Линклар

logo-print

АҚШ UNESCO қароридан норози


Фаластинни UNESCOга аъзо давлат сифатида қабул қилиш масаласи юзасидан овоз беришга 31 октябр куни 195 давлат вакили қатнашди.

Фаластинни UNESCOга аъзо давлат сифатида қабул қилиш масаласи юзасидан овоз беришга 31 октябр куни 195 давлат вакили қатнашди.

Фаластин БМТнинг таълим, фан ва маданият ташкилоти (UNESCO) га 31 октябр куни аъзо давлат сифатида қабул қилинишига жавобан АҚШ тилга олинган ташкилотни молиялашни тўхтатажагини эълон қилди.

- Фаластиннинг UNESCOга давлат сифатида аъзо бўлиши анчадан бери мавжуд қонуний чекловларга амал қилишга олиб келадики, натижада Қўшма Штатлар UNESCOга ҳисса қўшишдан тийилишга мажбур бўлади, деди АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Виктория Нуланд Фаластиннинг UNESCOга аъзолиги масаласи овозга қўйилганидан бир неча соат ўтгач.

Ўтган асрнинг 90-йилларидан буён амал қилиб келаётган қонуний чекловларга биноан Исроил билан тинчлик шартномасига эришилмагунича, БМТнинг Фаластинни аъзо давлат сифатида тан олган ҳар қандай идорасига молиявий ҳисса қўшиш тақиқланган.

АҚШнинг UNESCOга тўлайдиган йиллик бадали 70 миллион доллар бўлиб, бу маблағ мазкур халқаро ташкилот йиллик бюджетининг қарийб тўртдан бир қисмидир.

Нуландга кўра, жорий йил ноябр ойида UNESCOга ўтказилиши режалаштирилган 60 миллион доллар эндиликда бекор қилинади.

Фаластинни UNESCOга аъзо давлат сифатида қабул қилиш масаласи юзасидан овоз беришга 31 октябр куни 195 давлат вакили қатнашди. 107 давлат розилик берди, 14 давлат қарши овоз берди. 52 давлат эса, холис қолди.

Овоз бериш натижаларини Венгрия вакили, UNESCOнинг 36-Бош конференцияси раиси Каталина Бодяи эълон қилди:

- Хонимлар ва жаноблар, конференция Фаластинни UNESCOга аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини маъқуллаб овоз берди, - деди Каталина Бодяи.

Исроил, Германия, Нидерландия ва Швеция АҚШ қаторида қарши овоз берган давлатлардандир.

Вашингтонда қилган чиқиши чоғида Давлат департаменти расмий вакили Виктория Нуланд Фаластин масаласининг овозга қўйилишини “хом иш” деб баҳолаб, бу тадбирнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёнига терс таъсир қилажагини таъкидлаб ўтди.

Исроил ҳам UNESCOга бадал тўлашни тўхтатишини эълон қилди.

Исроилнинг UNESCOдаги вакили Нимрод Баркан кечаги овоз беришни “фожеа” деб атади.

- Бу қарор ЮНЕСКО учун фожеадир. Бу ташкилот илм-фанни ривожлантириш билан шуғулланиши керак, илмий фантастика билан эмас, - деди исроиллик дипломат.

Фаластин раҳбарлари эса мухториятнинг UNESCOга қабул қилинишини Фаластин давлатининг БМТга аъзо давлатлар томонидан тўлақонли тан олиши томон қўйилган қадам сифатида баҳоламоқдалар.

Жорий йил сентябрида мухторият раиси Маҳмуд Аббос Фаластинни БМТга аъзо сифатида қабул қилишни сўраб, расман ариза топширган эди.

Фаластинликлар аризасини кўриб чиқиш ноябрга белгиланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG