Линклар

logo-print

Турклар “гастарбайтер” бўлганига 50 йил тўлди


Германия канцлери Ангела Меркелга кўра, кеча ўтказилган байрам тантаналари бундан 50 йил муқаддам Туркиядан Германияга келганларга миннатдорчилик белгисидир.

Германия канцлери Ангела Меркелга кўра, кеча ўтказилган байрам тантаналари бундан 50 йил муқаддам Туркиядан Германияга келганларга миннатдорчилик белгисидир.

Бундан ярим аср муқаддам Германия Федератив республикаси ва Туркия ўртасида меҳнат мигрантлари тўғрисида шартнома имзоланган эди.

Ўшандан буён турк гастарбайтерлари – меҳмон ишчилар – Озодлик тингловчиларидан бирининг ибораси билан айтганда, “гострбой”ларга айланди.

Фақат туркларга қолганда “гострбой” сўзининг иккинчи қисми – “бой”га урғу бериш тўғри бўлади. Ўрта ер денгизининг “Туркия ривьераси” деб аталаётган соҳилидаги минглаб меҳмонхоналардан кўпчилигини Германияда ишлаб топилган пулга ўша гострбойлар қурган, дейишади.

Биргина Алания шаҳарчасида 800 та кўпқаватли меҳмонхона борлигини назарда тутсак, ҳар йили 10 миллионга яқин туристни Туркия қаерга сиғдираётганини тасаввур қилиш мумкин.

Германия ва Туркия ўртасида меҳнат мигрантлари тўғрисидаги шартнома 1961 йилнинг 30 октябрида Германия пойтахти Бонн шаҳрида имзоланган эди. Шартномани имзолаш ташаббуси Туркиядан чиққанди.

Озодлик радиоси рус хизмати мухбири Александр Хавронинга кўра, тилга олинган ҳужжатга Германия билан Италия ўртасида 1955 йили тузилган шартнома андоза қилиб олинган.

Ўша йиллари бундай шартномани Германия нафақат Италия ва Туркия, балки Греция, Югославия, Марокаш, Португалия, Испания ва Тунис билан ҳам имзолаган.

Германияни ҳам, туркларни ҳам ўзгартириб, балки қарийб ўзгартириб юборган ҳужжатнинг 50 йиллиги шу кунларда Германияда нишонланмоқда.

Сана муносабати билан ўтказилган тантаналарда иштирок этган Германия канцлери Ангела Меркель, шартнома имзоланганидан кейинги дастлабки йилларни назарда тутар экан, жумладан қуйидагиларни айтди:

- Ўшанда Туркиядан ГФРга айнан қанча одам келганини айта олмаймиз. Лекин бир миллионнинг атрофида келган, деб ҳисоблаб юрамиз. Кўпчилик бир неча йилдан сўнг ватанига қайтиб кетди. Қолганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилди. Ўтган йиллар давомида Германияда турк жамоаси пайдо бўлди. Бугун ўтказилаётган байрам тантаналари ўша йилларда Туркиядан Германияга келганларга миннатдорчилик белгисидир. Улар ўзлари кўникиб қолган муҳитдан воз кечиб, оилалари, дўстларини ташлаб, қарорлари қатъий эканлигини жасурлик билан намоён қила олдилар, узоқ ва бегона, тили ва маданияти бошқа юрт - Германияга келдилар. Бу қўрқмас кишилар ташлаган қадам эди...

Айни пайтда Анқара назарида Германияда яшаётган туркларга муносабат ва умуман, Европа Иттифоқининг Туркияга муносабати кўнгилдагидай эмас.

Германиядаги тантаналар арафасида Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Германия ҳукуматини танқид қилди.

“Бильд” газетасига берган интервьюси чоғида Эрдўғон: “Германия туркларга хавф манбаи, деб эмас, балки бойиш манбаи, деб қараши керак”, деди.

Эрдўғонга кўра, Германияда яшаётган турклар она тили сифатида турк тилини, немис тилини эса иккинчи тил сифатида ўрганишлари лозим.

Ангела Меркель ўз чиқишида иммигрантларни Германия жамиятига интеграциялаш масаласига ҳам тўхталди. Унинг айтишича, 2005-2010 йиллар орасида иммигрантларни интеграциялаш курслари учун Германия ҳукумати бир миллиард евродан кўпроқ маблағ сарфлаган.

Маълумотларга қараганда, шу кунда Германияда 3 миллион нафаргача турк яшайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG