Линклар

logo-print

Пора берувчилар ким?

"У ëки бу хориж давлатида бизнес қилиш ва фойда олиш учун Хитой ва Россия ширкатлари пора беришдан қайтмайдилар¸ бу амалиëт ҳам хусусий¸ ҳам давлат ширкатларига бирдек тегишлидир"¸ дейилади маркази Берлинда жойлашган Transparency International ташкилотининг 2 ноябр куни эълон қилинган янги тадқиқотида.

“Пора берувчилар индекси” деб номланган тадқиқот хулосаси дунëнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган 28 давлатидаги 3016 бизнес ширкати етакчилари билан хос суҳбатларга асосланади.

Ҳолландия¸ Швейцария¸ Белгия¸ Германия ва Япониядаги йирик бизнес бошқарувчиларининг аксар кўпчилиги хорижий давлатда фаолият юрғизиш¸ даромадли бозорга кириш учун пора бермасликларини билдирган бўлса¸ Индонезия¸ Мексика¸ Хитой ва Россия бизнесменлари манфаатли келишувларни қўлга киритиш учун керакли одамларга пора беришдан қайтмасликларини таъкидлаганлар.

Дунë бўйлаб коррупцияга қарши курашиб келаëтган Transparency International ташкилотига кўра¸ пора миқдори бизнес тури ва ундан келадиган даромад ҳажмига боғлиқ ва энг кўп пора қурилиш¸ кўчмас мулк¸ ҳамда нефт ва газ соҳасидадир.


Рус ва Хитой ширкатларидан пора олаëтганлар ким?

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистондаги кўп миллиард долларлик нефт ва газ¸ шунингдек йўл ва катта иншоотлар қурилиши юзасидан ўтказилган тендерларда айнан Россия ва Хитой ширкатларининг ютиб чиқаëтгани расмий хабарларда қайд этилади.

Бугунга келиб ўзбек иқтисодига сармоя олиб кираëтганлар ҳам айни шу икки давлат ширкатлари экани инобатга олинса¸ Transparency International “дунëнинг энг кўп пора берувчилари” деб таснифлаган Россия ва Хитой тадбиркорларининг порани кимга бераëтгани ҳам қисман ойдинлашади.

Transparency International ширкатининг Россия бўйича таҳлилчиси Елена Панфиловага кўра¸ Россия бизнес зеҳниятида ҳали-ҳамон пора бермасдан ҳам иш қилиш¸ даромад олиш мумкин¸ деган фикр заифлигича қолмоқда ва шу боис улар хориж ҳудудида фаолият бошлар экан¸ керакли одамларни топиб¸ улар оғзини мойлаш амалиëтидан воз кечишни хаëлига ҳам келтирмаëтир.

- Россия бизнеси ҳозирча ҳам мамлакат ичкариси¸ ҳам ташқарисида коррупцион схемалар асосида иш юритишнинг на ахлоқ ва на қонун доирасига тўғри келмаслиги¸ бунинг оқибатлари ëмон бўлишини ўз танасида ҳис қилиб кўргани йўқ¸ дейди Transparency International таҳлилчиси Россия бизнесининг иқтисодий қуввати кучли 28 давлат рўйхатида энг кўп пора берувчи¸ деб топилганини изоҳлай туриб.

“Ғарб давлатларида хусусий ëхуд давлатга қарашли эканидан қатъий назар¸ агар бизнес гуруҳининг хорижда кимгадир пора бергани аниқланса¸ бу қонун бўйича жиддий жазога тортилади. Бундай қонун Россияда 2011 йилнинг май ойида қабул қилинди ва ҳозирча унинг амалда ишлаëтганини кўрсатувчи бирор мисол йўқ”¸ деб қўшимча қилади Елена Панфилова.

Кимга, қанча ва нега???

Мустақил иқтисодчи Саодат Нишоновага кўра¸ Россия қонунчилигидаги бу заифликдан ташқари хориж бизнесининг аксар постсовет ҳудудлари¸ хусусан Ўзбекистон каби жозибадор ва каттагина бозорга кириш эшигини очиш учун пора беришдан ўзга йўли йўқлиги ҳам¸ русларни энг кўп пора берувчи сармоядорларга айлантирмоқда.

- Ўзбекистон ҳудудига кириб¸ бу ерда ўз молини мўмайгина¸ аниқроғи монополия шароитида сотиш истиқболини қўлга киритиш учун хорижий тадбиркор тузиладиган келишув миқдорининг 30 фоизидан 50 фоизигача “откат” қилиб беришга мажбур. Бу жараëнда жуда катта пул айланади.

Откатни олган амалдорлар хориж ширкатини келишилган вақт ичида “крышоват” қилиш ва унинг ўз молини ўзи белгилаган нархда сотишига рухсат беришни ваъда этади. Ким бундай ваъда бериши мумкин – албатта¸ бу ишни фақат юқори¸ энг юқори давлат амалида ўтирган шахсларгина қилиши мумкин. Чунки откат берган ширкатга бундай ваъда бериш учун “крыша”да бу бозорга киришни хоҳлаган бошқа ширкатлар учун маъмурий тўсиқлар яратиш имкони¸ яъни улкан маъмурий ҳокимият бўлиши керак¸ дейди Ўзбекистон давлат тизимларида ишлаган иқтисодий таҳлилчи.

Откатнинг бирламчи эгаси - "Оила"

Данияда рўйхатдан ўтган P.Jahn General Products Limited ширкати ҳозирда дунëнинг ўттиздан ошиқ давлатида фаолият юрғизади. 90-йиллар ўртасида бу ширкат Ўзбекистонга ҳам сармоя кирғизиб¸ бу ерда фаолият бошлади. “Аммо бир неча йил ўтгач¸ мамлакатда илдиз отиб¸ томир ëйган “откат” ва “бўлишиш” сиëсати боис¸ Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлдим”¸ дейди ширкат директори Poul Jahn Озодлик билан суҳбатда.

- Ўзбекистонда бизнес қилиш учун сиз махсус имтиëзларга эга бўлишингиз керак. Бунинг энг асосий қоидаси¸ “оила” билан ишлашдир. “Оила” дер эканман¸ мен Каримовлар оиласини назарда тутаëтганимни очиқламоқчиман.

Мен Ўзбекистонда иш бошлаганимда¸ бизнес қоидалари бошқача эди ва Тошкент амалдорлари биздан очиқчасига пора талаб қилишдан чўчир эдилар. Аммо бугунга келиб¸ қоидалар буткул ўзгарган ва “оила”га откат бермасдан¸ даромадни “оила” билан баҳам кўрмасдан бизнес қилиб бўлмай қолган. Мен айни шу қоидага кўнмаганим учун Ўзбекистондан чиқариб юборилдим¸ мен фақат қонун доирасида ишлаб¸ ҳеч кимга¸ ҳеч кимга¸ яна қайтараман ҳеч кимга пора бермадим¸ дейди Ўзбекистондан чиқариб юборилган даниялик йирик тадбиркор.

“Бу жуда ачирнарли ва таҳликали жараëн¸ зотан Ўзбекистонда бугунга келиб ҳалол рақобат асосида бизнес қилишга қодир Ғарб¸ Европа ширкатлари деярли қолмади. Глобаллашиб бораëтган ҳозирги дунëда Ўзбекистоннинг тараққий қилиши учун эса¸ хориж сармояси ўта муҳим”¸ деб қўшиб қўяди жаноб Jahn.

Нега Россия ва Хитой ширкатлари Ўзбекистонда "фаол"?

Ўзбекистон расмий статистикасига кўра¸ бугунга келиб Россия ва Хитой ширкатлари мамлакат иқтисодига энг катта сармоя ëтқизмоқда. Норасмий манбалар эса¸ бу бозор бизнес келишуви учун миллионлаб доллар пора беришдан чўчигани боис¸ аслида Ғарб ширкатлари учун ëпиқлигини айтадилар.

- Ғарбда пора эвазига қўлга киритилган келишув сири эртами-кечми ошкор бўлади. Кимдир бунга ишонмаса¸ мен уларга Siemens ва DAIMLER ширкатлари тажрибасига бир қараб қўйишни тавсия этаман¸ дейди Transparency International ширкатининг Россия бўйича таҳлилчиси Елена Панфилова.

2010 йилда АҚШ Адлия вазирлиги “DAIMLER AG” ширкатини ўзи ишлаб чиқарган Мерседес машиналарини сотиш бўйича шартномаларни қўлга киритиш учун хориж ҳукуматлари, жумладан Ўзбекистон расмийларига пора берганини фош этган эди.

2003-2008 йиллар оралиғида ўз қимматбаҳо автомобилларини сотиш учун Ўзбекистон расмийларига камида 1¸5 миллион евро миқдорида “откат” тўлаган “DAIMLER AG” ширкати ишни судга ошмасдан босди-босди қилиш учун АҚШ ҳукумати билан муроса келишувини имзолаб, 185 миллион доллар миқдорида жарима тўлаган эди.
Айни шундай¸ жорий ëзда Люксембургда рўйхатдан ўтган Tenaris SA ширкати ҳам “Ўзбекнефтегаз” ширкати билан газ қувурлари юзасидан келишув тузиш учун Тошкент амалдорларига бир неча миллион долларлик откат тўлаганига иқрор бўлганидан сўнг¸ 10 миллион АҚШ долларига яқин жарима тўлашга мажбур қолган эди.

Россия ва Ғарб ширкатларининг Ўзбекистон каби иқтисод маъмурий асосда бошқарилгани боис ўта коррупциялашган давлатларда иш юритишидаги тавофут¸ ғарбдагиларнинг тоза ëки инсофлилигида эмас¸ балки улар юритадиган бухгалтерия усули ва қонунчиликнинг бунга имкон қолдирмаслигидадир¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Саодат Нишонова.

- Ғарб давлатларидаги молиявий ҳисоб бериш ва солиққа тортилиш тизими Ғарб ширкатларининг хорижда бизнес қилиш учун откат тўлашларига йўл бермайди. Откат¸ одатда бизнес бошлашдан олдин¸ нақд берилиши керак.

Ғарб ширкати бухгалтери ҳар бир тийиннинг ҳисоб-китоби қилинадиган бир шароитда ҳеч қаерда қайд этилмаслиги керак бу улкан маблағни қаердан олади¸ бунинг деярли иложи йўқ. Россияда эса¸ бухгалтериянинг бошқача усули бор. Боз устига¸ Ўзбекистонда катта бизнес қилаëтган Газпром каби ширкатларнинг давлатга қарашли эканини унутмаслик керак. Ўзбекистон бозорини эгаллаш ҳақида сиëсий кўрсатма берилган жойда¸ улардан бошқача ҳисоб сўралади¸ дейди ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи.
XS
SM
MD
LG