Линклар

logo-print

Ўзбекистон суди Oxus Gold инженерини қамоқда қолдирди


Саид Ашуров Oxus Gold ширкати муаммоларга дуч келгач жосусликда айбланди.

Саид Ашуров Oxus Gold ширкати муаммоларга дуч келгач жосусликда айбланди.

Ўзбекистон ҳарбий аппеляция суди Oxus Gold ширкатининг собиқ инженери Саид Ашуровга чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди. Тожикистон фуқароси Ашуров Британия фойдасига жосусликда айбдор деб топилиб, шу йилнинг августида 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.


У Ўзбекистон расмийлари томонидан мулки тортиб олинган Британиянинг Oxus Gold ширкатида инженер технолог лавозимида ишлаб келган. Oxus Gold Амантайтау Голдфилдз қўшма корхонасининг 50 фоизига эгалик қилиб келган.

Ўзбекистон ҳукумати инглиз ширкатини шартнома талабларини бузганлик, солиқдан бўйин товлаганлик, қонунга зид тарзда оффшор банк ҳисобларидан фойдаланганликда айблаб, Oxus Gold ширкатини қўшма корхона фаолиятидан четлаштирган.

Oxus Gold манфаатларини ҳимоя қилаётган ва вужудга келган вазиятда Ўзбекистон ҳукуматини Халқаро арбитраж судига берган Amsterdam & Peroff адвокатлик фирмаси хўжайини Роберт Амстердам Озодлик билан суҳбатда Саид Ашуровга чиқарилган ҳукм авторитар давлатнинг суд тизимини мутлақ назорат қилиши натижасидир, дея баҳолади.

– Бу суд тизимини назорат қиладиган авторитар ҳукуматнинг буйруғига кўра чиқарилган навбатдаги ҳукмдир. Биз Ашуровнинг саломатлиги ёмонлиги боис суд мурувват кўрсатади, дея умид қилаётган эдик, лекин бундай бўлмади, дейди адвокат.

Маҳбусларга нисбатан ноинсоний муносабати билан “довурғи чиққан” Ўзбекистон қамоғида Саид Ашуров қийноққа солингани тўғрисида маълумотлар бўлмаса-да, дея давом этади адвокат Амстердам, Ўзбекистондек давлатда ҳибсда бўлишнинг ўзи ҳар қандай қийноқдан баттардир.

– У қамоққа олинганидан бери саломатлигига жиддий путур етди. Аввалги касалларини ҳисобга олмаганда ҳам Ўзбекистондаги қамоқхоналар ўзининг санитария ва гигиена жиҳатидан ўта аянчли аҳволда экани билан танилган ва одам саломатлиги учун жуда хавфлидир, дейди Роберт Амстердам.

Унинг айтишича, Amsterdam & Peroff фирмасига Ўзбекистон судида Саид Ашуровни ҳимоя қилиш имкони берилмагани боис бу иш билан маҳаллий адвокат шуғулланган. Бундан ташқари Amsterdam & Peroff ширкати вакилларига Ашуров ва унинг ҳимоячиси билан мулоқотга киришиш микони ҳам берилмаяпти.

Британия фойдасига жосусликда айбланиб қамоққа ташланган собиқ бош инжинер Саид Ашуров ўзига қўйилган айбловларни инкор қилиб келади.

Роберт Амстердам Ашуровнинг ҳаёти хавф остида эканини айтар экан, Британия ҳукумати уни озод этиш уринишларида кўмакалашаётгани, лекин ғарбдаги бошқа ҳукуматларнинг Тошкент режими билан муносабатлари бу жараёнга путур етказаётганини таъкидлади.

– Америка ҳукмати Ўзбекистонга нисбатан икки юзламачилик сиёсати туфайли бу ишлар орқага кетмоқда. Яқинда Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга бориб, Афғонистонга Америка юкларини транзит қилишни кафолатлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукуматига мулозамат кўрсатганидан хафсаламиз пир бўлди, дейди адвокат.

Oxus Gold ширкати манфаатларини Халқаро судда ҳимоя қилишга шу йилнинг бошроғида киришган Amsterdam & Peroff фирмаси ўз мижози Ўзбекистонда тузилган Амантайтау Голдфилдз қўшма корхонасидаги улушини расман сақлаб қолаётганини айтаётган бўлса-да, Ўзбекистон де-факто инглизлар ётқизган сармояни мусодара қилган. Халқаро арбитраж суди Британия ширкати шикоятини бир неча ойдан кейин кўриб чиқа бошлайди ва якуний қарор чиқиши учун 4 йилгача вақт талаб этилиши мумкин, дейди Роберт Амстердам. Унинг айтишича, халқаро маҳкама бошланиб, мазкур ишга жамоатчилик диққати қаратилиши Ашуров тақдирига ижобий таъсир қилишига умид боғланмоқда.

– Ана шу сабабдан жаноб Ашуров ва унинг оиласи мазкур суд жараёни бошланишини интизорлик билан кутмоқда. Бошқа чора бўлмагандан кейин бу ишни тезроқ бошлаб, ҳаёти хавф остида қолган Ашуровнинг тақдирига жамоатчилик эътиборини қаратиш ўта муҳимдир, дейди Amsterdam & Peroff адвокатлик фирмасининг хўжайини РобертАмстердам.

Лекин Саид Ашуровни озод этиш учун бошқа усулларни ҳам, жумладан Ўзбекистонга сармоя қилаётган йирик хорижий ширкатларининг хорижий сармоядорга ишлаган Саид Ашуров тақдирига диққатини тортиш уринишларини давом эттирамиз, дея қўшимча қилади у.

Oxus Gold бундан аввал ҳам Ўзбекистонда жиддий муаммога дуч келган. 2006 йилда ҳам солиқдан бўйин товлаганлик айблови билан судга тортилган Британия ширкати ўз улушининг 16 фоизини президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган собиқ Зеромакс ширкатига хатлаб беришга мажбур бўлган эди.
XS
SM
MD
LG