Линклар

Мустақил таҳлилчилар ҳозирча бу саволга тасдиқ жавоби беришга ошиқмаëтирлар.

30 октябр куни Қирғизистонда президент сайловлари бўлиб ўтди. Мамлакат парламент бошқарувини танлаганидан бери белгиланган илк сайловнинг нисбатан тинч ва эркин муҳитда ўтгани¸ қирғиз таҳлилчилари¸ қолаверса айрим хориж кузатувчиларининг бу тадбир Қирғизистонда демократия томон яна бир муҳим одим ташланди¸ деган фикр билдиришларига асос бўлмоқда.

Сайловларнинг эртасига Озодлик мухбири айрим мустақил таҳлилчиларни ана шу мулоҳаза атрофида мушоҳада юритишга таклиф қилди.

“30 октябр куни Қирғизистонда бўлиб ўтган президент сайловлари мустақиллигидан сўнг “Марказий Осиëдаги демократия оролчаси” деб ном олган бу мамлакатда демократия сари илгари силжишми?” деган саволга жавоб берган сиëсатшунослар орасида энг некбини қирғизистонлик сиëсатчи¸ “Айкол Эл” партияси етакчиси Эдил Байсалов бўлди.

Байсаловга кўра¸ сўнгги президент сайловлари¸ шубҳасиз¸ Қирғизистоннинг демократия йўлидан оғишмай ташлаган жиддий қадами ва у Марказий Осиëнинг бошқа мамлакатларига ўрнак бўлгулик.

- Шубҳасиз¸ кеча ўтказилган сайловларда халқнинг катта қисми қатнашди ва бу Қирғизистон тарихидаги энг кўп рақобатчи номзод қўйилган сайлов бўлди. Сайловолди муҳити ҳам¸ сайловнинг ўзи ҳам эркин ва очиқ руҳда ўтди. Сайловчилар кимнинг ким эканини уларнинг эркин кампаниялари¸ баҳсу мунозаралари ва бевосита учрашувлардан билиб олиб¸ сўнгра овоз берди.

Бу сайлов нафақат Қирғизистон¸ балки бутун Марказий Осиë тарихида олдинга ташланган жиддий қадамдир. Мустақилликдан бери ўтган 20 йил ичида минтақа давлатлари ўз тараққиëт йўлларини ўзлари танладилар ва бугунга келиб кимнинг қайси йўлдан кетаëтгани ойдинлашди.

Минтақанинг қолган давлатлари авторитаризм йўлидан оғишмаëтган бўлса¸ Қирғизистон¸ хато ва камчиликларга қарамай¸ демократия йўлидан оғишмаëтир. Қўшниларимиз бизнинг бу йўлдаги тажрибамиздан ўргансалар¸ бу кичиккина Қирғизистоннинг бутун минтақа ривожига қўшган катта ҳиссаси бўлади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда қирғизистонлик сиëсатшунос Эдил Байсалов.

Қирғизистонлик сиëсатчидан фарқли ўзбекистонлик таҳлилчилар қўшни давлатдаги жараëнларни демократия томон ташланган муҳим одим¸ деб баҳолаш фикридан йироқ эканликларини айтадилар.

Ўзбекистондаги “Демократик ташаббуслар” гуруҳи етакчиси Искандар Худойберганов Қирғизистонда бораëтган жараëнларнинг¸ моҳият эътибори билан минтақанинг қолган ҳудудларидан кўп ҳам фарқланмаслигини таъкидлайди.

- Бизлар демократия деганда сиëсий шароит эмас ¸ балки иқтисод деган нарсани ҳам инобатга олишимиз керак. Демократия давлатида халқнинг турмуши, фаровонлиги ўсиб боради. Қирғизистонга қарасангиз, бу ҳеч қанақа тўғри келмайди. Ҳаëт тарзи борган сари пасайиб кетган Қирғизистоннинг. Ўзлари буни демократия дейишаëтгани бу табиий ҳол. Агарда давлатнинг тепасига Сталин ëки Гитлерга ўхшаган одам келса ҳам¸ демократия қураяпмиз, дейди. Бу билан иш битмайди. Бу бир.

Иккинчидан, Қирғизистонда бўлган воқеалар, Ўш воқеалари, демократия давлатига тўғри келмайди.

Учинчидан, бу миллий низо учун Бакиевнинг ўрнига келган одамлар, масалан¸ Роза Ўтунбаева ҳам айбдор. Аммо Қирғизистоннинг бирорта сиëсий партияси буни тан олгани йўқ.

Янги қирғиз президенти Россияга, унинг сиëсатига тўғри келмаган сиëсатни олиб борса, эрта-индин ўтирган жойидан чиқиб кетиши ҳеч гап эмас. Умуман мустақил эмас бу давлат. Қирғизистоннинг сиëсий тарафдан мустақиллигига ҳеч ким кафил бўла олмайди. Бу тўғрисида қирғиз ва Ғарб таҳлилчилари оғиз кўпиртириб гапириши мумкин. Бу пиар. Бу халқни алдаш йўлидан бири¸ дейди ўзбекистонлик сиëсатшунос Искандар Худойберганов.

Халқаро муносабатлар бўйича Британия қироллик институтининг Марказий Осиë бўйича етакчи таҳлилчиси¸ профессор Юрий Фëдоров ҳам Қирғизистондаги инқилоблару сайловларни Марказий Осиëда демократик зеҳниятнинг ўринлашаëтгани сифатида талқин этишни¸ бу минтақани тушунмаслик¸ ëхуд уни атайлаб нотўғри талқин этиш намунаси деб атайди.

- Ҳозирча Киргизиями¸ Қирғизистонми¸ у ерда демократия тантанаси ҳақида гапиришга эрта. Негалигини ҳозир тушунтиришга уринаман. Асқар Ақаев президентликдан қочиб кетганидан бери Қирғизистонда юзага чиққан воқеалар демократия ривожи эмас¸ балки турли минтақавий ва корпоратив кланларнинг ҳокимият учун кураши сифатида изоҳланиши лозим.

Бакиев ва унинг оиласи Қирғизистондаги пул келадиган соҳанинг барчасини ўз кланидан четга бермаганидан сўнг¸ қуруқ қолган шимолий кланлар бунга қарши исëн кўтардилар. Халқнинг қашшоқлашган ва ғазабнок қисмидан эса¸ Бакиев ва рақиб кланни ағдариш воситаси сифатида фойдаландилар¸ холос. Ҳозирги сайлов ҳам ҳокимият¸ давлат идораларидаги амаллар ва пул келадиган каналларни қайта тақсимлашдан бошқа нарса эмас.

Қирғизистонда демократик жараëнлар бормоқда¸ минтақанинг қолган давлатлари қирғизлардан ўрнак олиши лозим¸ деган гап чўпчакдан бошқа нарса эмас. Аслида Қирғизистондаги асл жараëнлар минтақанинг қолган қисмидаги жараëнлардан моҳиятан фарқ қилмайди.

Ягона фарқ¸ унинг нисбатан очиқлигидир. Агар Оқсарой ва Оқўрдада нималар бўлаëтгани қаттиқ сир тутилса¸ Қирғизистонда¸ минтақавий кланларнинг тўхтовсиз кураши оқибатида бу жараëн юзага сизиб чиқмоқда. Ўзбекистон¸ Қозоғистон каби давлатларда минтақавий ва иқтисодий кланлар ўртасидаги мувозанатни ушлайдиган Каримов ва Назарбоев каби қаттиққўл ва кучли раҳбарлар бўлса¸ Қирғизистонда азалдан ҳукм суриб келган жануб-шимол зиддияти боис¸ бундай шахс йўқ. Бор фарқ шу¸ холос¸ дейди Халқаро муносабатлар бўйича Британия қироллик институти етакчи таҳлилчиси¸ профессор Юрий Фëдоров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG