Линклар

logo-print

Бунга эса¸ Ўзбекистон парламентида турк миллат вакиллари билан мулоқот истаган бирор депутат топилмагани сабаб бўлган.

Янги таркибда иш бошлаган Туркия Буюк Миллат Мажлиси – парламенти беш давлатни парламентлараро дўстлик гуруҳлари тузилган мамлакатлар рўйхатидан туширди¸ деб хабар қилди 1 ноябр куни “Заман” нашри.

Анъанага кўра¸ парламентлараро дўстлик гуруҳлари мавжуд бўлиб келган бу беш давлат орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Туркия миллат вакиллари дунëдаги 110 давлат парламенти депутатлари билан бундай гуруҳлар ташкил қилишни давом эттиришга қарор берган бир пайтда¸ Исроил¸ Сурия¸ Ливия¸ Греция ва Ўзбекистон бу рўйхатдан туширилди.

Бу эса¸ кузатувчиларга кўра¸ Туркия-Ўзбекистон муносабатларидаги совуқлашувнинг янада кучайгани ифодасидир.

Туркия Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг асосий мухолифи Муҳаммад Солиҳга бошпана берганидан бери совуқлашиб бораëтган Тошкент-Анқара муносабатлари¸ кейинги икки-уч йил давомида янада кескинлашди.

Жорий йилда бу совуқлашувнинг янги ифодаси ўлароқ¸ Тошкентдаги Мустафо Камол Отатурк кўчасининг номи ўзгартирилиб¸ у Зарафшонга айлантирилди

Кейинги ярим йил давомида Ўзбекистонда Туркиянинг 50 ташкилоти ёпилди. Отатурк кўчасининг ўзгартирилиши кўча номларини тартибга солиш билан изоҳланса, Туркия капитали ҳисобига ишлаётган ташкилотларнинг ёпилишида уларнинг солиқ тўлашдан бўйин товлагани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Кейинги бир йил давомида ўнлаб турк тадбиркорлари Ўзбекистонда диний-экстремистик ғояларни тарғиб қилишликда айбланиб¸ ҳибсга олинди.

Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти намояндалари Туркия ташаббуси билан ўтказилаëтган учрашув ва анжуманларни бойкот қилишни тўхтатмаëтирлар.

Янги иш бошлаган Туркия Буюк Миллат мажлиси вакилларининг туркий тилли¸ қардош Ўзбекистонни Исроил¸Сурия¸ Греция каби Анқаранинг дипломатик муносабатлари ўта таранг давлатлар сафига қўшиб¸ ўзбек депутатлари билан дўстлик гуруҳи тузмасликка қарор қилганига оид янгилик ортидан Озодлик мухбири Туркия Буюк Миллат мажлисининг собиқ депутати ва Туркия собиқ давлат вазири Аҳад Андижонга боғланиб¸ турк миллат вакилларининг бу қарорини шарҳлашни сўради.

Суҳбат давомида жаноб Андижон¸ турк парламенти депутатларининг бундай қарорида фавқулодда бир жиҳат йўқлиги ва унинг Туркия ҳукуматининг Ўзбекистон билан алоқаларида жиддий бурилиш ясамаслигини англатишга уринди.

Аҳад Андижон билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG