Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:33

Украина ўзбек автомобилларига чеклов жорий этди


Асакадаги заводдан ҳар сафар машинанинг янги модели чиққанда, унинг тақдимоти албатта президент Каримов иштирокида ўтади.
Асакадаги заводдан ҳар сафар машинанинг янги модели чиққанда, унинг тақдимоти албатта президент Каримов иштирокида ўтади.

Украина вазирлар маҳкамасининг ўзбек автомбиллари импортига чеклов жорий этгани украин тадбиркорлари эътирозларига сабаб бўлди.


Бундан кейин Украинага Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллардан 3 донадангинасини олиб киришига рухсат берилади.

Украина Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарори жорий йил 15 ноябридан кучга киради ва бу тартиб 2014 йилгача амалда бўлади.

“Укравтопром” ижрочи директори Ефим Ҳазан Озодлик мухбири билан суҳбатда Киев ҳукумати қарорини Ўзбекистонда украин автомобиллари сотилишига тўсиқлар қўйилгани билан изоҳлади.

- Ўзбекистонда тўсиқлар ўрнатилган ва биз украин автомобиллари билан ўзбек бозорида қимирлай олмаяпмиз. Машиналарни етказа олмаяпмиз. Ўзбекистон томони тушунарсиз акцизларни қўйиб ташлаган. Бизнинг автомобилларга қўйилган акциз миқдори Россия автомобилларига қўйилган акциздан 14 баробар кўпроқ. Бу украиналик ишлаб чиқарувчиларга нисбатан дискриминациядан бошқа нарса эмас,- дейди “Укравтопром” раҳбари.

Ўзбекистон Украинадан импорт қилинаётган автомобиллар учун 69,9 фоиз, Россия автомобилларига 5 фоиз акциз солиғи белгилаб, украиналиклар учун тенг бўлмаган шароит яратган.

Халқаро савдо бўйича идоралараро комиссия Украина Вазирлар Маҳкамасига мотор ҳажми 2,2 литргача бўлган ўзбек автомобилларини уч йил давомида Украинага йилига уч дона олиб киришга рухсат беришни таклиф қилган эди.

Лекин, “Укравтопром” ижрочи директори Ефим Хазан ўзбек автомобиллари учун Украина бозори буткул ёпиб қўйилмагани, Ўзбекистон томони билан сўзлашувлар давом этаётганини айтади.

- Биз "Ўзавтопром" учун бозоримиз эшикларини буткул ёпганимиз йўқ. Биз Ўзбекистонда Украина автомобиллари сотилиши учун бир хил шароит яратилишини истаяпмиз, - деди Ефим Ҳазан.

Украина Ўзбекистондан Нексия, Матиз ва Ласетти русумидаги енгил автомобиллар импорт қилади.

Киевдаги AUTO-Consulting маълумотларига кўра, ўтган йилда Украина Ўзбекистондан 3109 та, жорий йилнинг 9 ойи давомида эса 5205та автомобил импорт қилган.

AUTO-Consulting раҳбари Олег Омелницкий Озодлик мухбири билан суҳбатда ўзбек автомобиллари Украина бозорида анча харидоргир бўлиб келганини, Украина Вазирлар Маҳкамасининг қарори тадбиркорларда жиддий эътирозларга сабаб бўлаётганини айтади.

- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар Украина бозорида муносиб ўринни эгаллаб келаётган эди. Украина автомобил бозорининг тўрт фоизи ўзбек автомобиллари ҳиссасига тўғри келган. Айниқса, DAEWOO Matiz автомобилига талаб анча катта бўлган. DAEWOO Nexia ҳам яхши сотилган ва Украина бозорида анча оммабоп машина саналган,- дейди Омелницкий.

Украина эса ЗАЗ-Ланос, ЗАЗ-Сенс машиналарини Ўзбекистонга экпорт қилади. Уларнинг Ўзбекистон бозорида сотилиши эса бармоқ билан санайдиган даражада.

Шунга қарамай, Украина келажакда Богдан-2110 автомобилларини ҳам Ўзбекистон бозорига олиб киришни мўлжаллаётган эди.

AUTO-Consulting раҳбари Омелницкий Украина ҳукумати ўзбек автомобилларига чеклов жорий этиш қарорини абсурд деб атади.

- Абсурд, чунки украин автомобиллари учун Ўзбекистонда бозор йўқ. Украина ҳали ўзбек бозорини етарли даражада эгалламаган. Ўзбекистонда акцизлар туширилгани тақдирда ҳам украин машиналари у ерда рақобатга дош бера олмайди ҳам. Тежамкор ўзбек машиналарига бизнинг автомобиллар бас кела олмайди. Мисол учун Matiz ни оладиган бўлсак, у 4000 доллар туради. Экспортга тайёрланган Запорожье Sens 7500 доллардан қимматроқ,- дейди Олег Омельницкий.

AUTO-Consulting раҳбарига кўра, ўзбек машиналарига жорий этилган чекловдан Запорожье автозаводи фойдаланиб қоладиган бўлди,
хитойлик импортерларга ҳам енгилликлар туғилади.

- Бизнингча, Украина томонининг қарори бозордаги бошқа ўйинчилар учун йўл очишга қаратилган. Сабаби анча харидоргир ўзбек автомобиллари Украина бозорида бошқа ўйинчилар учун жиддий рақиб бўлаётган эди. Ўзбек машиналари келмай қолса, бозордаги улушга Запорожье автозаводи ва Хитойнинг Сhery ва Geely лари эга бўлишади,- дейди Омелницкий.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларга нафақат Украинада, балки Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Молдова, Украина, Беларусда ҳам талаб юқори.

2010 йилда Грузия, Арманистон, Туркманистон, Афғонистон давлатларида ўзбек автомобиллари учун сотув шаҳобчалари очилди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган "Нексия" ва "Матиз" автомобиллари Россияда энг кўп сотилаётган хорижий русумлар ҳисобланади.

Автомобил ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ҳисоботига кўра, GM Uzbekistan ўзбек-америка қўшма корхонаси сўнгги тўққиз ой ичида Россияга енгил автомобил сотишни 31 фоизга оширган ва жорий йилнинг январ-сентябр ойлари оралиғида Россияга 71623 та турли хил Chevrolet машиналарини сотган.

ЎзДЭУавто ёпиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти базасида 2008 йилда ташкил этилган GM Uzbekistan қўшма корхонаси йилига 250 минг автомобил ишлаб чиқаради.

Лекин,Ўзбекистон жаҳондаги автомобил ишлаб чиқарувчи 28 давлатнинг бири бўлатуриб, ўзбекистонликларнинг ўзига автомобил етиштириб беролмаяпти.

- Машина дефицит. Одамлар навбатга туриб пулни тўлаяпти, лекин анча вақт кутиб қолишяпти. Нимага бундайлигини билмайман, балки машиналарни кўпроқ четга сотишаётгандир. Ахир ҳукуматнинг мақсади мамлакатга четдан кўпроқ валюта тушумини таъминлашку,- дейди тошкентлик Тохир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар ўзбекистонликларга ўзбек сўмида эмас, АҚШ долларига сотилаётгани харидорлар учун қўшимча қийинчиликлар туғдирмоқда.

- Шунга биз ҳам ҳайронмиз. Ҳозир Россиядан доллар келяпти, у ерда ишлаётган ака-укаларимиз жўнатяпти. Чўнтагимизда доллар бўлса ҳам машина олаолмаяпмиз. Йўқ машина¸ - дейди хоразмлик тадбиркор Матрасул.

Ўзбекистоннинг ички автобозорида машиналар нархи Россиядагидан ҳам юқори.

Таҳлилчилар фикрича, автомобиллар савдоси мамлакат юқори доираларидаги коррупция кўринишининг бир турига киради.

Ўзбекистонда четда ишлаб чиқариладиган бошқа тур машиналарни олиб киритилиши учун йирик миқдорда бож тўловлари жорий этилган.

GM Uzbekistan монополияса мамлакатдаги маҳаллий ҳаридорларга четдан бошқача машина олиш танловини қолдирмаган.

Яқинда Ўзбекистонга сафар қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Тошкентдаги GM Powertrain Uzbekistan ўзбек-америка қўшма корхонаси очилиши чоғи автомобил двигателлари ишлаб чиқаруви бу заводни икки давлат ҳамкорлиги тимсоли деб атади.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида тузилган “GM Uzbekistan қўшма” корхонаси учун замонавий ва экологик тоза автомобил двигателлари ишлаб чиқарадиган, қарийб 522 миллион АҚШ долларига тенг янги “GM Powertrain Uzbekistan” заводи келаси ойдан ишлай бошлаши айтилмоқда.

GM Тошкент вилоятида қурилган заводнинг 52 фоиз акцияларига эгадир, қолган 48 фоизи ЎзАвтосаноатга тегишли.
Унда GM Uzbekistan қўшма корхонаси машиналари учун йилига 225 минг дона турли ҳажмидаги моторлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Дунёнинг 18 мамлакатида енгил автомобиллар учун двигателлар тайёрланади. Энди Ўзбекистон ҳам бу давлатлар қаторига кириши мумкин.

Америкада чиқадиган National Post рўзномасининг ёзишича, Ўзбекистон “General Motors” нинг бешта йирик бозорларидан бири саналади. Бу бешликда Қўшма Штатлар, Бразилия, Хитой ва Канада мамлакатлари бор.
XS
SM
MD
LG