Линклар

Сўғдлик 17 ёшли Мадина Жўраева 14 йилдан буён уйдан ташқарига чиқмайди.

- Уч яшарлигимда оёғим синди. Докторлар нотўғри гипс қилганлари туфайли оёғим ўн сантиметр калта бўлиб қолди. Оқсаб юриш оқибатида эса умуртқа поғонам қийшайган. Хуллас, кўчага чиқиб, узоқроқ ерга юришим жуда қийин. Кейин кўчага чиқсам, тенгдошларимдан уяламан, - дейди 14 йиллик умрини уйда ўтириш билан ўтказаётган Мадина.

Хўжандлик шифокорлар Мадинани даволай олмасликларини айтган.

- Дадам билан Хўжанд шаҳридаги шифохоналарга бордик. Докторлар: “Биз буни даволай олмаймиз, қўлимиздан келмайди. Чунки қизнинг суяги мўрт, яна гипс қилсак, умуман оёқдан қолади. Буни яхшиси чет элдаги докторларга кўрсатинглар”, деб айтди. Мен эса кўчага чиқиб, ўртоқларимни кўришни, тоза ҳаво билан нафас олишни жуда истайман, - дейди Конибодом туманининг “Жавонон” (“Ёшлар”) кўчасидаги 12-уйда истиқомат қилувчи Мадина Жўраева.

У 9-синфгача таълимни уй шароитида олган.

- Ўқитувчи келиб, уйда дарс берди. Мақтанмайман, лекин “яхши” ва “аъло” баҳоларга ўқиганман. Ҳозир кўпинча газета ва журналлар ўқийман, китоблар ҳам ўқиб тураман. Лекин кўпроқ қизларга дўппи тикишга қизиқаман. Бу ҳунарни Тошкент телевидениясининг “Моҳир қўллар” программасидан ўрганганман. Улардек тика олмайман, чунки дўппи учун керакли мунчоқ, зарли иплар ва бошқа шунақа нарсаларим йўқ, - дейди Мадина.

Мадина ногиронлиги учун бори-йўғи 70 сомоний (тақрибан 14,5 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида нафақа олади. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлган отаси Ҳусайн ака эса 60 сомоний нафақа олади. Уч кишидан иборат оила ҳозирда фақат ойига 130 сомоний (тақрибан 27 доллар - таҳр.) эвазига кун кўрмоқда экан.

- Энди бу пул ҳамма эҳтиёжимизга ҳам етмайди. Кунимиз асосан чой ва нон билан ўтаяпти. Қариндош-уруғлар келганда у-бу егулик нарса олиб келади, шу билан ўтаяпти-да кунимиз, - дейди Мадина маҳаллий ҳукуматдан ғамхўрлик кўрмаганини қўшимча қиларкан.

Бугунги кунда Мадина ва унинг отасини ташвишга солган нарса тожикистонлик шифокорларнинг қиз ёши улғайгач, оёқдан қолиши мумкинлигига оид тахминлари экан.

Мадина Жўраева

Мадина Жўраева

Шифокорларнинг айтишича, агар Мадина 25 ёшгача чет элда операция қилинса, оёққа туриб кетиши мумкин, акс ҳолда, тўшакка михланиб қолиши эҳтимолдан йироқмас.

Бу оиланинг Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига такрор ва такрор қилган мурожаатлари эътиборга олинмаган, сабаби эса ҳеч қачон изоҳланмаган.

Аснода Мадина бошқа юртдошлари сингари соғлиғи билан боғлиқ муаммо хориждаги саҳоватпеша инсонлар кўмагида ҳал бўлишига умид қилишини айтади.

- Дунёда яхши инсонлар ҳали кўп. Чет элдаги яхши одамлар касал, етим болаларга пул билан ёрдам қилаётганлари ҳақида кўп эшитганман. Мана, Қурбон ҳайит ҳам яқин. Ана шундай улуғ кунларда кимгадир ёрдами тегишни истайдиган одамлар борлигига ишонаман, - дейди конибодомлик Мадина.

Ногирон қизга ёрдам бермоқчи бўлган саҳоватпеша кишилар +992 3467 3-71-42 телефони орқали Мадина Жўраевага боғланишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG