Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:31

Россия фуқаролигини олиш қийинлашди


Кейинги бир неча йил ичида 50 мингга яқин ўзбекистонлик ҳам Россия паспортини олган.
Кейинги бир неча йил ичида 50 мингга яқин ўзбекистонлик ҳам Россия паспортини олган.

Россия Президенти Дмитрий Медведев мамлакат фуқаролигини олишни қийинлаштирувчи махсус қарор қабул қилди. Бундан кейин собиқ иттифоқнинг айрим мамлакатлари вакиллари Россия фуқаролигини осонлаштирилган тарзда олиш имкониятига эга бўлмайди.


Россияда осонлаштирилган тартиб бўйича фуқаролик бериш бекор қилинди. Бу ҳақда Россия Президенти Дмитрий Медведев 19 октябр куни имзолаган қарори 24 октябрда кучга кирди, дейди Озодлик билан суҳбатлашган Қирғизистон Республикасининг Москвадаги Консули Ойжигит Бўронов.

- Бу қарорга кўра, энди Россияга кириб келаётган хорижлик мигрант халқаро шартномалар асосида Россия фуқаролигини осонлаштирилган тарзда олиш учун доимий яшаш гувоҳномасини тақдим этишлари зарур. Бу талаб Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларига тегишлидир, чунки фақат шу уч мамлакат вакиллари осонлаштирилган тизим асосида Россия фуқаролигига ўтиб келган,- дейди Қирғизистоннинг Россиядаги Консули.

Бўроновнинг сўзларига кўра, бундан олдин фуқароликка ҳужжат топширувчи шахс миграция картаси ёки миграция хизматидан қайдга турганлиги ҳақида бланк қоғози, вақтинчалик ёки доимий яшаш рухсатномаларидан бирини тақдим этиши кифоя бўлган.

“Жорий йилнинг 24 октябридан эса Беларус, Қирғизистон ва Қозоғистон билан Россия ўртасида имзоланган Россия фуқаролигига ўтишнинг осонлаштирилган тартиби тўғрисидаги халқаро шартномаларга қарамасдан фуқароликка даъвогар шахс албатта доимий яшаш рухсатномасига эга бўлиши керак”, дея давом этади Қирғизистон Консули Ойжигит Бўронов.

- Бугунги кунда Қирғизистон Республикасининг Консуллик бўлими Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Косуллик департаменти билан қабул қилинган икки тарафлама Россия фуқаролигига ўтишнинг осонлаштирилган тартиби тўғрисидаги халқаро шартномаларнинг ҳолати борасида тушунтириш бериш масаласида музокаралар олиб бормоқда. Янги қоидалар бўйича бир даста ҳужжат тайёрлаб келиш зарур. Бу қарор албатта фуқароларимизнинг Россиядаги ҳаётини кескин қийинлаштириб юборади,- дейди Қирғизистон Республикасининг Москвадаги Консули Ойжигит Бўронов.

Россия Федерал миграция хизматидан олинган маълумотларга кўра, шу пайтга қадар Россия фуқаролигига осонлаштирилган ҳолда ўтиш жараёни иккита халқаро ҳужжатга кўра амалга оширилган: биринчиси, 1996 йил 28 мартда қабул қилинган Қирғизистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида, иккинчиси, 1999 йилнинг 26 февралидаги Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги келишувлардир.

Россия Президенти томонидан бу келишувларнинг айрим қисмларига зид бўлган қарорга имзо қўйиши аслида умум қабул қилинган халқаро нормаларни қўпол равишда бузишдир, дейди МДҲ давлатлари институтининг Диаспоралар ва миграция бўлими мудираси Александра Докучаева Озодлик Радиоси билан суҳбатда.

- Менининг фикримча, бу ҳуқуқий хато. Чунки бу қарорни қарорни Президентга тайёрлаб берганлар шахсий муаммоларини ҳал этишга уринган: осонлаштирилган механизм асосида Россия фуқаролигига қабул қилинаётган мигрантларни назорат қилиш ва уларнинг сонини камайтириш. Аммо улар Конституциямизда белгиланган халқаро шартномаларнинг ички қонунлардан устунлигини таъминлаш тўғрисидаги тамойилни инкор қилмоқдалар. Ахир Россия қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилишини таъкидлаб келади, бошқа томондан эса президент даражасида қонунларни қўпол тарзда бузмоқда, - дейди Александра Докучаева.

МДҲ институти мутахассисининг айтишича, ўзи маълумоти бўйича юрист бўла туриб бундай хатога йўл қўйган Дмитрий Медведев нафақат меҳнат муҳожирлари, балки ўз мол-мулкини сотиб Россияга доимий яшашга кўчиб ўтаётган минглаб русийзабон фуқаролар учун ҳам қийинчиликлар яратади.

- Кейинги пайтларда жамоатчилик норозилигини келтириб чиқараётган масалалар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, президент бу қарорни жамоатчилик босими остида қабул қилган кўринади. Албатта, у Россияда миграция оқимини назорат қилиш, мигрантлар сонини камайтириш учун ҳаракат қилган бўлса керак, лекин халқаро қоидаларни бузмасдан бу масалани ҳал этиш ҳам мумкин эди,- дейди Александра Докучаева.

Докучаева бу қарорни эълон қилишдан олдин Россия расмийлари осонлаштирилган тизим бўйича фуқаролик бериш тўғрисида халқаро келишув бир тарафлама бекор қилингани ҳақида иккинчи томонни огоҳлантиришлари зарур эди, дейди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, шу йилнинг 24 октябридан кучга кирган янги қоидалар бўйича Россия фуқаролигини олишга энди камида 1,5 йилдан 3 йилгача вақт кетади.

Россия фуқаролигига эга бўлишнинг бошқа қоидалари ўзгармасдан қолди. Яъни осонлаштирилган механизм бўйича Россия фуқароси бўлишни истаганларнинг эри-хотини ёки ота-онаси албатта россиялик бўлиши, ё бўлмаса бу шахс Россияда туғилган бўлиши шарт.

Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, кейинги йилларда 40-50 минг ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олган.

Айни пайтда 300 мингга яқин қирғизистонлик Россия фуқаролигига қабул қилинган, яна 300 мингга яқини меҳнат шартномаси асосида меҳнат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG