жисмоний, руҳий ва ҳатто жинсий зўравонликка учраётган аёллар аввалги йилларга нисбатан кўпроқ қайдга олинаётганини айтади. Лекин, кузатувларга кўра, бундай аёллар ҳуқуқ-тартибот идораларига камроқ мурожаат қилади. Сабаби эса миллий зеҳният билан изоҳланади.

Гарчи Тожикистонда бу мавзуни кўтариш маън қилинмаган бўлса-да, таҳлилчиларга кўра, шарқона анъаналарга мутлақо тўғри келмаслиги важидан аёлларнинг оилада зўравонликка учраётгани борасида тадқиқотлар ҳам ўтказилмайди.

Аснода тожикистонлик ҳамма аёллар ҳам Душанбе шаҳрида “Shelter” марказининг очилишидан хурсанд эмасликлари кузатилади.

Улардан бири - Ваҳдат туманида яшовчи Саодатхон уйдаги гапни кўчага чиқаришнинг оқибати яхшиликка олиб бормаслигини айтади.

- Эрим билан уришиб қолсам, у бақирганида мен индамай ҳовлида ишимни қилиб юравераман. Бирпасдан кейин кайфияти жойига тушиб, яна гапириб кетаверамиз. “Эрим урди” деб, кўчага чиқиш ёки уйдан қочиш муслималарга тўғри келмайди. Бу умуман нотўғри иш. У мажбур бўлиб қочиб кетган тақдирда ҳам, қайтиб келганидан кейин эр қабул қилмайди уни, - дейди 33 ёшли Саодатхон.

Ҳуқуқ соҳасида мустақил таҳлилчи Абдуқаюм Юсупов тожик жамияти учун ҳали унча таниш бўлмаган “Shelter” каби марказлар баъзи аёллар томонидан нотўғри қабул қилиниши мумкинлигини айтади.

- Улар арзимас нарсага ҳам оиласидан аразлаб, “Shelter”ни доимий бошпана қилиб олиши ҳам мумкин. Агар ҳақиқатни айтадиган бўлсак, оиладаги жанжал кўп ҳолларда аёлларнинг инжиқликлари туфайли келиб чиқади. Жамиятда эрига зулм қилаётган аёлларимиз ҳам кўпчилик. У ҳолда бундай эркаклар қаердан бошпана топсин? Эркак ва аёл тенг ҳуқуқлилигини айтамиз, лекин нега масаланинг бу томони ўрганилмайди? - дейди таҳлилчи Юсупов.
XS
SM
MD
LG