Линклар

Рус миллатчиларидан калтак еб, қамалган муҳожирлар Европа судига мурожаат қилмоқчи


Россияда милициянинг рус миллатчилари ёнини олиши ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Россияда милициянинг рус миллатчилари ёнини олиши ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Москвада аввалига миллатчилар, кейин милиция ходимлари томонидан калтакланган ака-ука Юнусовлар Шчёлково туман суди томонидан айбдор деб топилгач, Россия судида топмаган ҳақиқатни Европа судидан қидиришга қарор қилди.


Бундан уч йил аввал рўй берган воқеада навоийлик ака-ука Иброҳим ва Рустам Юнусовлар содир этмаган жиноятлари учун ярим йил қамоқ жазосини ўтаб чиқди. Улар дастлаб миллатчилар, кейин эса ҳимоя излаб мурожаат қилган милициячилар томонидан калтакланади.

Бу ҳам етмагандай, рус тақирбошлари ва милициячилари ака-ука Юнусовларни телефон ўғрилаганликда айблайди, Шчёлково туман суди уларни айбдор, деб эълон қилади.

Воқеа тафсилотларини Озодлик мубирига Иброҳим Юнусовнинг ўзи гапириб берди.

- 2008 йилда биз бир ўртоғимизни кузатаётган эдик. Соат кечки 11:30 ларда Шчёлково тумани Соколовская станциясига чиқиб, электричкага кеч қолдик. Киссада катта пулимиз ҳам бор эди. Йўлга такси ушлаймиз, деб чиқятувдик 5-6 та местний боллар гап ота бошлади. Бўйлари келишган, катта-катта боллар экан. Беларус дўстимизни “Сен нега чуркалар билан юрибсан?”, дея ҳақорат қила бошладилар. “Бу бизнинг территория, сенлар чуркасанлар! Йўқол бу ердан!”, деб бақирди.

Озодлик: Мастмиди улар?

- Ҳаммасининг қўлида пиво бор эди. Биз йўлнинг нариги томонига қочиб ўтдик. Улар тўда бўлиб орқамиздан югурди. Диспетчерский домофонини босиб “Очинг, бизлар кирайлик, ҳақорат қиляпти, уряпти”, десам “Очмайман!”, деди ичкаридаги одам. Боллар ура бошлади мени, укамни. Машина келди ва ундан тушган одам укамни ура бошлади. Укамни бурнини уриб синдирган боланинг отаси Шчербаков экан. Укамни бурнини, иккита қовурғасини синдиришди. Милиция келиб бизларни олиб кетиб у ерда яна ура бошлади,- дейди Иброҳим Юнусов.

Унинг айтишича, уларни бўлимга олиб келган милиция ходимлари шу куни ўз байрамларини нишонлаб ўтирган ва деярли ҳаммаси маст ҳолатда бўлган.

- Билмасам, ўша куни День уголовного розиска эди, улар ҳам кайфи бор эди-да. Улар Шчербаков билан бир-бирини танир экан, ўртоқ экан. Очний ставкада урган боланинг отаси очиқчасига “Мен милиция ходимларини шахсан биламан”, деб айтди. Қисқаси, биз айбдор бўлиб қолдик. 2008 йил октябдан 2009 йил апрелгача ярим йил ўтириб чиқдик укам билан.

Озодлик: Нима айб қўйилган сизларга?

- Телефонини ўғирлабмиз. Гап шундаки, Шчёлково суди менга бир йил условно берди. Ярим йил ўтириб чиққаним учун ҳозир жавоб берди. Менга иккита статья босди-да: биринчиси, 3 октябр куни, яъни биз калтакланган кунимиз Шчербаков “Ўғлимнинг киссасидан телефон ўғирлади”, деди, бир ҳафта олдин – отасини телефонини ўғирлади, деди,- деб эслайди калтакланиб телефон ўғрисига чиқарилган навоийлик Иброҳим Юнусов.

2009 йил апрел ойидан буён ҳеч қаерга чиқиб кетмаслик шарти билан Шчёлковода меҳнат қилишни давом этаётган Иброҳим ва Рустам Юнусовлар иши юзасидан топширилган шикоят аризаси куни-кеча юқори инстанция суди томонидан ўзгаришсиз қолдирилди.

“Кассация суди Шчёлково судининг қарорини ўзгаришсиз қолдириб, аслида жабрланган ака-укаларни айбдор деб топган қарорни ўз кучида қолдирди”, дейди Озодликка ишни кузатиб бораётган Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова.

- Бу ишнинг абсурдлиги аниқ кўриниб турганига қарамасдан, судя уларни айбдор деб топди. Лекин уларнинг тергов изоляторида ўтириб чиққан вақтини ҳисобга олди ва уларни озодликда қолдирди, шунисига ҳам раҳмат. Ахир прокурор уларга 7 йиллик қамоқ жазосини беришни сўраган эди! 3 йил давомида Юнусовлар нафақат катта миқдорда ҳаражатларга тушди, уларнинг соғлиги жуда ёмон аҳволда: аввалига миллатчилар, кейин милиция томонидан калтакланган Иброҳим бошида суюқлик йиғилиб қолган, Рустамнинг бурни, қовурғалари синиб кетган. Биз бу иш юзасидан энди Европа судига шикоят қиламиз,- дейди Анастасия Денисова.

Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, судлар оммавий ахборот воситаларида Юнусовлар иши кенг ёритилгани боис ака-укаларни қамоққа ташлаш ҳақида қарор чиқаришдан қўрққан. Денисовага кўра, судя Шчербаков “ўғирланган” телефонидан бир неча кун давомида бемалол қўнғироқ қилиб юрганига, ўзбеклар калтакланаётганини кўрганларнинг гувоҳликларига ҳам эътибор бермаган.

“Лекин, Юнусовлар озодликда қолганига жуда хурсандмиз!”, дейди “Фуқаровий кўмак” ташкилоти мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова.

Иброҳим Юнусов 2008 йилдан буён Россия фуқароси, Шчёлковода инженерлик компаниясида монтажчи бўлиб ишлайди. Оилали, икки нафар фарзанди у билан бирга Шчёлковода истиқомат қилади. Навоийдан акаси олдига пул топиш илинжида иш излаб келган Рустамнинг Ўзбекистонда икки нафар фарзанди қолган.

------------

Юнусовларни калтаклаганликда айбланаётган милиция ходими суд жараёнида “Нега Юнусовлар милиция бўлимида калтакланди?”, деган саволга “Биз Юнусовларни урмадик, чунки улар аллақачон калтакланган эди”, дея жавоб берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG