Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:57

Ўзбекистон мусодара қилаётган китобларнинг 90 фоизи Исломга оид


Форум 18 ташкилотига кўра, Ўзбекистон божхоначилари мусодара қилаётган диний китобларнинг аксари Исломга оид.


Тошкентдаги Баптистлар черковига хориждан жўнатилган рус тилидаги "Исо Масиҳ - бизнинг нуримиз" (Христос — наше освящение) номли 23 та диний китоб сентябр ойининг охирида Ўзбекистон божхонаcи томонидан ушланди.

Черков ходимларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, улар 11 сентябр куни хориждан китоб солиб жўнатилган посилкани бўш ҳолда олишган.

Тошкентдаги Мирзо Улуғбек туман почта бўлими ходимлари, китоблар божхоначилар томонидан мусодара қилинганини айтишган.

Ушбу вазиятни ўрганаётган Дин эркинлиги масалалари билан шуғулланувчи Форум 18 халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича муҳаррири Феликс Корлига кўра, Ўзбекистонда хориждан жўнатилган китоб ва журналларнинг мусодара қилиниши одатий ҳолга айланган.

- Ўзбекистонда диний китобларга нисбатан асоссиз шубҳа бор. Нафақат насронийлар, балки, мусулмонларнинг диний китоблари ҳам Давлат томонидан цензура қилинади. Ўзбекистон бош почтасининг хориждан жўнатилган китобларни мусодара қилиши кейинги пайтларда кўпайган. Тошкентдаги Баптистлар черковига жўнатилган китоблар ҳам ноқонуний деб топилиб, божхоначилар томонидан мусодара қилинди,- дейди Феликс Корли.

"Ўзбекистон почтаси" хорижий жўнатмалар бўлими ходимининг Озодликка айтишича, улар хориждан келган юк жўнатмаларинини махсус текширувдан ўтказиш ва қонунда тақиқланган китоблар бўлса, тегишли ташкилотга хабар бериш учун маъсулдирлар.

Форум 18 ташкилотининг расмий сайти орқали эълон қилинишича, Ўзбекистонда мусодара қилинаётган китобларнинг 80-90 фоизи Ислом динига оид китоблардир.

- Биз Ўзбекистон Божхона қўмитасига расман мурожаат қилганимизда, божхона инспектори Дилшод Содиқов бизга Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярмида мусодара қилинган ҳар 10 та китобдан, 8 ёки 9 таси исломий китоблар эканини айтди. Унга кўра, бу китоблар Ўзбекистон диний ишлар қўмитаси томонидан тақиқланган. У хориждан жўнатилган ҳар бир китоб ушбу қўмитага таҳлил учун жўнатилиши ва улардан олинган жавобга таяниб, хулоса чиқарилишини айтди,- дейди Корли.

Халқаро мутахасис тадқиқотларига кўра, жуда кўп ҳолатларда китоблар мусодара қилингач, уларни жўнатган хориждаги манзилга ёзма мактуб ҳам йўлланади.

- Бу ҳақда бизда жуда кўплаб маълумотлар бор. Ўзбекистон китобларни мусодара қилиш билан биргаликда китобни жўнатган хориждаги ташкилот ёки шахс номига хат жўнатиб, "бундан кейин Ўзбекистонга бу каби китобларни жўнатмаслик"дан огоҳлантирилади,- дейди Корли.

Ўзбекистонда бир йилда қанча китоб мусодара қилиниши ҳақида аниқ рақамлар мавжуд эмас. Форум 18 тахминларига кўра, ҳар йили тахминан 1000 та китоб мусодара қилиниб, кейин йўқ қилинади.

- Аниқлашимизча, мусодара қилинган барча китоблар кейин йўқ қилинади. Бу ҳақда аниқ маълумотларимиз бор,- дейди Корли.

Ўтган йили Ўзбекистон Библия жамиятига қарашли Инжил китобининг 2800 нусхаси ҳам мусодара қилинган эди.

Ўзбекистон Дин ишлар бўйича қўмита матбуот хизмати бундай ҳатти-ҳаракатларни мамлакат қонунчилигида тақиқланган прозелитизм, деб баҳолар экан, миссионерлик “диний ва миллий қадриятлари ўзаро уйғун ҳолатда шаклланган ўзбек халқида бу иллат жиддий оқибатларни юзага келишига, жамият пойдевори ҳисобланган оилаларнинг парчаланишига, қариндош-уруғчилик алоқаларини узилишига сабаб бўлиши мумкин”лигини таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG