Линклар

Туркия Афғонистон-Покистон сўзлашувига мезбонлик қилди


Афғонистон, Покистон ва Туркия раҳбарлари.

Афғонистон, Покистон ва Туркия раҳбарлари.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай ва Покистон Президенти Осиф Али Зардорий Истанбулда туркиялик ҳамкасби Абдулла Гул билан учрашди. Саммитда иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.


Афғонистон, Покистон ва Туркия раҳбарлари учрашуви 2 ноябр куни Истанбулда Афғонистонга бағишланган халқаро анжуман бошланиши арафасида бўлиб ўтди.

Уч томонлама сўзлашув чоғида сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида минтақақий ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Айни пайтда Афғонистон, Покистон ва Туркия армияси қўмондонлари ўртасида маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

Истанбул учрашувлврини бевосита кузатаётган Озодлик мухбири Дориан Жонез давлат раҳбарлари ўртасидаги музокаралар ҳамда армия қўмондонлари ва хавфсизлик хизмати бошлиқлари ўртасидаги маслаҳатлашувдан кўзланган асосий мақсад томонлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашдан иборат эканини айтди.

- Учрашувдан мақсад икки давлат ўртасидаги муносабатни яхшилашдан иборат. Шунингдек, турли масалалар, жумладан иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни яхшилаш устида бирга иш олиб боришдан иборат,- деди Озодлик мухбири Дориан Жонез.

Афғонистон расмийлари Покистон разведка хизматини Толибон жанггариларини қўллаб-қувватлаётганликда айблаган. Покистон бу айбловларни рад қилиб келади.

Афғонистон ҳукумати номидан толиблар билан музокара олиб борган Афғонистон собиқ президенти Бурҳониддин Раббоний сентябр ойида Кобул шаҳридаги уйида ўзини толиблар вакили деб таништирган шахслар ўзини портлатгани оқибатида ҳалок бўлганидан кейин Афғонистон ҳукумати Покистон билан музокараларни тўхтатиб қўйган.

2 ноябр куни бошланадиган икки кунлик Истанбул анжуманидан кўзланган мақсад Афғонистон келажаги борасида 2014 йилгача бўлган “Йўл ҳаритаси”ни ишлаб чиқишдан иборат.

Афғонистондаги Халқаро тинчликпарвар кучлар 2014 йилда бу мамлакатдан олиб чиқилганидан сўнг хавфсизликни таъминлаш вазифаси тўлиқ Афғонистон ҳукумати зиммасига ўтади.

Афғонистонга бағишланган Истанбул халқаро анжуманда Ҳиндистон, Франция ва Германия Ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, бошқа давлатлар вакиллари иштирок этиши режаланган.

Ўтган ҳафта ахборот агентликлари Истанбул анжуманида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қатнашиши тўғрисида хабар тарқатган эди.

Бироқ Истанбул учрашувларини бевосита кузатаётган Озодлик мухбири анжуманда Ўзбекистон раҳбари иштирок этмаслигини айтди.

- Туркия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ўзбекистон президенти анжуманга келмаслигини, йиғилишда фақат Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси қатнашаётганини айтди, - деди Озодлик мухбири Дориан Жонез.
XS
SM
MD
LG