Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:44

Атирауда портлашлар содир бўлди


Айрим маълумотларга кўра, Атираудаги биринчи портлаш вилоят ҳокимияти биноси яқинида содир бўлган.
Айрим маълумотларга кўра, Атираудаги биринчи портлаш вилоят ҳокимияти биноси яқинида содир бўлган.

31 октябр куни Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида бирин-кетин иккита портлаш содир бўлди.

Атирау вилоят прокуратураси матбуот хизматининг маълум қилишича, дастлаб маҳаллий вақт билан соат 8.45 да Қулманов кўчаси 1-уй яқинидаги ахлат баки портлаган. Айрим маълумотларга кўра, бу портлаш вилояти ҳокимияти биноси ёнида содир бўлган. Атирауда чиқадиган “Ақ Жайиқ” газетасининг ёзишича, биринчи портлашдан кейин “ташқаридан ҳокимиятнинг кўп хоналари ойналари сингани кўринган, бундан ташқари, гувоҳлар бинодан муҳтамалан ойна синишидан жароҳатланган аёлни олиб чиқишларини кўрганлар”.

Соат 9.50 да эса Атираунинг Сариарқа мавзеида иккинчи портлаш содир бўлган. Атирау прокуратураси маълумотларига кўра, 30-уй яқинидаги ялангликда номаълум киши портловчи ускунани ишга солган ва натижада воқеа жойида ҳалок бўлган. Портлашдан яқиндаги уйнинг ойналари синган.

Вилоят прокуратура ҳар икки портлашдан ҳам, ҳалок бўлган кишидан ташқари, бошқа бирор киши зарар кўрмаганини билдирди.

“Ақ Жайиқ” газетаси мухбирининг Озодлик радиоси қозоқ шўъбаси айтишича, у иккинчи портлаш содир бўлган жойга келганда яқиндаги уй деворларида қон изларини кўрган.

- Воқеа содир бўлиши билан бу ерга келган ҳамкасбларим ҳар ёқда сочилиб ётган тана аъзоларини кўрибдилар. Бу мавзеда яшовчи кишилардан бири – у 30-уйдан 500 метр нарида яшайди – менга портлашдан қаршидаги уйнинг барча ойналари тўкилиб тушганини айтиб берди. Ҳозир полицияга чақирилган маҳалла қўмитаси раиси эса худкушнинг жингалак сочли ёш йигит эканини кўрган экан. Портлашдан сўнг унинг боши узилиб кетибди, - деди “Ақ Жайиқ” газетаси мухбири.

Унинг айтишича, Сариарқа мавзесида яшовчи кишилар бу воқеа ҳақида имкон қадар гапирмасликка ҳаракат қилаяптилар.

Атирау вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, Сариарқа мавзесида портлаган кишининг шахси аниқланган – у 1987 йилда туғилган Бауржан Султанғалиев бўлиб чиққан. “Унинг шахси қариндошлари томонидан танилган ва бармоқ изларидан идентификация қилинган”, дея хабар қилади вилоят прокуратураси матбуот хизмати

Аснода оммавий ахборот воситаларида Атираудаги портлашлар учун масъулиятни Жундул-Халифат (“Халифалик аскарлари”) гуруҳи ўз зиммасига олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Хусусан, Long War Journal нашрининг ёзишича, жиҳодий форумларда мазкур гуруҳ аъзолари террорчилик хуружини амалга оширганларини тан олганлар.

Гуруҳ вакилларига кўра, портлаш худкуш шахс томонидан атайлаб содир этилган ва у “шунчаки ҳукумат учун огоҳлантириш” бўлган.

“Биз кўп одамга зарар етказишдан сақланиб, онгли равишда одамларни ўлдириш ва тан жароҳати етказишга уринмадик. Бироқ агар бундан буён талабларимизга қулоқ солинмаса, осмонларни устунсиз тутиб турган Оллоҳга қасамки, кейинги ҳужумларда қон дарё бўлиб оқади”, дейилади Жундул-Халифат мурожаатида.

Қозоғистон расмийлари бу мурожаат юзасидан ҳозирча ўз муносабатини билдирмади.

Маълумотларга кўра, 1 ноябрга ўтар кечаси Атирауда террорчиларни қўлга олиш учун амалиёт ўтказилган, бироқ ҳозирча бу операция натижалари очиқланмади.

Аввалроқ, 26 октябр куни Жундул-Халифат гуруҳи, агар қозоқ расмийлари яқинда қабул қилинган дин тўғрисидаги қонунни бекор қилмасалар, зўравонлик қўллаш билан таҳдид қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

13 октябр куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “Диний фаолият ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни имзолаганди.

Мазкур қонунга мувофиқ, Қозоғистондаги барча диний бирлашмалар қайта рўйхатдан ўтишлари керак. Шунингдек, қонунга кўра, давлат муассасаларидаги, шу жумладан, қамоқхоналардаги намозхоналар ёпилади.

Расмийлар фикрича, “Диний фаолият ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун диний экстремизмнинг олдини олиш ва уни бартараф қилишга қаратилган. Бироқ кўплаб ҳуқуқ фаоллари мазкур қонуннинг асосий моддаларини шу кунгача танқид қилиб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG